Мактаб директори ким?

0
6091

Таълим муассасига ким раҳбарлик қилади ва бу лавозимнинг фазилати нимада? 

Маълумки, республикамизда мактаб директори тайёрлайдиган олий ўқув юрти йўқ. Директорлик фазилати бевосита ўқитувчининг мактабдаги иш фаолияти давомида шаклланади. 

Директордан энг аввало билим, ўқитувчилик касбини яхши эгаллаганлик, тажриба, ўз ишига содиқлик, ҳалоллик, ташаббускорлик, тадбиркорлик, талабчанлик, адолатлилик, ўта маданиятлилик, ҳуқуқий маданият ва жамоани маълум мақсадга йўналтира олишда лидерлик хислатлари талаб қилинади.

Бугунги кунда мактаб директорининг зиммасида сиёсий, иқтисодий, маънавий, таълимий, маърифий, ташкилий каби қатор вазифалар мавжуд. Бу вазифалар ички ва ташқи вазифаларга бўлинади. 

Ички вазифалар мактаб ҳаёти – таълим жараёни, ўқув режалари, давлат таълим стандартлари, интизом (давомат ва дарсларнинг ўз вақтида дарс жадвали асосида ўтказилиши), тозалик, ободонлаштириш, давлат ва бошқа шаклдаги мулкларни сақлаш ва мақсадли фойдаланиш, ота-оналар билан ишлаш, мактабдаги жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик, коммунал ва маиший хизматларни тўғри йўлга қўйиш, ходимлар билан ишлаш каби вазифалар билан боғлиқ. 

Ташқи вазифалар юқори бошқарув органлари, ҳокимият, ҳуқуқ тартибот ҳамда ҳудуддаги жамоат ташкилотлари, маҳалла, соғлиқни сақлаш, бошқа таълим муассасалари билан алоқаларга боғлиқ вазифалардир. 

Бу вазифаларни бажариш жараёнида директор ўзини денгиздаги кораблни бошқараётгандай тасаввур қилиши ва бир дақиқа ҳам ўз постини таълим-тарбия жараёнида ҳудуддан ташқарига чиқиб, ташлаб кетмаслиги ҳамда алоқани узмаслиги шарт!!!

 Юқоридаги вазифаларни бажариш учун мактаб директори Низом асосида йиллик, чораклик, ойлик, ҳафталик, кунлик иш режаларига эга бўлиши ва уларнинг бажарилиши бўйича ўзига ҳисоботлар тайёрлаши керак. 

Мактаб директори жамоа лидери бўлиб, ўз атрофидаги жамоа аъзоларининг фикри ва хулқ атворига ижобий таъсир ўтказа оладиган ва яхлит вазифаларни амалга оширадиган ижтимоий гуруҳ аъзосидир. Лидер ақл ёки интеллектуал қобилиятга, маънавий покликка, ҳукмронлик ёки бошқалардан устунлик қилишга, ўзига ишонч, фаоллик ва серғайратликка, иш билиш қобилиятига эга бўлиши зарур. Раҳбар амалга оширадиган бошқарув функциялари режалаштириш, ташкиллаштириш, мотивация (қизиқтириш, тушунтириш, рағбатлантириш), назорат қилишдан иборатдир. Ҳукмронлик, эгалик қилиш ва таъсир ўтказа билиши керак.

Бошқариш мулоқоти (раҳбарнинг ўз ходимлари билан алоқаси) уч босқичда ташкил этилади: 
1) ходимларга буйруқ ва вазифалар бериш,
2) вазифаларнинг бажарилганлиги тўғрисида ходимлардан ахборот олиш ва назорат қилиш, 
3) вазифалар бажарилиши сифатини баҳолаш ва хулосаларни ходимларга етказиш. 

Директор ҳамма ходимларни қондириб, рози қилиб, ишонтириб, исбот қилиб, меҳнат интизомини мустаҳкамлаб, психологик билимлари орқали иш олиб борса, малакали касб эгаси ҳисобланади. Бунда шахсий намуна бўлиш аҳамиятлидир. 

Директор ҳам ўқитувчи сифатида шу жамоа аъзоси, фақат у Бош ўқитувчи, масъул ўқитувчи эканлигини доимо ёдда тутиши даркор. Раҳбар яхши психолог бўлиб, ходимларнинг ёши, жинси, миллий ва индивидуал-психологик хусусиятларини, тажриба даражасини, жамоадаги мавқеини ҳисобга олган ҳолда улар билан муносабатда бўлиши керак. 

Мактаб жамоасидаги руҳий “иқлим” – жамоада устунлик қиладиган ходимларнинг кайфиятидир ва у тўрт омилга боғлиқдир: 
1) ходимларнинг меҳнатдан қаноатланиши, 
2) ходимлар орасидаги муносабатлар, 
3) раҳбар билан ходимларнинг ўзаро муносабатлари, 
4) ижтимоий-руҳий мосланиш. 

Бу омиллар мактабда меҳнат интизомига, таълим-тарбиянинг сифатига, меҳнат унумдорлигига, ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий фаоллигига таъсир қилади. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, директорнинг мавқеини ва обрўсини унинг лавозими ёки бошлиқларнинг қўллаб-қувватлаши эмас, балки унинг ўз иши ва мактаб жамоасининг унга бўлган муносабати белгилайди.

Ахунов Муҳаммадамин Абдуваситович, 
ЎзМТДПдан Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашига сайланган депутат

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг