Макс Исакович Вексельман ва яна бир қатор яҳудий олимларининг Ўзбекистондаги фаолияти

0
1737
Фотоколлаж

Мени анчадан буён, ўзбек санъати, маданияти, адабиёти, илм-фанига ҳиссаси қўшилган яҳудий миллатига мансуб адабиётшунос, тарихчи  олимлар, арбоблар, санъаткорларнинг ижоди, тақдири қизиқтирарди. Масалан, мен ЎзМУ нинг ўзбек филологияси факультетида ўқиганим учун улуғ олим Натан Муродович Маллаев шахси ва фаолияти ҳақида ўрганиш доимо ўзига тортган. Шу қизиқиш асносида мен ўзбек диёрига маълум сабаблар билан келиб қолган яҳудий миллати ва динига мансуб кўплаб кишиларнинг шу ўлкада ўсиб, таҳсил олиб, меҳнат ва ижод қилиб, сидқидилдан хизмат қилганларини билиб олдим.

Ҳозир сиз ҳурматли ўқувчиларга юқоридаги тасвирлаганим каби бўлган бир инсонни асосий қаҳрамон сифатида танлаб,  у ҳақида ҳикоя қилмоқчиман. Яна бошқа у сингари олимлар тўғрисида ҳам баъзи маълумотларни бўлишаман.

Макс Исакович Вексельман – Тошкентга эвакуация қилинган бир яҳудий боланинг олим бўлиб шаклланиши, унинг  ҳаёти ва фаолияти Ўзбекистон давлат архиви тарихининг бир парчасидир.

Сўнгги йиллардаги ўзгаришлар Ўзбекистон учун унинг давлат, мустақил ўлка сифатидаги тарихи ва келажаги учун катта эшикларни очди. Эътибор қаратишимиз мумкин бўлган бир соҳа бор-ки, айнан у ўтмиш, бугун ва келажак ўртасида кўприк бўла олади. Кўп даврлар мобайнида “мутлақ сирли”, (“Совершенно секретно”) бўлган, кириш мумкин бўлмаган эшик – АРХИВ эшикларининг жамият учун очилиши жуда аҳамиятли ҳодисадир.

Ўтмишни архивсиз тасаввур эта олмаймиз. Архивда сақланадиган тарихий манбалар, фондлардаги бой ҳужжатлар, факт ва маълумотлар тадқиқотчиларни изланишга, ҳақиқатларни янги қирралар билан тўлдириб ёритишга чорлайди.

Айниқса, шахсий ҳужжатлар фондлари орасида кўпгина устоз архивчиларнинг фондлари мавжуд бўлиб, улар орасида Макс Исакович Векселманнинг ҳужжатлари алоҳида аҳамият касб этади. Ҳозирда деярли ҳеч ким, ҳатто архивда ишлаётган ходимларнинг ҳеч бири бу инсон тўғрисида чуқур ўрганган эмаслар.

“Бу тадқиқотчини архивда фаолият юритаётган ёш илмий ходимларга танитиш, унинг фаолияти ва соҳа ривожига қўшган ҳиссасини кўпчиликка билдиришимиз лозим”, – дейди Ўзбекистон Миллий архиви “Давлат хисоби ва илмий ахборот аппарати” бўлими мудири Зилола Абдужабборова.

Зилола Абдужабборова –Ўзбекистон Миллий архиви илмий-ахборот бўлими мудири:

– Ҳозирги кунда ҳар бир соҳа ўзини кўрсатиб бериши талаб қилиняпди. Хатто архив ҳам шундай. Архивда ишлаш давомида биз ходимлар ҳам нафақат кундалик вазифаларимизни бажарамиз, балки архивда мавжуд бўлган ҳужжатлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Архив материалларини кенг жамоатчиликка тарғиб қилиб кўрсатиб бериш ҳаққоний тарихни тиклашда катта ёрдам беради, очилмаган воқеликларнинг турли жиҳатларни ёритади. Бу борада бизда яхши имкониятлар бор. Чунки, қўлимизда аниқ фактлар, ҳужжатлар мавжуд. Мана шундай ўрганишлар натижасида архивда мавжуд бўлган фонддан фойдаланган холда мен ўз даврида архивимиз ходими бўлган архивчи-тарихчи бир шахс ҳақида материаллар йиғдим. Сайтимизга маълумот бериш мақсадида фондни ўрганишим натижасида ажойиб ҳужжатларга дуч келдим”.

Миллий Архив билан ҳамкорлик қилувчи ҳамкасбимдан озгина маълумот эшитганим заҳоти  “ушлаб олганим” – яҳудий олими  Макс Вексельман ҳақида мен шошилганча Зилола Абдужаббовани  саволга тутаман:

– Бу шахс,  яъни Вексельман мен учун катта очилиш бўлди! Архив шу вақтгача жамият у ёқда турсин, ҳатто журналистлар учун ҳам очиқ бўлмаган. Шу сабаб ҳам Ўзбекистонда яшаган, фаолият кўрсатган кўпгина шахсларни танимас эканмиз. Балки Миллий Архивда ҳали тарихий маълумотлар хазинаси қатма-қат бўлиб тургандир.

Биргина сиз очиқлаган олим – Макс Вексельман мени жуда қизиқтирди. Ўзбекистонга бегона юртдан келган, бошқа миллат, ўзга динга мансуб бўлган киши, Ўзбекистон тарихини сақлаб қолишга қанчалик меҳнат қилиб, изланган эканлиги, маълумотларни ўз қўлёзмалари орқали шахсий кундаликларида ҳам сақлашга уринганлиги  ҳайратлантирди ва саволлар пайдо қилди.

Зилола Абдужабборова Ўзбекистон Миллий архиви илмий-ахборот бўлими мудири:

– Биласизми, бундай фондлар, демак-ки, очилмаган қирраларимиз бизда жуда кўп. Тадқиқотчилар учун бу жудаям катта имкониятлар хазинаси десак бўлади. Архивга мурожаат қилган ҳар бир ўрганувчи изланадиган бўлса, кўп маълумотларни шу ердан олиши мумкин. Ва ҳар бири бир илмий ишга мавзу бўла оладиган тарихий шахслар ўтганини фахр ва ҳаяжон билан айтиш мумкин. Вексельман ҳақида тўхталадиган бўлсак, мен уни ўрганишни энди бошладим.

Макс Исакович Вексельман ҳақида билганларим. Ўзбекистонга келиши ва  фаолияти.

Фото: М.И Вексельман

–1931 йил Украинанинг Умянск районида таваллуд топган. Улуғ Ватан уруши бошлангандан сўнг, 1941 йилнинг июль ойида оиласи билан Тошкентга эвакуация қилинган. М.И.Вексельман 1945 йил оилавий шароитига кўра 8-синфда тахсил олиш билан бирга Октябрь инқилоби марказий давлат архивига архивчи лавозимига ишга кирган. 1948 йилда ўрта мактабни битиргандан сўнг Ўрта Осиё давлат университети тарих факультетининг кечки бўлимига ўқишга кирди ва шу билан бирга архивдаги фаолиятини ҳам давом эттириб борди. 1954 йил тарих факультетини тамомлагандан сўнг Ўзбекистондаги Марказий давлат тарихий  архивида илмий ходим бўлиб ишга тушди.

Фото: М.И Вексельман тенгдошлари даврасида. Улар кимлиги ҳақида маълумот ҳозирча ўрганилмаган.

1961 йилда М.И. Вексельман Москва давлат  тарихий архив институтининг “Россия тарихий манбашунослиги” мутахассислигининг  сиртқи бўлими аспирантура йўналишига ўқишга қабул қилинди. 1963 йилда “Ўзбекистонда Совет ҳукуматининг ўрнатилишига оид тарихий манбалар” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Шундан сўнг Ўзбекистон марказий давлат архивида 1965 йилгача фаолият юритди.

Вексельманнинг асосий ютуқларидан бири, унинг 1961 йилда  Москва Давлат тарих инситутини Россия тарихий манбашунослиги мутахассислиги бўйича ўқиганидир. Ўқишни битиргандан сўнг Ўзбекистонга қайтиб, фаолиятини давом эттиради.

1965-1991 йиллар давомида Ўрта Осиё Давлат Университети (Тошкент давлат университети) да тарих факультетида дарс беради, доцент лавозимида фаолият юритиб, М.Л.Вайс, А.И.Тошмуҳаммедов, А.Я.Соколов каби профессор архивчилар билан  “XIX аср охири XX аср бошларида Хива ва Бухородаги иқтисодий аҳвол” номли ҳужжатлар тўпламини тайёрлашда иштирок этган.

Илмий ишлари, изланишлари.

Шундай қилиб М.И. Вексельман ўзининг илмий фаолияти даврида архивнинг тарихий фондлари ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда кўплаб тарихий илмий тўпламларни яратишга муваффақ бўлган. Бу бўлимда ишлаган илмий ходим ўз билими устида изланишлар қилиши  керак бўлган. Архивчи- тарихчи эканлиги Макс Вексельманга катта ёрдам беради.

Макс Исаковичнинг тарих фанига бўлган қизиқиши  XIX аср охири XX аср бошларида  Бухоро ва Хива хонликлари тарихини ўрганишига сабаб бўлди. Унинг “Оренбургдан Бухорогача саёҳат” номли мақоласида Туркистон ҳудуди тасвирланган. Бундан ташқари савдо йўллари ва Бухоронинг маданий ҳаётига ҳам тўхталиб ўтилган, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий аҳволни кенг тасвирлаб берган.

Бундан ташқари 1917-1918 йилларда большевикларнинг Туркистондаги юришлари, Ўрта Осиёнинг савдо алоқалари ва сиёсий муносабатлари борасида ҳам тадқиқотлар олиб бориб, 1955 йили инглиз ва Америкалик империалистларнинг Ўрта Осиёдаги  ишлари  тўғрисида ўз мақоласини чоп этади ва  “1956 йилда Қозоғистонда 1916 йилги инқилоб” номли тарихий ҳужжатлар тўпламини чоп этган. Бунинг натижасида ўша даврдаги  Ўзбекистон ва Қозоғистон  муносабатлари, ижтимоий-иқтисодий жараёнларга кенг тўхталиб ўтади.

Макс Исакович Вексельман Тошкентнинг ўша даврдаги аҳволи, кўриниши, 12 дарвозаси номланишлари ҳақида Тошкент ҳақидаги  алоҳида очеркида маълумот бериб ўтади. Бунда Тошкент каналлари, кўчалари  тўғрисида ҳозирги кунда ўрганилиши  аҳамиятли бўлган ажойиб маълумотлар қолдирган.

Фотода: “Тошкент ҳақида очерклар” кўлёзмаси
Фотода: “Тошкентда ярмарка” М.Вексельман шахсий фондидан

Вексельман таҳсил олиб, ўз йўналишини топгач, Ўзбекистонда қолмай, билими ва изланишлари миқёсини кенгайтириши учун қайтиб кетиши мумкин эди. Лекин у Ўзбекистонга қайтади ва қарийб 30 йил давомида шу архивни ривожлантиришга, юзага чиқаришга анча ҳисса қўшади.

Фото: М.И Вексельман

Тошкентдан кетиш. Илмий мероси ва архивга топширган ҳужжатлари.

Макс Исакович Вексельман кексайгач, юрт соғинчи туфайлими, 1991 йилга келиб,  ўзи туғилган юртга қайтиб кетишга аҳд қилади.

Ўзининг ёзган ҳамма асарлари, мақолалари, барча тўплаган ҳужжатларини Ўзбекистон Миллий архивига – ўз ишлаган жойига тақдим этади. “Қилган ишларимдан келажак авлод фойдалансин”, деган мақсадда ўз қўлёзмалари, шахсий кундаликлари, фотоҳужжатларини ҳам ташлаб кетади.

Шу натижада архивда бир фонд шакллантирилади ва унинг топширган ҳужжатлари сақлаб келинмоқда.

М.И. Вексельманнинг 1905 йилдан 1991 йилгача бўлган шахсий  фаолиятга оид шахсий ҳужжатлари 1991 йилда ЎзР МДАга шахсан топширилган. 1992 йилда М.И. Вексельманнинг шахсий ҳужжатларига илмий-техник ишлов берилиб, 183 та йиғма жилддан иборат  1- рўйхати тузилган. Шунингдек, М.И. Вексельманнинг ҳужжатлари даврлаштириш жиҳатидан бўлимларга ажратилиб, уларнинг микрофото нусхаси 10 сақлов бирлиги миқдорида Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат Архивига топширилган. 1906-1922  йилларга оид илмий монографиялари 3 сақлов бирлигидаги миқдорда ЎзР МДАнинг илмий маълумот кутубхонасига берилган.

Шунингдек, ўз қўли билан ёзиб борилган бир нечта кундаликлари ҳам бор. Кундаликларида  ҳатто, ҳозир мана сиз билан ўтирган архив биномиз қандай қурилгани, янги бинога ҳужжатларни кўчириб олиб ўтишгани, қандай жойлашишгани ҳақида ҳам ёзган. Мақолаларга қайси манбалардан маълумотлар олгани, материалларни қаерга нашрга бергани ҳақида ҳам кундаликлар юритган.

Архив Фондимиз жуда катта бўлган. Макс Исакович ўз вақтида булардан унумли фойдаланиб, мақолалар ёзган. Ҳозирги кунда илмий-ахборот кутубхонамизда Вексельман қаламига мансуб брошюралар ҳам бор.

Устоз архивчи ҳақида илиқ фикрлар, шунингдек, Макс Вексельманнинг Ўзбекистон ҳақидаги илиқ фикрлари.

Мен Вексельманни жуда изланувчан ходим бўлган, деб ўйлайман. Умрининг кўп қисмини илмий ишларга бағишлаган. Мен у йиғган, сақлаган ҳужжатларни ўрганишга киришиш ниятим бор. Биласизми, у одам деярли унутилганди. 2015 йилда Миллий архив сайтига фаолиятимиз ҳақида материал тайёрлаш асносида ҳужжатларни титкилаб, учратиб қолдим. Устозларимга иш ўргатган, ўқитган шахс сифатида Макс Исакович ҳақида “Устозлар” рукнида сайтга мақола ёздим.

Вексельмандан бошқа олимлар ҳақида ҳам ўрганиш ниятим бор. Архивимизда бундай сидқидилдан меҳнат қилган, “нон шаҳри” ­­­­­­­­­­­­­бўлмиш Тошкентда улғайган илмий ходимлар анча бўлган экан. Бироз маълумотларни йиғишга эришдим ҳам.

Вексельманнинг Туркистон ҳаётини ёритган материаллари биз учун айниқса, қимматлидир. Тарихнинг Макс Вексельман очиб берган қирраларини балки қайсидир бошқа тарихчилар очиб бера олмагандир.  Шунинг учун ҳам ҳар бир тадқиқотчининг қўлёзмалари албатта ўрганилиши керак.

Айтганимдек, Макс Исакович 3 сақлов бирлигида ҳужжатлар қолдирган. Буни каттагина мерос дейиш мумкин. Масалан у ўзининг шахсий кундаликларини ҳеч кимга кўрсатмаса ҳам бўларди. Лекин, у шуларни ҳам архивга топширган. Ўз кундаликларида кўплаб хотираларини қолдирган бўлиши мумкин. Буни кимдир битталаб ўқиб, ўргансагина хулоса қилиш мумкин бўлади.

Унинг жуда кўп қўлёзмалари бор. Расмлари, ёзган мақолаларининг асл нусхалари сақланиб турибди. Умумий 100 тадан ошиқ “дело”си бор. Бу энди очилган фондлардан бири. Бу илмий ходим яна нима ишлар қилган, тарих учун нечоғлик ҳисса қўшган, қандай билимларга эга бўлган, хали тўлиғича ўрганилгани йўқ.

Мен мақола ёзиш пайтида Вексельманнинг баъзи изланишларини ўқиб, бир оз таржима қилишимга тўғри келди.

Унинг бир брошюраси инглиз тилида чоп этилган бўлган. Қисқа бир парча таржима қилганимда, матнининг айрим жойларида Бухорода яҳудийларга яратилган имкониятлар хақида маълумот қолдирган, буни мамнуният билан тилга олган экан.

Макс Вексельман ўзбек халқининг ўзга динга, эътиқодларга, яҳудийларга муносабатини, одамларни бир хил кўриш одати, бағрикенглик жиҳатлари ҳақида чиройли тасвирлаган.

Ишончим комилки, Вексельман “делоси” ни ўрганадиган бўлсак, юртимиз тўғрисида жудаям илиқ фикрларини яна учратишимиз эҳтимоли бор. Чунки унинг “бу юртда тотган нонини оқлашга ҳаракат қилганлиги” ни ҳар бир ишида сезишимиз мумкин.

Эвакуация нима эканлигини яхши биламиз. Жуда қийин шароитдан олиб чиқиб кетилиб, тинч жойга келтирилиб, нажоткор инсонлар орасига киришлари, қорни тўйдирилиши, усти бутланиши одамда қанчалик миннатдорчилик туйғуларини уйғотиши мумкин, тасаввур қилинг!

Макс Исакович ўсмирлик пайтидан бошлабоқ, оиласини боқишга тўғри келган. Шу ерда меҳнат нонини топа бошлаган. Бунда ўсмир болани ҳеч ким турткиламаган, қайтага, 8-синфни битирган ўспирин ҳужжатлар архивига ишга олинган. Касб, маълумот олиш учун, ўқишга кириши учун имкониятлар яратиб берилган.

Фото: М.И.Вексельман ҳамкасблари даврасида

Номаълум тақдир

Мен Макс Исакович Вексельман тўғрисида катта устоз, тарихий касбдош, тарихчи архивчи сифатида ўрганишга ҳаракат қиляпман. Унинг Ўзбекистондан кетиш истаги сабаби маълум эмас. Менимча,Макс Вексельман оиласи ва барча қариндошлари билан кўчиб кетган. Чунки, кимидир Тошкентда қолганида барча ҳужжатларини тўла-тўкис архивга топшириб кетмасди деб ўйлайман.

Вексельманнинг Ўзбекистондан кўчиб кетгандан  кейинги алоқалари ҳам маълум эмас. Унинг кейинги ҳаёти тўғрисида анча қидириб кўрдим, Вексельман ҳаётми, қаерда эканлиги ҳақида маълумот топганим йўқ.

 Агар бирон бир киши қизиқса, архивимизга келиб уни ўрганиши мумкин. Тадқиқотчилар учун эшигимиз очиқ. Бемалол келиб, архивга мурожаат қилиб, фондлардан ўзлари учун қизиқ бўлган шахслар ва ҳужжатлар ҳақида маълумотларни олишлари мумкин эканини эслатмоқчиман.

Вексельманнинг кейинги тақдири бўйича журналистлик изланишим

“Бор хат-ҳужжатини Миллий Архивга топширгач, ўз юртига кўчиб кетган Макс Исакович Вексельман тақдири ҳақида бошқа маълумотга эга эмасмиз”, дейди Ўзбекистон Миллий архиви илмий-ахборот бўлими мудири Зилола Абдужабборова.

Журналист сифатида архивчи-тарихчининг кейинги ҳаёти ва фаолиятига қизиқиш менга тинчлик бермади. Бундай фаол олимнинг шунчаки йўқ бўлиб кетиши мумкин эмасди.

Бормикин? Қаерда яшаяпти экан? Ҳаётмикан? Наҳотки, Ўзбекистонда бирор таниши, ҳамкасби қолмаган?

Қайси замонда яшаяпмиз ахир? Оддийгина ҳаракат билан интернетга кираман ва “Макс Исакович Вексельман” дея тераман. Бир қанча ҳаволалар келиб чиқади.

TheCentralArchivesfortheHistoryoftheJewishPeople

Яҳудий халқи тарихи Марказий архиви (Иерусалим) нинг шу йилги хабарига кўзим тушади:

“ 2021 йил 3 май душанба

Бизнинг Архив Ўрта Осиёнинг иқтисодий тарихи бўйича мутахассис, Ўзбекистон яҳудийлари тарихи тадқиқотчиси, доктор Макс Исакович Вексельман(1931-2021) вафот этгани ҳақида чуқур қайғу билан хабар беради”.

Фото: М.И Вексельман

Ана холос! 8 ой муқаддам олим вафот этибди! Шахсан ўзидан интервью олиш ниятимни энди амалга ошириб бўлмайди, афсус!

Яҳудий сайти хабарини ўқишда давом этаман ва тарихчининг кейинги фаолияти ҳақида баъзи маълумотларни билиб оламан:

“1990 йилларда Макс бизнинг архив билан Ўзбекистон яҳудиялари тарихи ҳақида архив ҳужжатларини аниқлаш ва нусҳа олиш лойиҳаси бўйича ҳамкорлик қилди. Бу ҳужжатлардан у ўзининг Исроил, Россия ва Ўзбекистонда чоп этилган мақолаларида фойдаланди.

Яҳудий Давлат театрларининг (ГОСЕТ) урушдан кейинги тарихи мавзуси унинг фарзандидек қадрли эди.

Тошкентдан Исроилга репатриация қилингач, Макс ўзи билан ажойиб бисот –  уруш пайтида Тошкентда эвакуацияда бўлган ва фаолият юритган яҳудий театрлари ҳақидаги материаллар коллекциясини келтирди. Макс Тошкентда эканлигида бу мавзу билан қизиққан ва Исроилга келиб эса кўплаб интервью, фотосуратлар ва мазкур театрларнинг собиқ актёрларида сақланиб қолган ноёб ҳужжатларни йиғиб, изланишини давом эттирди.

Бу кўп йиллик тадқиқот «Еврейские театры (на идиш) в Узбекистане: 1933 — 1947»,  /“Ўзбекистондаги яҳудий театрлари 1933–1947 йиллар (идиш тилида)/” деган ғаройиб китобга айланди. Ўзининг уникал ҳужжатлар йиғмасини эса Макс Вексельман бизнинг архивга топширди”.

Фото: Мана, яҳудийлар учун қимматли бўлган ўша китоб

Тушунарли. СССР парчалангач, 1991 йилга келиб унинг таркибидаги республикалар мустақил давлатларга айланди.

Кўпгина миллат вакиллари ўз тарихий юртларига репатриация қилинди. Демак, Макс Вексельман 1991 йили Тошкентдан кетар экан, ўзи туғилган Украинага эмас, тарихий юрти бўлмиш Исройилга йўл олган ва ўша ерда яшаб қолган.

Худди ўйлаганимдек: тадқиқотларини давом эттирган ва у ерда ҳам изланишлари билан архивга ҳисса қўшган. Мени яна бир нарса – Макс Вексельман ҳақида фикр билдира оладиган, Тошкентда қолган сафдошлари, ҳамкасб ёки шогирдлари борми, деган савол қизиқтирарди. Макс Вексельманнинг вафоти муносабати билан қайғу билдирган ҳамкасблар ҳам топилди:

Зелина Искандерова:

 03.05.2021

“Қандай аччиқ хабар…

Аъло мураббий, Тошкент ва унинг тарихини севган ажойиб тадқиқотчи, комил бир инсон бу ҳаётдан кетди…

Биз у билан узоқ йиллар давомида қўнғироқлашиб турдик. Бир неча марта унинг «Еврейские театры (на идиш) в Узбекистане: 1933 -­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­1947»,  /“Ўзбекистондаги яҳудий театрлари 1933-1947 йиллар (идиш тилида)/” деган ажойиб, нодир китобини буюртма қилиб олиб, кўпгина яқинларимга совға қилдим, улар бениҳоя хурсанд бўлишди. Бу китобни мутолаа қилар эканмиз, кўп янги ва қизиқ нарсаларни билиб олдик, қайта-қайта унда келтирилган ва фойдаланилган  манбаларнинг қанчалар синчковлик билан ҳужжатлашгани, аниқ эканлигига қойил қолдик. Биз Лидия Козлова билан мазкур китобни, ундан парчалар келтириб, бу сайт саҳифаларида неча бора муҳокама қилардик. Мубоҳасаларимиз жуда жонли, ёрқин ва мароқли бўларди!

Макс Вексельман менга бир неча бор ўзининг қизиқарли мақолаларини жўнатган, уларнинг бир қисми ушбу сайт саҳифаларида ҳам чоп этилган…

Макс Вексельманнинг қариндошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдираман, унинг хотираси ёрқин ва абадий бўлсин!”

Ринат Шигабдинов Макс Исакович Вексельманнинг Тошкентдаги шогирдларидан бири ёзади:

“Макс Вексельманнинг вафот этгани ҳақида эшитдим…

Орадан 40 йилдан кўпроқ вақт ўтса-да, худди ҳозиргидек эсимда, Ўзбекистон Марказий Давлат архивида Макс Искович раҳбарлигидаги “Архившунослик” предмети биз – Тошкент Давлат Университети талабалари орасида севимли дарслардан эди. Макс Исакович ўзининг ёрқин, зўр дарс ўтиши билан менга бир умрлик “архивчилик” дардини юқтирди! Мен тарих фанида ўзим эришган муҳим ҳодисаларга архив туфайли ва ҳеч бир муболағасиз – устозим Макс Вексельман туфайли эришдим!

Хотираси юрагимда абадий қолгувчи олимнинг оиласи ва яқинларига ҳамдардман”.

Лидия Козлова:

“Ҳаёт ўткинчи экан. Видеоспектакль пайдо бўлиши жуда ғаройиб:  учинчи қўнғироқдан сўнг туғилиб, парда ёпилиши билан ўлиш мумкин эди. Кейин спектакль абадий ўтмишга айланарди. Шунинг учун ҳам театр қандайдир эфемер нарсалигича қоларди. Айниқса, пойтахдан ташқаридаги театрлар азият чекарди. Макс Вексельман жуда қийин мавзуга қўл урди: ижодий жамоаларнинг парвоз пайтини эмас, аксинча, улар бошпанасиз, ўз мухлисларисиз қолган пайтларидан бошлаб, эвакуация йилларидаги ҳаётини хотираларда тиклаш мавзуси эди у. Ва бунда унга айнан архивчилик тажрибаси қўл келди. У архив буйруқлари, эски газеталар, хатлар, гувоҳлар ёзишмалари, жуда кекса одамларни “гапиртирди”. Яков Горбунов номидаги Тошкент Яҳудий Давлат театрлари (ГОСЕТ) Вексельманнинг китобида қайта туғилди. Бу профессионал тарихчинингкитоби, у қатъиян ҳужжатли асардир. Биз унинг саҳифаларида қандайдир театр санъати оқимлари, услублар ҳақидаги “театршунослик мавзулари” ни учратмаймиз. Биз унда уруш йилларидаги театр жамоаларининг ҳаётини қадам-бақадам рўй-рост кўриб борамиз”.

Яна бошқа яҳудий зиёлилар ҳақида қисқача эсловлар

Мени анчадан буён, ўзбек санъати, маданияти, адабиёти, илм-фанига ҳиссаси қўшилган яҳудий миллатига мансуб олимлар, арбоблар қизиқтирарди. Мен ЎзМУ нинг ўзбек филологияси факультетида ўқиганим учун улуғ олим Натан Муродович Маллаев шахси ва фаолияти жуда қизиқтирарди. У ҳақда Ҳомиджон Ҳомидийдек олимдан ўтказиб нима ҳам беришим мумкин, дердим-у, барибир ҳозирги интернет даври замондошларимга мингларнинг устози Натан Маллаев ҳақида нимадир етказгим келарди.

«Яқин 30 йил давомида адабиётшуносларнинг бутун бир авлоди Маллаев дарсликларидан сабок олиб вояга етди» деб ёзгандилар у ҳақда. Шундан ҳам яна 30 йил ўтган бўлса, демак авлодлар Натан Маллаев дарсликларини 60 йилдан зиёд ўқияпти.

“Натан Муродович Маллаев илм-адаб аҳлининг меҳрибон дўсти, беғараз устози сифатида ҳам эътироф этилган атоқли олим. Устоз томонидан университетларнинг филология ҳамда педагогика институтларининг ўзбек тили ва адабиёти факультетлари учун яратилган  “Узбек адабиёти тарихи” (биринчи китоб) дарслиги уч марта (1963, 1967, 1976 йиллар) қайта нашр этилиб, филолог мутахассисларнинг бир неча авлодини тарбиялашда барқарор китоб сифатида қўлланилиб келинди.

Профессор Н.М.Маллаев ижодий бисотида Навоийнинг ҳаёт йули ва мероси таҳлили хам алоҳида саҳифаларни ташкил этади. Навоийнинг кўп жилдлик асарларини  ўзбек ва рус тилларида нашр этишда қатнашди.

У қирқ йилдан зиёд давр мобайнида ўнлаб монографиялар яратди, 20дан ортиқ китоб, дарслик, дастур, қўлланма ва илмий тўпламларга муҳаррирлик қилди, айримларига сўзбоши ёзди, “Ўзбекистон тарихи” ни яратишда академик Яҳё Ғуломов билан ҳамкорлик қилди. Энциклопедия ­­­­­­­­–Қомусларга мақолалар ёзди, 20 дан ортиқ номзодлик ва бир неча докторлик диссертацияларига раҳбарлик қилди.

“Бир яҳудий фарзандининг ўзбек адабиётшунослиги тараққиёти йўлида бу қадар жонфидолик курсатиши таъриф ва баҳо доирасига сиғмайди” , деган эди йирик олим Ҳомиджон Ҳомидий.

Натан Муродович Маллаев эса ўз умри охирларида: “Икки халк фарзандиман” деб номланган хотираларимга охирги нуқтани қўйишга шошиламан…” деган эканлар.

internews нинг SCARF лойиҳасида иштирок этишим менга шундай мазмундаги материаллар тайёрлаш кераклигини, бу дунё майдонида ирқ, миллат, эътиқодидан қатъий назар,  ИНСОН бутун башарият тараққиёти учун умумий ва буюк ишлар қила олишини яна эслатди ва тасдиқлади.

Мен бир филолог, журналист сифатида улуғ устозимиз бўлмиш Натан Маллаев  ижоди ва шахсига яна алоҳида мурожаат қилиш ниятидаман. Ҳозир эса яна Макс Исакович Вексельман изланишларига қайтамиз.

Хориждаги яҳудийлар. 1941- 1991 йиллар мобайнида Ўрта Осиё ва Ўзбекистон архившунослигига яҳудийларнинг қўшган ҳиссаси

rehes.org›rus_iud/k_seminar116-2.html   ҳаволасига кирсангиз бир маълумотни ўқишингиз мумкин. У “Хориждаги россиялик яҳудийлар” ва Исроилдаги “Реховот мутахассис ва олимлари Уйи”  илмий-тадқиқот Маркази  томонидан Ўрта Осиёда архив ишларининг ривожланиши ҳақида бўлиб, Макс Исакович Вексельман ўзбек тарихчилигига ҳисса қўшган ягона яҳудий эмаслиги ҳақида билиб оласиз.

1941-1991 йиллар мобайнида Ўрта Осиё ва Ўзбекистон архившунослигига яҳудийларнинг қўшган ҳиссаси ҳақида шундай ёзилган:

“Макс Вексельманнинг «Архивная «Еврейская синагога»» мақоласи Ўрта Осиё архившунослиги дунёсини кўз олдимизда намоён қилади. У маҳаллий мутахассислар сафига янги – яҳудий номлар қўшилган вақтни тилга олади. Муаллиф анча кенг даврни – урушнинг бошланиш йили ва Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги эълон қилиниши ўртасидаги йилларни қамраб олади.

50-йилларда НКВД нинг “енгил қўли” туфайли Ўзбекистон архивларини “Яҳудий синагогаси” деб аташди. 50-йилларда яҳудий ходимларининг кўпчилиги архивдаги ишни тарк этиб, педагогик, илмий-тадқиқот фаолиятига ўтиб кетишларига тўғри келди. Кейинроқ Ўрта Осиё архивларини “синагогга айлантирган” архивист олимлар кам қолди.

Ўрта Осиё ва Ўзбекистон архив иши ривожига ўз ҳиссасини қўшган бир нечта архивчи тарихчилар ҳақида маълумот келтириш мумкин”.

 Ўрта Осиёда архивчилик ҳақида тарихий маълумот

“Ўзбекистон ҳудудида эрамиздан аввалги VII- VIII асрларда ҳам давлатчилик тажрибаси бўлиб, Хоразм, Сўғдиёна, Бақтрияга асос солинган эди. Хоразм ҳудудида эрамиздан аввалги III асрда қадимги хоразм тилида тахта ва терига ёзилган ҳужжатлар топилган.

Ўрта Осиёда архивлар эрта ўрта асрлардаёқ мавжуд бўлган. VIII асрга оид ҳужжатларда Ўрта Осиёга араблар кириб келиши, Сўғдиёнада хўжалик, солиқ тизими, давлат бошқариш тизими ҳақида маълумотлар бор. Бизнинг давримизга келиб Сўғдиёна ҳудуди Ўзбекистоннинг (Самарқанд шаҳри) ва Тожикистонга бўлиниб кетган. Кўпгина шарқшуносларнинг фикрича VIII асрдан XIX аср ўрталаригача Ўрта Осиё ва мусулмон Шарқида давлат архивлари бўлмаган. Хон ва амирларнинг баъзи фармонлари сақланиб қолган, лекин салтанат архивлари ва қоғоз омборлари бўлмаган дейишади”. (Айнан шу ҳақда тарихчиларимиздан ҳаққоний ва тўла маълумотни олиш керак деб ўйлайман).

Исроилдаги “Реховот мутахассис ва олимлари Уйи”  илмий-тадқиқот Маркази  шундай ёзади:

“Ўрта Осиё ҳудуди Россия томонидан босиб олингач,  Бухоро амирлиги, Қўқон ва Хива хонлиги Россия империяси таркибига ўтади. 1867 йилда Туркистон генерал -губернаторлиги ташкил қилинади. Унда Туркистонда давлат архивлари бўлмаган, ҳужжатлар муассасаларнин ўзида сақланган. Эски қимматли ҳужжатларнинг йўқ қилинишлари, идораларнинг тарқоқлиги ва материалларни олиш имкони йўқлиги тадқиқотчиларнинг ишини қийинлаштирарди.

Совет даврида Россияда янги архив тизими жорий қилинади. 1919 йилда Туркистон Архив ишлари Марказий бошқармаси (Цуардел) яратилади, у Наркомат маърифий тизимига кирарди, кейин Туркистон Марказий ижро қўмитаси (ЦИК) бошқарувига ўтган. Ўрта Осиё миллий давлат тариқасида бўлиб юборилгач, архив фондлари турли республикалар архив органларига тарқатиб берилган.

30-йиллар бошида Цуардел базасида Ўзбекистоннинг Марказий архив бошқармаси (ЦАУ) га асос солинган ва марказий давлат архивлари тузила бошлаган. Ўзбекистон Марказий Давлат тарихи архиви  (ЦГИА) ҳужжатларни 1917 йилгача сақлаб келган. Октябрь инқилоби Марказий Давлат Архиви (ЦГАОР) шундай эди. 1938 йилда архивлар Ички ишлар Халқ комиссариати (НКВД) бошқарувига топширилади ва 1940 йилда НКВД В архив бўлими ташкил этилади. (1946 йилдан ЎзССР МВД)

1959 йилдан архив органлари СССР Министрлар Совети ва республикалар бошқарувига ўтказилади.

1960 йиллар бошидан Ўзбекистон Министлар Совети қошида Архив бошқармаси ташкил қилинади. ХХ асрда архив ҳужжатлари тўпламлари нашр қилиш ишлари ташкил этилади, аммо нашрларнинг кўпи совет даври археографиясига оид тамға остида эди.

1991 йилда Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришди.  Ва “Архив ҳақидаги қонун” қабул қилиниб, шунга монанд давлат архивлари тармоғи таъсис этилди”.

 

Ўзбекистоннинг россиялик яҳудий архивист олимлари ҳақида

Исроилдаги “Реховот мутахассис ва олимлари Уйи”  илмий-тадқиқот Маркази  Макс Вексельман мақолаларини ўрганиб,  ундаги мана бу маълумотларни келтиради:

Маврикий Леонович Вайс  – 1942 йилдан Тошкент вилоят архивида ишлаган. 1959 -1985 йилларда ЎзССР НКВД си Архив бўлими бошлиғи муовини бўлган.

Нафтула Аронович Халфин – 1945-1952 йилларда ЎзССР Ўзбекистон Марказий Давлат тарихи архиви  (ЦГИА) да катта илмий ходим, кейин архив директори бўлган. 1952 йилдан Ўрта Осиё Давлат университетига (САГУ) га ўқитувчи бўлиб ўтади.

Абрам Израилевич Зевелёв – 1944-1967 йилларда Тошкент вилоят Давлат архивинин катта илмий ходими бўлган. 1948 йилдан Ўрта Осиё Давлат университетига дарс беришга ўтиб кетган. 70 йиллар бошида Москва тарих-архив институтининг профессори бўлган.

Пётр Семёнович Котляр – 1943 года йилдан ЎзССР Ички ишлар вазирлиги архиви фойдаланиш бўлимининг катта инспектори бўлган. 1952 йилдан Тошкент педагогика институтида ўқитувчиликка ўтган.

Леонид Михайлович Ланда – 1943 йилдан  Ўзбекистон архив органларида ишлай бошлаган.Аввал илмий ходим, кейин ЎзССР Октябрь инқилоби Марказий Давлат Архиви (ЦГАОР) директори бўлган. 1952-1957 йилларда Ўзбекистон халқлари тарихи музейида бўлим бошлиғи бўлган.

Яков Менахемович Серый – 1943 йилдан ЎзССР НКВД нинг Архив бўлими бошлиғи бўлган.

Сигизмунд Натанович Валк – СССР ФА тарих институти профессори, 1941-1944 йилларда ЎзССР НКВД нинг Архив бўлими штатсиз илмий ходими бўлган. Ўзбекистон архивлари илмий ходимларига археография бўйича машғулотлар ўтган. Шу тариқа архив ҳужжатлари тўпламларини чоп этиш бўйича ишлар бошланган.

Фото: М.И. Вексельман ва профессор С.Н. Валк, июнь 1967, Ленинград

Макс Исакович Вексельман – 20 йил (1945-1965 йиллар) мобайнида Ўзбекистоннинг бир қатор Давлат архивларида илмий ходим бўлиб ишлаган. 1972 йилдан 1990 йилгача Ўзбекистон Архив Бош бошқармаси илмий кенгаши аъзоси бўлган. 1991 йилдан Исройил, Негеведа  Бен-Гурион номидаги Уиверситетда тарихчи-тадқиқотчи бўлиб ишлайди.

(Мана, асосий қаҳрамонимизнинг 1991 йилда Ўзбекистондан кўчиб кетгач, қаерга борганини ҳам аниқладик!)

Борис Лазаревич Оронюк – 1950-1960 йилларда ЎзССР Ички Ишлар Вазирлиги Архив бўлимида катта илмий ходим, сўнгра илмий-нашриёт бўлими бошлиғи бўлди. 1960 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтига ўқитувчиликка ўтиб кетди”.

Фото: Проф. Б. Оронюк, Тошкент Халқ хўжалиги институти  кафедра мудири 1970 й.

Ҳаммиллат ҳамкасблар ҳақида

Тушунишимча, Макс Вексельман Ўзбекистонда яшаб, фаолият юритган яҳудийлар ҳақида аниқ маълумотларни қайд этиб, ёзиб юрган ва вақти  келиб, тарихий ватанига қайтгач, архивларга тақдим этган.

У мақоласида ўз ҳамкасблари  Иосиф Окс, А.О. Шпигел, Э.Л.Нитобург ва Ўзбекистонда ишлаган бошқа архивчиларни эслаб ўтади, аммо мақолада уларнинг ишлари ва кейинги тақдирлари ҳақида тафсилотлар кўп берилмаган. Юқорида санаб ўтилган ҳамкасблари ҳақида эса бир мунча биографиялари берилган. Аввал буларни мақолага киритиш ё киритмасликни ўйладим. Лекин бу инсонларнинг тақдири, ҳаёти мен учун қизиқ туюлди. Бу орқали ўша пайтларда диндор яҳудийларга бўлган муносабатлар, уларнинг Ўзбекистондаги ҳаёти ва фаолияти қандай кечгани ва уларнинг бизнинг юртимиз учун қандай хизмат қилганларини Макс Вексельман маълумотлари бўйича  Йоси Бирнбаум ўз мақоласида ҳужжатли аниқ маълумотлар орқали Ўзбекистон архивлари тарихининг бир парчасини тиклагани учун ҳам беришни лозим топдим.

Бу ҳақда  Исроилдаги “Реховот мутахассис ва олимлари Уйи”  илмий-тадқиқот Маркази –

Научно-исследовательский центр «Русское еврейство в зарубежье» и Дом ученых и специалистов Реховота саҳифасида (2017 йил май) да Йоси Бирнбаум Ўзбекистонда ишлаган, яшаган бир қатор яҳудий олимлари ҳақида шундай ёзади:

М.Л. Вайс

Маврикий Вайс 1912 йилда Львов шаҳрида диндор яҳудий оиласида туғилди. Унинг отаси Австрия армиясида хизмат ўтаётган чоғида ҳалок бўлган. Маврикий хедерда (Хе́дер –анъанавий ашкеназ яҳудий таълим тизими бўйича бошланғич мактаб) ва раввин уйида иврит тили ва танах (танах –яҳудийларнинг муқаддас 24 та китобининг умумий номланиши) бўйича таҳсил олган. Яҳудий мактаби ва гимназиядан сўнг у Львов университетининг филология факеультетига ўқишга кирди. Унинг таҳсили фашист кайфиятидаги студентларнинг антисемит (яҳудийларга қарши нафрат) акциялари оқибатида чала қолди. Вайс ўқишни 1940 йилдагина битказди.

Маврикий Вайс Львов области архивида илмий ходим бўлиб ишлади. Уруш бошида у эвакуация қилишда  қатнашди. Ўзи бир неча архивларда ишлади, Тошкент области архивида илмий ходим бўлди. Кейинроқ уни ЎзССР НКВД архив бўлимига катта илмий ходим қилиб ўтказишди, 1959 йилда эса бўлим бошлиғи ўринбосари бўлди.  Бу бўлим ЎзССР Давлат Архив Бошқармасига айланганида ҳам ўша ерда ишлаб, 1985 йил нафақага чиқди.

Маврикий Вайс ҳужжатларнинг сифати ўлчовларини ишлаб чиққан. Шу баҳолаш тизими асосида СССР Министрлар Советининг махсус фармонлари нашр қилинган.

Маврикий Вайс Хива ва Қўқон хонларининг ҳужжатларини  Ленинград Марказий Давлат тарихи архиви  (ЦГИА) дан Тошкентга кўчиришга муваффақ бўлган. Вайснинг фаолияти туфайли Ўзбекистон тарихига оид кўпгина ҳужжатлар, шунингдек баъзи алоҳида ҳужжатларнинг нусҳалари ҳозирда Ўзбекистон давлат миллий архивида сақланмоқда.

Касбдоши профессор Валк Ленинградга кетгач, Вайс кўпгина археографик ҳужжатларнинг чоп этилишига имконият берувчи семинарларни ўзи ўтказиб турди.

П.С.Котляр билан биргаликда “Туркманистонда сайловлар қандай ўтказилар эди” «Как проходили выборы в Туркменистане» (1947 г.) тўпламининг муҳаррири ва тузувчиси бўлди. “Грабовский  – телеефото ихтирочиси”  («Грабовский  – изобретатель Телефото») ва бошқа тўпламларга муҳаррирлик қилди.

Кейин Маврикий Леонович Вайс 1996 йилдан то 1998 йилда вафот этгунига қадар Исройилда яшади.

Н.А. Халфин

Нафтула (Анатолий) Халфин 1921 йилда Киевда туғилган. Ватан уруши пайтида Шарққа стратегик юклар жўнатишда кузатувчилик қилди. У тиришқоқлик билан Шимолий-Осетия пединститутида олий филологик  маълумот олишга эришди. Кейинроқ Томск университетида архив бўйича махсус курсни битириб, тарих бўйича ҳам маълумотли бўлди.

1943-1944 йилларда у Тошкентда ЎзССР Октябрь инқилоби Марказий Давлат Архиви (ЦГАОР) да илмий ходим бўлиб ишлади. 1945- 1952 йилларда  Ўз ССР Марказий Давлат тарихи архиви (ЦГИА) да илмий ходим, кейин директор бўлди. 1946 йилда “1888 -1895 йилларда  Помир учун кураш”  архив ишлари бўйича номзодлик диссертациясини ёқлади. 1948 йилда Халфин (с З.И.Агафонова билан биргаликда) ЎзССР Ўзбекистон Марказий Давлат тарихи архиви  (ЦГИА)  («Путеводитель по ЦГИА УзССР») – биринчи илмий нашрни чоп эттирди. Бу архив ҳужжатлари бўйича маълумотнома эди. Яна у Агафонова билан ҳаммуаллифликда “ Ўрта Осиё тадқиқотчилари бўлмиш рус олимлари” («Русские ученые – исследователи Средней Азии») мавзуида бир нечта ҳужжатлар тўплами чиқарди.

1952 йилда Ўрта Осиё Давлат университети (САГУ) да дарс беришга ўтди. У ерда Халфин  ўз илмий -тадқиқотчилик ишини ҳам давом эттирди. Шарқшунослик ва тарих факультетларида “Янги ва энг янги Шарқ тарихи” курсидан дарс ўтди.

Нафтула Халфин Ўрта Осиё, Қозоғистон ва Осиё билан чегарадош мамлакатлари тарихчилари мактабини яратди, ўнлаб шарқшунос ва тарихчи мутахассисларни тайёрлади. Доктор Н.А.Халфин  150 дан ортиқ илмий мақолалар ва 20 та монография муаллифидир.

1956- 1987 йилларда СССР ФА Шарқшунослик институтида илмий ходим бўлиб ишлади, Ўрта Осиёни тадқиқ қилиш гуруҳига раҳбарлик қилди. 1971 йилдан Совет Шарқининг хориж Шарқи билан маданий алоқалари тарихи бўлимининг янги ва энг янги тарихи секторига мудирлик қилди.  1962 йилда докторлик дессертациясини ҳимоя қилди.

У 1987 йилда СССР да вафот этди.

Фото: Вайс М.Л., Халфин Н.А., Ланда Л.М. ва унинг қизи  Вика, Тошкент, 1963й.

А.И.Зевелёв

Абрам (Александр) Зевелёв 1921 йилда Белоруссиянинг Могилёвск области, Дрибин посёлкасида дунёга келди. Ватан уруши бошлангач, махсус тайинланган отрядда  душманга қалқон қаторда туриб жангларда қатнашди. Оғир яраланиб, Тошкентдаги госпиталга жўнатилди.

1945 йилда Ўрта Осиё Давлат университети (САГУ) нинг тарих факультетини тугатди. Шу йили Тошкент область Давлат архивига катта илмий ходим бўлиб ишга кирди, кейин Тошкент области ички ишлар бошқармаси Архив бўлими директори бўлди.  1947 йилда номзодлик диссертациясини ёқлади. Бир йилдан сўнг Ўрта Осиё Давлат университети (САГУ) га ўқитувчиликка ўтди, шу билан бирга илмий-тадқиқот ишларини ҳам бошлади.

1959 йилда “Ўзбекистонда фуқаролар уруши тарихидан” («Из истории гражданской войны в Узбекистане») монографиси бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Абрам Израилевич Ўзбекистонда бутун бошли олимлар мактабини ярата олди. Унинг илмий раҳбарлиги остида кўпгина олимлар номзодлик ва докторлик диссертацияларини ёқладилар.

1967 йилдан у Москвага кўчиб ўтди. Москва чет тиллар институти, кейин Москва тарих-архив институтида профессорлик қилди. Абрам Израилевичга “ЎзССР хизмат кўрсатган фан арбоби” унвони берилган. 1990 йилда Россия табиий фанлар академияси академиги этиб танланган. 2004 йилда вафот этган”.

Йоси Бирнбаум мақоламизнинг асосий қаҳрамони  М.И.Вексельман ҳақида ҳам маълумот беради. Вексельман оиласининг Украинадан Тошкентга эвакуация қилиниши, 1945 йилда 8-синф ўқувчиси эканлигидаёқ, ЎзССР Октябрь инқилоби Марказий давлат Архивига (ЦГАОР) ишга олингани ҳақида ёзади. Унинг 1963 йилда Москва тарих-архив институтида “Ўзбекистонда совет ҳокимияти ўрнатилиши тарихининг ҳужжатли манбалари” (Документальные источники по истории установления Советской власти в Узбекистане») мавзусида номзодлик диссертацияси ёқлаши, 1965-1991 йиллар давомида Тошкент Давлат Университети тарих кафендрасида дарс бериши, 1972 йилдан 1990 йилгача Ўзбекистон Давлат Архив Бошқармаси илмий кенгаши аъзоси бўлганлигини қайд этади.

“Макс Вексельман – Ўрта Осиё билан боғлиқ 60 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи, шунингдек Ўзбекистондаги яҳудийлар тарихи ҳақида ҳам ўрганган. Унинг “Оренбургдан Бухорогача саёҳат” («Путешествия из Оренбурга до Бухары») мақоласида Туркистон ҳудуди тасвирланган  қимматли маълумотлар бор”, дея эътироф этади.

Қуйидаги ҳаволаларда  Вексельман мақолаларини кўришингиз мумкин:

Российский монополистический и иностранный капитал в Средней Азии (конец XIX-начало XX вв. ) : автореферат дис. … доктора истор. наук : 07.00.02 АН УзССР. Ин-т истории

Современная эпоха и мировой революционный процесс М. Вексельман

Российский монополистический и иностранный капитал в Средней Азии (конец XIX-начало XX в.) М. И. Вексельман; Ташк. гос. ун-т им. В. И. Ленина

https://archive.org/details/vekselman-book

Фото: М.Вексельман мақолаларидан бири

Макс Вексельман 1955 йилда ёзган  “Англо-америка империалистларининг XIX аср охири  ва XX аср бошида Ўрта Осиёга юришлари” («Происки англо-американских империалистов в Средней Азии в конце XIX – начале XX веках») ва 1956 йилда нашр этилишида қатнашган  “1916 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистондаги қўзғолон” (“Восстание 1916 году в Средней Азии и Казахстане») тўплами ни (автореферати) Россия, Молдова Миллий кутубхоналари каталогидан ҳам топиш мумкин.

Макс Вексельман 1991 йилдан Исройилда яшайди. Негевда Бен Гурион Университетида тарихчи-тадқиқотчи бўлиб ишлайди”, деб ёзган Йоси Бирнбаум.

Фото: М.И.Вексельман ҳақида нашрлар маълумот беради.

“Мана яқинда Москвалик коллекционер М.Твердохлебов  “Хамза” спектаклининг дастурини сканер қилиб юборди. Ўзбек тилидан матнни идиш тилига Дэр Нистэр (П. Каганович) таржима қилди. Макс Вексельман спектаклнинг  қачон, қандай қилиб қўйилганини (яҳудий театрлари ГОСЕТ нинг Ўзбекистондаги фаолиятини) гапириб берди. Мен бўлсам, бу аниқ ҳужжат билан танишиш истагида бўлганларга уни тақдим қиламан”.

Фото: “Хамза” спектаклини ўйнаган яҳудий театри программаси. М.Вексельман сақлаган.

Кўриниб турибди-ки, Макс Вексельманнинг ҳар бир йиғиб-терган ҳужжати, ҳар бир фактли маълумоти, асраган фотолари ўз даврида тарих учун катта хизмат қилган. Макс Исакович доимо фойдали инсон бўлган, дейиш мумкин. Ҳам, тузини еб, улғайган, мутахассис бўлиб етишган юрти Ўзбекистон учун ҳам, тарихий юрти Исроил учун ҳам.

Мавлуда Тошпўлатова

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг