Коронавирус Лотин Америкасига ҳам етиб келди

0
1893
Фото: Andre Penner—AP

Бразилиянинг Сан-Пауло шаҳрида 26 февраль куни 61 ёшли кишига коронавирус ташхиси қўйилди. Ушбу бемор 9 февралдан 21 февралгача Италия шимолидаги Ломбардия шаҳрида бўлиб қайтган. Бу Лотин Америкасида коронавируснинг биринчи ҳолатидир.

Бразилиялик беморнинг аҳволи яхши ва кейинги 14 кун давомида якка ҳолда назоратга олинади, дея хабар берди Сан-Паулудаги Альберт Эйнштейн касалхонаси ўз баёнотида.

Расмийлар бемор билан алоқа қилган 60 киши, шу жумладан унинг рафиқаси ва унинг ёнида парвоз қилган баъзи йўловчилар билан шуғулланишмоқда.

«Бизда ҳали ҳам коронавируснинг Жанубий Америкада қай тарзда ҳаракатланиши бўйича барча саволларга жавоб йўқ», деди соғлиқни сақлаш вазири Луиз Анрике Мандетта. Унинг таъкидлашича, Бразилиянинг тропик иқлими ва ёзнинг охиридаги об-ҳаво касаллик тарқалишини секинлаштириши мумкин.

Мандетта мамлакатда янги коронавирус билан боғлиқ 20 та шубҳали ҳолатлар мавжудлигини ва келгуси кунларда бу рақам яна ошиши кутилаётганини айтди.

Шунингдек, вазир тиббий асбоб-ускуналарнинг, масалан Хитойда ишлаб чиқарилувчи юз ниқобларининг барқарор таъминотида узилиш бўлишидан хавотир борлигини қўшимча қилган.

Маълумот ўрнида, ўтган йилнинг охирида Хитойнинг Ухан шаҳрида пайдо бўлган коронавирус ҳозиргача 80 мингга яқин одамга тарқалган ва 2700 дан ошиқ одам унинг қурбонига айланган.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг