«Курашади икки тўлқин»

0
1718
Фото: webdiscover.ru

“Курашади икки тўлқин,
Қараб турайми?”

Бу гўзал ва маънодор мисралар Ойбекники. У ҳам ўз даврида ана шундай бир-бири билан ўзаро курашаётган тўлқинлар ўртасида қолган. Буларнинг бири – жадидлар, шунингдек, шўролар бизга “босмачи” деб танитган, аслида, миллат қаҳрамонлари бўлганлар тўлқини эса, бошқаси – советпарастлар тўлқини эди. Буни шоирнинг “йўқ, болғалар сафи ила борамен” дея ўз сафини белгилаганидан ҳам билсак бўлади.

“Ўроқ ва болға” – бу советнинг рамзи, ишчи билан деҳқоннинг рамзи эди. Шоир ўз вақтида танлов қилар экан, минглаб, миллионлаб ўзининг авлоди каби “тўғри қиляпман!” деб ўйлаган. Лекин вақтлар ўтиб (“Ошкоралик йиллари”да!), унинг ва авлодларнинг нотўғри йўл тутгани аён бўлди. Буни Ойбекнинг ўзи ҳам ҳис қилган, ич-ичидан тушуниб етганми, деган ўйларга бораман баъзан. Йўқса, улуғ шоирнинг манавиндай оғриқли тўртликлари битилмасмиди:

Ҳақиқат соқовдир, заифдир инсон,
Тошлар ҳам йиғлайди – сир тўла осмон.
Ҳақиқий олам не? Жавоб йўқ, ҳайҳот!
Файласуф тўқийди ҳисобсиз ёлғон.

Бу ерда шеър мазмуни универсал маъно касб этиб, “умуман, ҳақиқий олам нима ўзи?” деган катта, фалсафий умумлашмаларга чиқилган. Лекин ўша вақтдаги “соц.реализм” адабий методи оламнинг нима эканлигини марксизм ва ленинизмни дастак қилган коммунистик материализмдан келиб чиққан ҳолда ғоят аниқ қилиб тушунтириб берган эди. Ҳамда бу тушунтиришлар муқаддас ҳақиқатлардек тарғиб этиларди. Ойбек эса, мазкур тўртлигида ўша “муқаддас ҳақиқат”га шубҳа қилганди. Ўз даври учун бу шубҳа инқилобий ҳодиса эди…

“Курашади икки тўлқин
Қараб турайми?”

Ҳозир ҳам мана шу савол долзарб бўлиб кўринмаяптими сизга?..

Атрофимизга қарайлик, қанча тўлқинлар бир-бири билан олишиб ётибди. Бу тўлқинларни шартли маънода икки гуруҳга ажратиб олсак, хўш, биз қайси томоннинг ёнини оламиз? Бир тўлқин ёнини олар эканмиз, эртани, келажакни ҳам ўйлаяпмизми?..

Бугун мансаб курсимизда узоқроқ ўтиришни кўзлаб кучли томонга ён босишимиз мумкин, лекин эртага кучли кучсизга айланиб, вазият ҳалол таҳлил қилинганда, катта хато қилганимизни, хато нима бўпти, миллат ва ўзимизга, ўзлигимизга хиёнат қилганимизни англаб, тилни тишлаб қолмаймизми?

Келинг, курашаётган энг шиддадкор тўлқинларга озроқ аниқлик киритиб олайлик. Аслида, улар ҳаёт йўлимизда сон-саноқсиздир. Лекин долзарблилик нуқтаи назаридан бир нечтасини санаймиз:

1. ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига қўшиламизми, йўқми?
2. Коррупцияни йўқ қиламизми, йўқми?
3. Чинакам демократик жамият қурамизми ёки шундай давом этамизми?
4. Ҳар бир соҳанинг жиловини ўзининг муносиб эгаларига топширамизми ёки таниш-билишчилик, “хўжа-қул” моделида ишлайверамизми?
5. Фақат дунёни деймизми ёки охиратни ҳам ўйлаймизми?..

Саволларни жуда ҳам соддалаштирадиган бўлсак, қийналсак ҳам тўғри бўлиб яшаймизми ёки беш кунлик дунёнинг фароғатини дея, эгри бўлиб ўтамизми?..

Ҳар куни, ҳар жабҳада ҳар биримизнинг қаршимиздан чиқмоқда бундайин саволлар – йўллар. Хўш, қайси бирини танлаймиз? Иложимиз қанча, ҳаёт мангу танловлар майдони экан-да. Ҳатто эртакларимизда қаҳрамонлар учта йўл бошидан чиқиб қолади. Аммо ўша эртакларда халқ кимни қаҳрамон қилиб олган, эслаймизми? Кенжа ботирни! Нега? Чунки у энг қийин йўлни танлаган – “борса келмас”ни! Танлаб, мушкулотларни енгиб ўтади, “борса келмас”ни борса келар”га – энг тўғри йўлга айлантиради ва қаҳрамонга айланади. Катта ва ўртанча ўғил эса хавфсизроғини танлаб, ўқувчи (халқ) назаридан қолади.

Хўш, биз-чи?

Менинг, сизнинг, унинг танлови қандай бўлади?.. Келажагимиз ана шу танловларга боғлиқ, сезаяпсизми?..

Курашади икки тўлқин…

 

Улуғбек Ҳамдам

(2020 йил 22 май)

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг