9 август куни Мали шимолининг Нигер билан чегарасидаги тўртта қишлоқда террорчилик ҳужумлари содир этилди. Оқибатда 48 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Anadolu Agency” нашри хабар бермоқда.
Теракт содир этилган Ансонго коммунаси губернотори ўринбосари Оумар Киданинг таъкидлашича, қуролланган террорчи гуруҳлар Уатагуна туманидаги қишлоқларга ҳужум уюштиришган.
Унинг маълум қилишича, қуролланган террорчи гуруҳлар Малининг Ансонго коммунасининг тўртта қишлоғига ҳужум қилишган. Жумладан, Кару қишлоғига қилинган ҳужумда 17 нафар, Диргуада 7 нафар, Деотегуефда 14 нафар ва Уатагунада 10 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. Кўплаб маҳаллий аҳоли оғир жароҳатланган.
Шундан сўнг, Малининг вақтинчалик Президенти Ассими Гоита ҳужумларни кескин қоралаган ва минтақада антитеррор операция бошланганини маълум қилган.
Хабарга кўра, Гоита Twitter’да Мали халқи терроризмга қарши курашда янада қатъият кўрсатиши кераклигини таъкидлаб ўтган.
Шунингдек, Президент ҳужумда ҳалоқ бўлганлар учун уч кунлик мотам эълон қилган.