Марказий банк тадбиркорлар манфаатини кўзлаяпти, лекин…

0
2104

Барчамизга яхши маълумки, Марказий банк Бош¬қаруви қайта молиялаш ставкасини 2018 йилнинг 25 сентябридан 2 фоизга ошириб, йиллик 16 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. Аслида бу кўрсаткич 2017 йилнинг 24 июнига қадар 9 фоиз эди. Яъни, бир йил аввал қайта молиялаш ставкаси 3 фоизга оширилиб,14 фоизгача кўтарилган эди.

МБнинг ана шундай қарори юзасидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ўтган йили ҳам турли фикрлар билдирилганди. Мазкур мунозара галдаги оширишдан кейин қайта жонланди. Албатта, бу баҳсда ҳар бир мутахассис ёки журналист, ишбилармон ёхуд блогер кун тартибидаги мавзу юзасидан шахсий мулоҳазаларини баён этаётгани шубҳасиз.

Лекин биз муҳокамадаги масалага сал бошқачароқ ёндашмоқчимиз. Айни жараён билан боғлиқ ютуқ ва камчиликларни Ўзбекистон Либерал-демократик партияси электорати ҳимояси нуқтаи назаридан кўриб чиқмоқчимиз. Шунинг учун ҳам дастлаб янгилик ташаббускори бўлган Марказий банк мутасаддиларига қуйидаги савол билан мурожаат қилдик:
“Қайта молиялаш ставкасининг оширилиши O‘zLiDeP электорати бўлган тадбиркорларга қай даражада таъсир кўрсатиши мумкин?”
Марказий банк масъул ходими Асқар Ҳайдаров бизга бу борада расмий хат билан мурожаат қилишимиз кераклигини айтди. Қонунчиликка кўра, ёзма, оғзаки ва электрон мурожаатлар бир хил кучга эга эканлигини урғулаганимиздан кейин¬гина вазият юмшади. Ниҳоят, жавобни олдик. Марказий банкнинг қатъий талабига биноан ушбу муносабатни ўзгаришсиз эътиборингизга ҳавола этамиз:
“Амалга оширилаётган пул-кредит сиёсатининг асосий мақсади ички нархлар барқарорлигини таъминлаш орқали мамлакатда мақроиқтисодий барқарорликни мус-таҳкамлаш ва қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга хизмат қилиш ҳисобланади.

Инфляцион босимнинг ошиши шароитида келгусида инфляция даражаси ўсишини олдини олиш мақсадида Марказий банк томонидан кўрилаётган чоралар, пировардида инфляция даражасини  пасайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун қулай бўлган иқтисодий ва инвестицион муҳитни яратишга қаратилган. Бу чоралар, аҳоли ва бизнес вакиллари даромадларининг харид қобилиятини сақлаб қолиш ҳамда иқтисодий, шу жумладан инвестицион қарорларни қабул қилишлари учун барқарор шароитларни яратишга хизмат қилади. 

2018 йилнинг 1 октябридан бошлаб жорий этиладиган тижорат банкларининг Марказий банкда сақланадиган мажбурий резервлари бўйича янги нормативлар, жалб қилинадиган депозитлар бўйича фоиз ставкалари ошган шароитда ҳам банкларга фоиз юкламасини пасайтириш имконини бериб, кредитлар бўйича ставкаларни ошириш заруратини камайтиради.

Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларига ажратилаётган кредитнинг қарийб ярми давлат дастурлари доирасидаги кредитлар ҳиссасига тўғри келиши ҳисобга олинса, қайта молиялаш ставкасининг ўзгариши кредитлар бўйича фоиз ставкаларига катта таъсир кўрсатмайди.

Таъкидлаш жоизки, юқори инфляцион босим шароитида депозитлар бўйича фоиз ставкаларининг пастлиги уларнинг банк тизимидан чиқиб кетишига олиб келиб, уларни истеъмол фойдасига қайта тақсимланиши ёки ички валюта бозорига қўшимча талабни шакллантириши мумкин. Ўз навбатида, банк тизимидаги муддатли депозитлар ҳажмининг камайиши банкларда кредитлар мақсадлари учун мўлжалланган молиявий ресурлар ҳажмининг камайишига, ва натижада, кредитлар бўйича фоиз ставкаларни ошишига олиб келиши мумкин.

Айни пайтда қайта молиялаш ставкаси бўйича қабул қилинган қарор ушбу вужудга келиши бўлган муаммонинг олдини олишга қаратилган бўлиб, банк тизими ресурс базасини мустаҳкамлашга ва иқтисодиётни тегишли кредит ресурслари билан таъминлашга хизмат қилади.

Нодир Ачилов, Марказий банкнинг Пул-кредит сиёсати департаменти бошқарма бош¬лиғи ўринбосари”
Бу жавобни изоҳлашга шошилмаймиз. Лекин Марказий банкнинг юқорида келтирилган қарори юзасидан партиямиз электорати вакилининг билдирган ушбу муносабатига ҳам эътибор қаратайлик-чи:

Бобиржон РАСУЛЕВ,
Халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман Кенгаши депутати, “Эртак ширинликлари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:
– Марказий банк ставкани тушириш ўрнига оширганини мантиқан тушуниш қийин бўлмоқда. Уларнинг мутахассислари томонидан МБ сайтида берилган тушунтиришда инфляция даражасининг 16-17 фоиз атрофида бўлишини башорат қилишидан бошқа бирор бир жўяли асос топа олмадим. Яна бир важ қилиб инфляция даражасини пасайтириш мақсад қилиб қўйилгани келтирилган. Ахир яна 2 фоиз оширилишининг ўзи инфляция даражасини Марказий банк тан олгани ва бошқаларга ҳам маълум қилгани эмасми?
Тадбиркор бу вазиятдан чиқиши учун ё маҳсулотининг нархини ошириши, ё ўша 2 фоиз зарарни ўз бўйнига олишига тўғри келади. Икки ҳолда ҳам тадбиркор ва истеъмолчи зарар кўради. Бу зарар эса ўз навбатида худди ўша инфляция даражасининг янада ошишига олиб келади. Хул¬лас, Марказий банк республика банкларини зарардан сақлаб қолиб, бу зарарни тадбиркорлар ва истеъмолчилар гарданига илмоқчи, деган фикр шаклланади. Бундан ташқари, нарх-наволарнинг ошишига олиб келади.Марказий банкнинг бу қарори тадбиркорларга бирор-бир фойда келтиради, деб ўйламайман. Сабаби, масалан, ишлаб чиқарувчи сифатида 2-3 йил олдин олган кредитимиз учун банкка йиллик 19 фоиз тўлаган бўлсак, ҳозир расман йиллик 30 фоиз тўлашга тўғри келмоқда эди. Қайта молиялаш ставкаси оширилгач, бу кўрсаткич 32-35 фоизгача етиши мумкин. Истеъмол кредитлари ва микроқарзлар эса бундан ҳам юқори кўтарилиши кутилади. Албатта, бозор иқтисодининг ўзига яраша қонунлари ва тамойиллари бор. Лекин ҳозирги кунда энг долзарб масала тадбиркорликни ривожлантириш бўлиб турган вақтда Марказий банк ҳам тадбиркорлар манфаатини ўйласа мақсадга мувофиқ бўлар эди…
Хўш, бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоларининг муносабати қандай?
Депутат бўлишдан аввал Марказий банк тизимида хизмат қилган Муродилла ТУРСУНОВнинг фикр-мулоҳазаларини ўқиймиз:
“Қайта молиялаш ставкаси – Марказий банк ва тижорат банклари ўртасида кредит ва депозит операцияларида қўлланиладиган ставка ҳисобланади. Қайта молиялаш ставкасининг оширилиши, биринчи навбатда, инфляцион кутилмалар ва ташқи инфляцион омилларнинг кучайиши билан боғлиқ хатарларни минималлаштиришга қаратилган.

Аввало, қайта молиялаш ставкасининг оширилиши иқтисодиётнинг ўсиш суръатига ижобий таъсир кўрсатади. Иқтисодиётнинг асосий тармоқлари бўйича белгиланган таркибий ислоҳотлар ва давлат корхоналарининг босқичма-босқич барқарор даромадлилик кўрсаткичларига чиқиши, 2019 ва ундан кейинги йилларда ЯИМ реал ўсиши суръатларининг ошишига ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, қайта молиялаш ставкасининг оширилиши миллий валютамиз сўмнинг қадрини мустаҳкамлайди, аҳоли ва юридик шахсларнинг банклардаги депозитлари ҳажмининг ошишига ижобий таъсир кўрсатади.

Иккинчидан, банкларда жалб қилинган депозитлар ҳажмининг ўсиши (фоиз тўловларининг ошиши натижасида), ўз навбатида, узоқ муддатли ресурс базасининг кенгайишига замин яратади ва мос равишда иқтисодиётни барқарор инвестицион ресурслар билан таъминлашга хизмат қилади. Қайта молиялаш ставкасининг оширилиши мажбурий резервларни шакллантириш механизмини ўзгариши билан бир қаторда, депозитлар бўйича ижобий реал фоиз ставкаларини таъминлаш орқали сўмдаги жамғармаларнинг жозибадорлигини ҳамда истеъмол ҳажмининг мувозанатли ўсишини қўллаб-қувватлайди ва шу орқали банк тизимидан пул ресурслари чиқиб кетиш хатарини пасайтиради”…

Шу ўринда бизга олис ва яқин давлатларда қайта молиялаш ставкалари қандай деган савол туғилиши табиий. Бу кўрсаткич АҚШда 0,75, Европа Иттифоқида 0, Россия Федерациясида 10, Украинада 12, Белорусь Республикасида 13 фоизни ташкил этар экан…

Ҳар қандай шароитда ҳам биз халқимиз менталитетидан, шахсий кузатувларимиздан келиб чиқиб фикрлаймиз. Нима бўлмасин, яхшиликка дейишга, ўзгаришларни эзгуликка йўйишга ўрганганмиз.

Хулоса эса ҳар доимгидек ўзингиздан, азиз муштарийлар!
Озод РАЖАБОВ,
XXI asr” мухбири

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг