Курант, Чорсу, яначи? Тошкент нега сайёҳларни жалб этмайди?

0
1051
Очиқ манбалардан олинган сурат

Тошкентга ташриф буюрадиган хорижликлар билан касб тақозоси билан гаплашиб тураман. Уларнинг аксарияти туристлар эмас, балки иш билан келган мутахассислар ва бизнесменлардир. Лекин, ким бўлишидан қатъи назар, янги давлатга, ҳатто янги шаҳарга келганида уни сайр қилади, диққатга сазовор жойларини кўришга ҳаракат қилади.

Хуллас, хорижлик танишлар, ҳамкасблар Тошкентни айланиш олдидан маслаҳат сўрашади. Уларга тавсиялар бериш жараёнида ўзимда баъзи саволлар туғилади: Тошкент куранти, YouTube-блогерлар кўп кўрсатадиган овқат бозори-ю Чорсу каби ориенталистик тавсиялардан ташқари қандай ўзига хос жойларни биламан? Шахсан ўзимга жуда ёқадиган нуқталар борми Тошкентда? Умуман, пойтахтимизнинг қиёфасини акс эттирадиган, сайёҳнинг эсида қолиб кетадиган нималар бор?

Фото коллаж

Бу саволларга жавоб топиш ўйлаганимчалик осон эмас экан. Машҳур блогерлардан бири айтганидек, Тошкентда кўнгилочар машғулотлар ва айланадиган жойлар камлигидан одамлар ресторан ва чойхоналарга югуради; ўйлаб қарасам, ўзим ҳам баъзи сифатли хизмат кўрсатадиган, тинч ресторан ва қаҳвахоналарда ўтириб ҳордиқ чиқаришни маъқул кўрар эканман. Кўпгина давлатларда аҳолининг севимли машғулоти бўлмиш дарахтзорлардан иборат боғларни ва гавжум кўчаларни кезиш эса бизда кенг тарқалмаган, бундай масканлар жуда озлиги туфайли. Айни пайтда паркларимиз, клубларимиз, кўнгилочар масканларимиз эсда қоларли кўринишга ва мундарижага эга эмас.

Бундай ўйловлар мени мавзуни жиддий ўрганишга чорлади. Изланишларим натижасида шаҳарнинг қиёфаси тарихан шаклланишини ва соғлом урбанистик сиёсат ёрдамида тўлдирилишини, туристларни чорлайдиган нарса ҳашаматли бинолар эмас, айнан шаҳарнинг эсда қоларли, ўзига хос қиёфаси эканини ўргандим.

Аммо Тошкентда бу йўналишда иш олиб бориляптими? Умуман, Тошкентнинг қиёфасини ниманинг ҳисобидан шакллантириш мумкин? Туристлар нега Тошкентни маъқул кўрмаяпти? Туризмни ривожлантириш вазирлиги бу каби саволларга жавобан одатда сайёҳлар оқими тинмай ўсаётганини кўрсатадиган улкан рақамларни келтиради, аммо биз кўзимиз билан кўрган реалликни тан олишга мажбурмиз: Тошкентда сайёҳлар, умуман чет элликлар кўп эмас, улар Истанбул ёки Дубайдаги каби шаҳар аҳолисининг ажралмас қисмига айланиб қолмаган.

Бунинг сабабларини қуйида қидириб кўрамиз.

Фан нима дейди?

Шаҳарнинг туристик қиёфаси масаласи фақат журналистлар ёки туристик агентликлар муҳокама қиладиган мавзу эмас. У илм-фан нуқтаи назаридан ҳам ўрганилади, зеро илмий ёндашувларсиз мавзунинг турли жиҳатларини ўрганиш ва истиқболларини башорат қилиш имконсиз. Шу боис, ўрганишни илмий тадқиқотлардан бошладим.

Урбанист М.А. Спирченконинг фикрича, “шаҳарни ўзига хос хусусиятларга эга ноёб маҳсулот тури сифатида баҳолаб, у имтиёзларга эга бўлиши учун маълум тарғиботни талаб қилади. Яъни шаҳар тимсоли остида шаҳарнинг тарихан шаклланган қиёфасини минтақа ёки мамлакат тизимидаги ижтимоий муносабатларнинг субъекти сифатида тушуниш мумкин, бу эса миллий, ижтимоий, маданий ва шаҳар омиллари туфайли намоён бўлади”.

Шаҳар қиёфаси одатда тарихий ёдгорликлардан ҳамда шаҳар муҳитини яратишга хизмат қилувчи инфраструктурадан – бозорлар, майдонлар, боғлар, кўнгилочар масканлар ва ҳоказолардан иборат бўлади. Шу тариқа шаҳарнинг туристик қиёфаси ҳам шаклланади.

Туризм соҳасида кўп йиллар ишлаган, айни пайтда медиада фаолият юритаётган тадқиқотчи ва блогер Жаҳонгир Остоновнинг айтишича, “туристик қиёфа деганда туристларни жалб қилишга мўлжалланган ҳудудлар назарда тутилади. Бизда одатда тарихий қиёфа туристик қиёфа вазифасини бажариб ҳам беради. Ўзбекистоннинг маданий, архитектура туризми йўналиши асосий эканлиги бунга сабаб десак бўлади.

Тарихий қиёфа бу шаҳарнинг асрлар давомида сақланиб келинаётган қиёфаси. Тарихий бинолар, тарихий маҳаллаларнинг сақланиб қолганини тушуниш мумкин”.

Ўзбекистонда туризм соҳасининг асосий локомотиви айнан тарихий ёдгорликлардир. Туристик агентликлар, туризм соҳасига жавоб берувчи давлат идоралари айнан мана шу ёдгорликларга урғу бериб, ўз пиар-кампанияларини олиб боради, реклама материалларини тайёрлайди, яъни саёҳларнинг Шарқ тарихига қизиқишигагина ишониб қолади. Туризм соҳасида ишлаган яна бир ёш ўзбек тадқиқотчиси, шарқшунос Акбар Идиевнинг айтишича, “бу айни пайтда Ўзбекистон туризмининг асосий муаммоларидан бири ҳамдир, зеро тарихий қиёфага ортиқ даражада урғу берилиши мақсадли аудиториянинг торайишига сабаб бўлади, мамлакат бошқа мақсадларда саёҳат қиладиганларнинг эътиборини торта олмайди”.

Унга кўра, шу сабабдан Ўзбекистонда соҳа турғунликка учраган, зеро, Шарқнинг экзотик тарихий биноларига ҳамма ҳам қизиқавермаслигини инобатга олмасак ҳам, сайёҳларга бунинг ўзи камлик қилади: ҳар қандай инсон янги давлатга келганида бир қанча тарихий масканларни томоша қилиш билангина чекланмай, у ерда қулай шароитда яшашни, мароқли дам олишни, кўнгил ёзишни, тарихгагина кўмилиб қолмай, замонавий цивилизация ютуқларини кўришни истайди.

Маҳаллий аҳолига шароит яратиш туристларга шароит яратиш демакдир

Юқорида айтилганидек, тарихий шаҳарлар ёрдамида сайёҳларни жалб қилишга уринадиган ўзбек туризми худди ўша жойларда замонавий инфратузилма, замонавий кўнгилочар амалиётларни яратишга уринмайди, зеро, кўп ўзбек амалдорлари ва консерватор зиёлилари кўп такрорлайдиган бир фикрга кўра, “тарихий биноларнинг ўзи етади, чет эллик бизга осмонўпар бинолар ва замонавий яхталарни томоша қилишга келмайди, ўзларида ундан зўри бор”. Бундай қараш янглиш эканини ва соҳага зарар келтираётганини туризм ва сайёҳлик мавзусида ёзадиган блогер ва журналистлар айтиб келади.

Масаланинг бошқа бир жиҳати ҳам бор. Кўпгина урбанистларнинг таъкидлашича, туристлар учун алоҳида шарт-шароит яратишга эҳтиёж йўқ; моҳиятан, оддий аҳоли учун қулай шаҳар муҳити яратиш кифоя. Агар шаҳар пиёда юришга қулай бўлса, ҳар қадамда керакли хизматлар кўрсатилса, дарахтзорлар ва боғлар мавжуд бўлса, кўнгилочар машғулотлар кўп бўлса, бунинг бари маҳаллий аҳоли қаторида туристларга ҳам хизмат қилади.

Шу тариқа, Ўзбекистоннинг, хусусан, Тошкентнинг урбанистик муаммолари бевосита туризм ривожига ҳам таъсир кўрсатади; ноқулай шаҳарларга туристлар келмайди.

Ортиқча эътибор ортиқча ташвиш туғдиради

Жаҳонгир Остоновнинг уқтиришича, “глобал туризм қуйидаги схема бўйича ишлайди: аксарият сайёҳлар туристик агентликларга мурожаат этмай, ўзи мустақил саёҳат қилишни маъқул кўради; чипта олади, Booking’дан меҳмонхона топади ва учиб келиб, бир-икки ҳафта айланиб кетади. Туризм вазирлиги учун энг муҳими туристик агентликларни бойитиш эмас, сайёҳ келиб, шу ердаги дўкончига, ресторан эгасига, бирор бошқа хизматга пул ташлаб кетишидир.

Жаҳонгир Остонов, туризм соҳаси эксперти.

Аммо Ўзбекистонда туризм соҳаси масъуллари соҳани мутлақо бошқача тушунишади. Уларнинг фикрича, туристларни кимдир гуруҳ-гуруҳ бўлиб олиб келиши ва фақатиган амалдорлар нуқтаи назаридан туристларга қизиқ бўлган жойларни кўрсатиши керак. Ҳатто туристлар олиб кирилиши лозим бўлган ресторанлар рўйхатлари бор, гўёки “оддийроқ” ресторанлар бизни “шарманда” қилиб қўядигандек”.

Қолаверса, “сайёҳларга фақат тарихий бинолар қизиқ, демак, бу биноларни уларга чиройли қилиб кўрсатишимиз керак” деган мантиқ бўйича ишлайдиган амалдорлар бу биноларни “реставрация” қилиш баҳонасида уларни сохта, ясама объектларга айлантириб қўймоқда, тарихий руҳини йўқотмоқда.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, туризмни ривожлантиришнинг ягона йўли туристларни тинч қўйишдир. Токи улар бемалол келиб-кета олсин, ўзлари хоҳлаган жойга бора олсин. Бу шароитни яратиш кифоя.

Туристик оқимни кўпайтириш учун эса эски биноларни ўнинчи қайта реставрация қилиш эмас, шаҳарларимизни яхшилаш, уларнинг қиёфасини шакллантириш талаб этилади.

Тошкентнинг ўз қиёфаси мавжудми?

Тошкентнинг қиёфасини шакллантирувчи бинолар ва масканлар меъморий жиҳатдан тўрт даврга оид:

  1. Эски шаҳар қисми;
  2. Россия империяси даврида шаклланган қисм;
  3. Совет даври меъморчилигига оид қисм;
  4. Мустақиллик даври архитектурасига оид қисм (қурилишлар).

Тошкентга жануб томондан кириб келишингиз билан аралаш тоифадаги қурилишларга гувоҳ бўласиз. Номини ошкор қилишни истамаган бир меъмор суҳбатдошимизнинг айтишича, қурилишларнинг аксарияти маълум режасиз амалга оширилаётгани, шаҳар қиёфасини шакллантиришда қурилишларни маълум бир услубга бўйсундириш йўқлиги боис бу қурилишлар пойтахтнинг қиёфасини шакллантиришга эмас, бузишга хизмат қилмоқда. Жумладан, охирги йилларнинг энг катта урбанистик лойиҳаси бўлмиш Tashkent City ҳам бирор эсда қоладиган ўзига хосликка, ноёбликка эга эмас. Бошқа қурилишлар эса асосан кўп қаватли уйлардан иборат бўлиб, бир-биридан кўп фарқ қилмайдиган, Туркия ва Дубайнинг эски меъморчилик намуналаридан кўчирилган дизайнлар асосида қурилмоқда.

Тарихий қиёфа бугун миллий кўринишда қисман Эски шаҳарда сақланган; бу қисм туристик имиж яратган дея оламиз. Фикримизни Жаҳонгир Остонов  ҳам тасдиқлаб, шаҳарнинг бу қисми европаликларда қатта қизиқиш уйғотишини билдирди.

Собор Святейшего Сердца Иисуса
Фото: turi-uzbekistana.ru

Россия империяси ва совет даврига хос услуб Алишер Навоий, Бобур, Шота Руставелли, Мустақиллик кўчаларида яхши сақланган. Шу соҳада тадқиқот олиб борган германиялик олим Йенс Йордан Тошкентнинг марказий қисми атрофи, Лашкарбеги кўчасидан Маҳатма Ганди кўчаси орқали Паркент кўчасигача бўлган қисмни алоҳида қимматга эга сифатида қайд этади., бу ердаги бинолар асосан империя ва совет даври меъморчилигини ўзида акс эттирган ҳамда алоҳида концепция асосида шакллантирилган деб хулоса беради. Қизиғи, бу ҳудудлардаги бинолар одатда алоҳида туристик маршрутларга киритилмайди, яъни ўзбекистонлик туристик соҳа мутасаддилари томонидан туристик қизиқиш объекти сифатида кўрилмайди.

Мустақиллик даври архитектураси асосан давлат идораларида кўринади. Бу услуб Туркманистоннинг Ашхобод шаҳри меъморчилигига ўхшаш ва урбанистика йўналишида ижод қилувчи блогерлар орасида ҳазиломуз “Каримов ампири” деб аталади.

Боридан фойдаланяпмизми?

Бир сўз билан айтганда, Тошкентда муайян қиёфа яратиш учун имконият, салоҳият мавжуд, аммо бундан тўғри фойдаланиш ўрнига, аксинча, бор мерос секинлик билан йўқ қилинмоқда: империя ва совет даври бинолари бузилмоқда, эски маҳаллалар йўқ қилинмоқда (ана шундай маҳаллалардан бирининг ўрнига юқорида тилга олинган Tashkent City қурилган эди), янги қурилаётган бинолар Тошкентга ўзига хослик, муайян услуб ва тартиб бағишламаяпти.

Тошкент марказида типик «Бразилиа эффекти», яъни шаҳар ҳудудини норационал ишлатиб, ноқулай бўш ҳудудлар қолдириш намунаси

Акбар Идиев: “Мустақиллик йилларида соҳада амалга оширилган ишларни хронологик таҳлил этадиган бўлсак, соҳага оид алоҳида қийматга эга манзилгоҳларнинг кўпчилиги бузилганлигини гувоҳи бўламиз, хусусан буни Себзор, Нурафшон, Қорасарой мавзелари мисолида кўриб ўтишимиз мумкин. Жорий йил феврал ойида Тошкентнинг эски шаҳар қисмида жойлашган Зарқайнар кўчаси атрофи ЮНЕСКО Умумжаҳон меросининг вақтинчалик рўйхатига киритилиши шаҳарнинг аслиятини ўзида сақлаган маълум қисми сақланишига сабаб бўлса нур устига аъло нур бўлар эди. Аммо у ерда олиб борилиши лозим бўлган ишларда экспертлар хулосаси инобатга олиниши талаб этилади”.

Акбар Идиев, шарқшунос, туризм соҳаси эксперти.

Бугина эмас. Юқорида айтганимиздек, туристларни, эски бинолардан ташқари, соғлом шаҳар муҳити, пиёда сайр қилиш ва кўнгил ёзиш имкониятлари ҳам жалб қилади. Бу борада ҳам мутлақо тескари ишлар қилинаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз: дарахтлар кесиб ташланмоқда, соя-салқин боғлар жаҳонда аллақачон эскилик сарқитига айланиб қолган аттракцион паркларига айлантирилмоқда; шу билан бирга, янги дарахтзорлар, хиёбонлар, пиёда сайр қилиш имконини берадиган масканлар ташкил этилмаяпти, кўнгилочар масканлар тури ва миқдори “маънавият” ва “миллийлик” баҳонасида чекланмоқда.

Энг муҳими – Тошкентни пиёда сайр қилиб бўлмайди, диққатга сазовор масканларнинг бир-биридан узоқлиги, пиёда кўчаларнинг мавжуд эмаслиги, машина йўлларининг кўплиги, кенглиги ва хавфлилиги, жамоат транспортининг ривожланмагани мустақил тарзда (туристик автобуссиз) шаҳар айланишни жуда қийинлаштиради.

Тошкентда шаҳар муҳитини яратадиган энг муҳим кўчалардан бири – «Бродвей» узоқ йиллар шаҳар ҳаёти учун ёпиқ бўлди, ҳозир ҳам етарлича самарали ишлатилмаяпти.

Буларнинг бари Тошкентнинг ўзига хос қиёфага эга, яшаш ва айланиш учун қулай шаҳарга айланишини деярли амалга ошириб бўлмайдиган ишга айлантириб қўймоқда.

Вазиятни ўзгартириш мумкинми?

Юқорида таърифланган муаммоларга қарамай, вазиятни ҳали ҳам бўлса ижобий томонга ўзгартириш мумкинлигини биз билан суҳбатдош бўлган барча экспертлар эътироф этди.

Бу борадаги дастлабки икки қадам энг муҳим аҳамиятга эгадир:

– туризм соҳасини бироз бўш қўйиш, сайёҳларга исталган шаклда келиб, ўзлари хоҳлаган жойларни айланишга, ўзлари истаган хизмат ва инфраструктурага мурожаат қилишга шароит яратиб бериш, шунга мувофиқ туристик объектларни тинч қўйиш, янги ва туссиз туристик масканлар қуришдан воз кечиш;

– аввало маҳаллий аҳолига қулай шаҳар муҳити яратиш, жамоат транспортини ривожлантириш, боғлар, пиёда кўчалар яратиш, Тошкентни замонавий урбанистика талабларига мослаштириш.

Мана шу ишлар амалга оширилганидан сўнг соҳада сезиларли ўзгаришлар бўлади. Умуман, давлатнинг соҳага ортиқ даражада аралашуви доим ҳам яхши натижа бермайди, айнан туризм соҳасида саёҳат учун шароит, имкониятлар қилиб бериш, ҳужжатбозликни соддалаштириш, туристик бизнес юритишни осонлаштириш каби чоралар етарли.

Бундан ташқари, нафақат туристик агентликлар ва меҳмонхоналар эгаларини, балки ҳар қандай кичик дўкондорни, шаҳардаги ҳар қандай катта-кичик масканни туристлар билан мулоқот қилувчи ва улардан манфаат кўрувчи актор, бозор иштирокчиси сифатида кўриш керак. Шунда бозор ўз-ўзидан кенгайиб, манфаатдорлар кўпайиб, соҳа ўсади. Бозор механизмларининг ўзи туристик оқимнинг кўпайишига ва жараёнда Тошкентнинг ўзига хос қиёфаси шаклланишига олиб келади.

Орифахон Ғуломова

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг