6 январдан бошлаб Хитойнинг шимолий Ҳебей провинциясида жойлашган Шижиазҳуанг шаҳрига кириб чиқиш тақиқланди ва бу шаҳардаги барча мактаблар ёпилди. Бунга ушбу шаҳарда коронавирус ҳолатлари кўпайгани сабаб бўлган.
Чоршанба куни Шижиазҳуанг шаҳрига олиб борувчи ўнта катта магистрал йўл ёпилди ва шаҳар ташқарисида вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида автобус терминалининг фаолияти ҳам тўхтатилди. Ушбу шаҳар пойтахт Пекиндан 300 километр жанубда жойлашган бўлиб, унда 11 миллиондан кўпроқ аҳоли яшайди.
Шижиазҳуангда сўнгги бир неча кун ичида 117 кишининг коронавирусга чалингани аниқланган бўлиб, уларнинг 78 нафарида касаллик аломатлари сезилмаган. Бу эса шаҳар бўйлаб кенг миқёсдаги текширувларни бошлашга туртки бўлди.
Шижиазҳуангдаги Хиаогуозҳуанг тумани «юқори хавфли» ҳудуд деб таснифланган ва батамом беркитиб қўйилган. Соғлиқни сақлаш органларининг айтишича, ушбу тумандаги 40 минг кишининг барчаси вирус текширувидан ўтган.
Дунёнинг бошқа мамлакатларидан фарқли ўлароқ Хитой қаътий чекловлар орқали коронавирус тарқалишини назоратга олишга муваффақ бўлганди. Лекин, яқин вақтларда мамлакатнинг бир неча ҳудудларида вирус авж олиши ҳолатлари кузатилмоқда. Бу вирус тарқалган ҳудудларда аҳолини оммавий текширувдан ўтказиш ва чекловлар ўрнатилишига сабаб бўлмоқда.