Массачуссетсдаги «Moderna» биотехнология компанияси томонидан вакцина синовига талабгор одамларда қайд этилган илк ижобий натижалар — коронавирусга даво топиш йўлидаги курашда муҳим воқеа бўлди. Тажриба якунида 45 нафар кўнгиллида вирусдан холи, нейтрал антитаначалар пайдо бўлишига эришилди.
Тадқиқот АҚШ Соғлиқни сақлаш миллий институти томонидан олиб борилди. Компания ўзи яратган вакцинадан фойдаланишни куз фаслидаёқ йўлга қўйишга жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Бундай кўламли жараён вакцина ишлаб чиқариш тарихида ҳали бўлмаган.
Душанба куни эрталаб инвесторлар тест текширувининг дастлабки натижаларини қўллаб-қувватлашди ва «Модерна» акциялари 25 фоизга ошди. 2020 йил боши — компания коронавирусга қарши вакцинасини тақдим этгандан буён унинг улуши уч баробардан кўпроқ ўсди. Ҳозирда «Модерна»нинг бозор қиймати 25 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда.