Мактаб формаси ва рўмол: унинг ўртасидаги чегара қаерда?

0
700

Ижтимоий тармоқларда кўзимиз тез-тез тушаётган мавзулардан бири таълим муассасалари раҳбарларининг рўмолини томоғидан ўраб юрувчи қизларга рўмолини орқа тарафдан ўраш ёки мактабга кирмаслик талабини қўяётганлигидир.

Нега ўқувчи-қизлар мактабга рўмол ўраб келганлиги учун улар дарсларга қўйилмаяпти, нега мактаб раҳбарлари формада келишни талаб қилмоқда. Мактаб формаси нима? Умуман либоснинг инсон ҳаётидаги ўрни қай даражада?

Либос дейилганда ҳаммамиз   кийиниш маданиятини ёдга оламиз. Инсон ўзининг келиб чиқиши, миллати, дини ва урф-одатларидан, жамиятдаги ўрнидан, шунингдек ўз диди ва дунёқарашидан келиб чиқиб кийим танлайди ва кийинади.

Жамиятда юриш-туриш қоидалари, одамийлик туйғулари, уят ҳисси каби тушунчалар мавжуд. Ҳар қандай ўзини ҳурмат қилган киши албатта кийиниш маданиятига риоя этиши, ўзига қулай, бошқалар олдида ноқулай вазиятга тушиб қолмайдиган даражада кийиниши лозим.

“Azon.uz”да Баҳринисо Мадумарова ўзининг “Рўмол чанг артадиган латта эмас –янгиерлик мактаб директори ва ўқувчи қиз можароси” мақоласида шундай фикрларни илгари суради.

“Қизиқ жамиятда яшаймиз. Орадаги тўсиқларни йўқотишни эмас, борини мустаҳкам қилишни ўйлаймиз. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва турли тадбирларда миллий анъана, қадрият ва менталитетларимиз ҳақида бонг уриб гапирамиз-да, аммо унга амал қилишга келганда эса… барчаси кўр-кўрона, ҳисобот учун, «юқоридагилар»нинг кўзига яхши кўриниш мақсадида қилинаётгани баъзи кезларда яққол сезилаб қолади. Афсуски, биз мана шу иллатлардан холи бўлолмаяпмиз.

Сўнгги кунларда рўмол билан боғлиқ воқеалар яна жамоатчилик диққат-марказида бўлиб турибди. Соқол қўйиш, рўмол ўраш атрофида кўплаб муҳокамалар юзага келмоқда. Аввало, инсон қилаётган ишининг моҳиятига эътибор бериши лозим. Хўш, рўмол нега ўралади? Ҳаё, иффатни асраш учун, номаҳрамнинг кўзи аёлнинг, қизнинг очиқ жойларига, ҳатто бошию сочига ҳам тушмаслиги учун. Аслида, сочини ёйиб, бошяланг юриш момоларимиз, оналаримиз учун уят саналган. Рўмол бизга чет элдан эмас, она-момоларимиздан қолган мерос. Биз рўмол ўрашни телевизор кўриб, турк сериалларини кўриб эмас, улуғларимизга қараб ўрганганмиз. Ўзбекнинг ўз рўмоли бор, азалдан.

Рўмол масаласи анчадан бери кенг жамоатчиликни ташвишга, аламга солиб келаётган, тезда ечими топилиши зарур бўлган долзарб масалалардан биридир. Буни унга қарши кураш кампанияси ёрдами билан эмас, ҳукуматга ҳам, халққа ҳам манфаатли бўлган чора-тадбирларни амалга ошириш орқали ҳал этиш керак.

Зеро, рўмол муаммоси мамлакатимиз хавфсизлиги ва жамият осойишталиги учун қайғуришда, ўзаро тотувлик ва ҳамжиҳатлик руҳини қарор топтиришда, миллат ахлоқини, миллат оналарини ҳимоялашда муҳим масала. Бу ишга бепарволик билан муносабатда бўлиш, беписандлик билан қараш таназзулга юз тутишдан бошқа нарса эмас.

Миллийликни йўқотмайлик. Зеро, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ўзбекнинг рўмолига ҳеч ким қарши чиқа олмайди, ҳеч кимнинг бунга ҳақи йўқ, деб” якунлайди ўз мақоласини муаллиф.

Мактаб таълим-тарбия ўчоғи. Баъзи ўқувчи-қизларнинг  мактабга рўмол ўраб келиши уларни яхши ўқиши учун монеълик қилмайди. Рўмолга қарши чиқаётган мактаб раҳбарларининг баҳонаси ҳам тайёр. “Мактабнинг ўз ички-тартиб қоидалари, шунингдек, “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бор. Шунингдек,  худди шу қарорга илова қилинган “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисида”ги низомда асосан таълим муассасаларида соғлом ижтимоий-психологик муҳитни шакллантириш, ёш авлодга замон талаблари ва миллий қадриятлар асосида таълим-тарбия беришга кўмаклашиш, ўқувчилар ўртасида ўзаро ижтимоий тенглик тамойилларини қарор топтириш, таълим муассасаларида ўқувчиларнинг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўлиқ риоя этишларини тартибга солиш, ўқувчиларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ёт бўлган «оммавий маданият» хуружларидан ҳимоя қилишга кўмаклашиш мактаб формасини жорий этишнинг  асосий вазифалари сирасига киритилган. Мактабда худди шу ҳуқуқий ҳужжатлар асосида иш олиб борамиз, – дейди мактаб директорлари.

Фото: Шарифа МАДРАҲИМОВА

Низомда ҳам ўқувчилар ўртасида ўзаро ижтимоий тенглик тамойилларини қарор топтириш, ўқувчиларнинг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўлиқ риоя этишларини тартибга солиш дейилган. Битта ўринли савол туғилади? Мактабга рўмол ўраб келган ўқувчи-қиз одоб-аҳлоқнинг қайси тамойилини бузди? У миллий қадриятларимизни қайси бандидан четга чиқди? Ахир рўмол ўраш бизнинг миллий қадриятларимиздан бирику. Момоларимиз, бувиларимиз, оналаримиз бошидан рўмол тушмаганку.

Фото: Шарифа МАДРАҲИМОВА

Юқорида айтганимиздек, Аллоҳ таоло кийим-бошни инсонга авратини тўссин, ўзини тузатсин, деб берган. Аммо бошқа соҳаларда ҳаддида турмаган одам бу ўринда ҳам турли бузуқликларга йўл қўйди. Баъзилари кийим-бошни фахр ва ғурур воситаси, иккинчилари уни ҳаётдаги асосий мақсад қилиб олди. Қадр-қийматни ҳам кийим-бош билан ўлчай бошлашди. Учинчилари кийимни тор ва юпқа кийиб, ундан кўзланган асосий мақсадни суиистеъмол қилишга киришди.

Абу Ҳомид Ғаззолий «Қалб ажойиботлари» номли китобида кўркам ва қимматбаҳо кийимларга ўчлик шайтоннинг инсон қалбини забт этиш учун кирадиган эшикларидан бири экани ҳақида ёзган. Дарҳақиқат, шайтон инсонни умр бўйи олий нав ва фахрли кийимлар билан зийнатланишга чорлаб, шу йўл билан ҳам ўзига бўйсундиришга, нафсининг қулига айлантиришга ҳаракат қилади.

Шайх Шаъбий айтади: «Аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар (шариат билимдонлари) айбламайдиган кийимни кий». Муҳаммад ибн Сирийн: «Шуҳрат олдин кийимни узун кийишда эди, сўнг уни янгилашга ўтди», деган. Умар ибн Хаттоб: «Кийимнинг дағал ва эскирганини кийинглар», деганлар. Бу зот масжид минбарида хутба ўқиётганларида, устиларида еттита ямоқ солинган кўйлак бор эди.

Одобимизда айниқса аёлларнинг кийинишига катта эътибор билан қаралган. Уларнинг юзи, икки қўл кафтидан бошқа ҳамма жойи уятли (аврат) бўлгани учун, у бегона назарлардан яширилиши ва кийиниш ҳам шунга муносиб бўлиши лозим. Ҳозирги пайтда айрим қиз-жувонлар ўртасида урф бўлганидай, енги ва этаги калта, кўкси очиқ кийимлар, гавда ва аъзоларини «кўз-кўз» қилиб турувчи тор ва юпқа-ҳарир кўйлаклар, энг ачинарлиси, кўкрак, киндик ва болдирларини очиб, ҳаммага намойиш қилиб юришлар одобимизга мутлақо зиддир.

Фейсбук ижтимоий тармоғи фаолларидан бири, таниқли журналист Раҳимжон Раҳмат ўз саҳифасида шундай ёзмоқда:

“Менингча, қиз ва аёлларимиз чиройли рўмолни бошини ва бўйнини беркитиб ўрашида ҳеч қандай сиёсий қўрқинчли нарса йўқ. Мунис аёлларимиз, масъума қизларимиз бўйнини, юзини чанг ва қуёшнинг зарарли таъсиридан асраса яхши-ку.

Ўзбек аёлининг рўмолига диний тус беришларини ҳечам тушинмайман.

Абсурд.

Ғалати.

Атеизм ҳукм сурган 70-80-йилларда ҳам ўзбек аёли бўйни ва юзини тўсиб рўмол ўраган.

Номоз ўқимаса ҳам, бўйни ва юзини тўсиб рўмол ўраган юзлаб аёлларни биламан.

Умуман олганда, эркак ҳам, аёл ҳам боши очиқ юриши этика ва саломатликка тўғри келмайди.

Фото: Шарифа МАДРАҲИМОВА

PS.

Қанақа кийим кийишни аввало табиий иқлим белгилайди.

Мана, Ҳиндистон аёллари бошию оёғини кийимга ўраб, қорни очиқ юради. Чунки у ерларда ҳаво бениҳоя иссиқ, қоринни очиб юрмасангиз танангиз бўғилиб кетади.

Африканинг ўта иссиқ мамлакатларида аёллар деярли кийим нималигиниям билмайди, ҳатто яримуят жойини беркитмайди.

Ибн Сино ҳам айтган: саломат бўлишнинг шартларидан бири иқлимга мос кийинишдир” дея рўмолнинг қўрқинчли эмаслигини таъкидлайди”, – деб фикрларини тугатади Раҳимжон Раҳмат.

Америка тери касалликлари мутахассислари ўтказган тадқиқотлар натижасида ғарблик аёллар ёш бўла туриб ҳусн ва жозибаларини тез йўқотаётганлари, барвақт ажин тушаётгани ва унинг тез кўпайиб кетаётгани, аксинча, муслима аёлларнинг етмиш-саксон ёшда ҳам юзлари чиройли, ажинсиз ва нурли экани, уларда ғарб аёлларида кўп учрайдиган тери саратони (раки) хасталиги деярли кузатилмаётгани аён бўлди.

Бошқа соҳаларда бўлгани каби, кийиниш борасида ҳам мусулмон инсон аввало ҳалол-ҳаромга эътибор бериши лозим бўлади. Унинг киядиган кийими ҳалол касб билан топилган бўлиши ва уни кийиш шаръан ҳаром бўлмаслиги керак.

Кийим одамнинг уят жойларини беркитадиган, иссиқ-совуқдан сақлайдиган, ўта ҳарир бўлмаган матодан тикилган бўлиши керак.   У турли аксессуарлар билан бойитилиши мумкин. Кийим кийишнинг ҳам ўз одоблари бор. Байрамларга, тўйларга ҳашаматлироқ, оддий иш кунларида одмироқ, турли қабул ва маросимларда классик услубдаги кийимлар кийиш кишининг фаросати ва фасоҳатини белгилайди.

Шарифа МАДРАҲИМОВА, журналст.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг