Кореядаги ноқонуний меҳнат мигрантларимиз ҳисобига Ўзбекистонга бериладиган иш ўринлари квотаси камайтирилади…ми?

0
1988
Фото: ТММА/ Кореяда нолегал юрган фуқаролар полиция томонидан ушланган ва судга топширилган вазият

Ўзбекистон Республикасидан ишлаш учун Корея Республикасига кетиш тартиби ҳақида аввалги мақолада батафсил маълумот берилган эди.

Навбатдаги мақолада Корея Республикасида ноқонуний ишлаш ва унинг оқибатлари ҳақида маълумот берамиз.

Фото: ТММА/Кореяда нолегал юрган фуқаролар полиция томонидан ушланган ва судга топширилган вазият

Корея Республикасида ноқонуний ишлаш мумкинми?

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш юзасидан амалий чоралар кўрилмоқда. Фуқароларни тартибли, хавфсиз ва қонунийлик принциплари асосида хорижий мамлакатларга ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш, уларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро келишувларга эришилмоқда.

Лекин, яратилаётган имкониятлардан нотўғри мақсадларда фойдаланаётганлар ҳам йўқ эмас. Баъзи фуқароларимиз томонидан хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида шартнома шартларига амал қилмаслик, иш берувчи давлат қонун-қоидалари, урф-одатларига риоя этмасдан, аксинча қоидабузарлик оқибатида мамлакат ҳудудидан депортация қилиш ҳолатлари учрамоқда.

Бу каби ҳолатлар Корея Республикасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларимиз орасида ҳам учраб турибди.

Корея Республикасининг ваколатли ташкилотлари билан олиб борилган музокаралар натижасида Е-8 визаси билан мавсумий ишларда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жорий йилда илк марта ушбу давлатга фуқароларимиз жўнатилди.

Корея Республикасида нолегал меҳнат мигрантларига қандай чора кўрилади?

Афсуски, мавсумий ишларга жўнатилган юртдошларимиз орасида меҳнат шартномаси шартларини бузиш, ўз иш жойларини ташлаб кетиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Таъкидлаш жоиз, 3 томонлама шартномада шартнома шартларини бузган фуқароларнинг Корея Республикасида ноқонуний бўлган ҳар ойи учун 2000 АҚШ доллари миқдорда жаримага тортилиши кўзда тутилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу жарималар фуқароларимизнинг Корея Республикасида нолегал юришига чек қўйиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ушбу давлатга ишга жўнатиладиган юртдошларимиз сонини кўпайтириш мақсадида жорий этилган.

Бундан ташқари, Корея Республикасида ноқонуний юрган ўзбекистонликлар сони Ўзбекистонга бериладиган иш ўринлари квотасига салбий таъсир кўрсатади, яъни нолегал меҳнат мигрантлари сонини камайтириш ҳисобига, мазкур давлатда қонуний ишлаш, яхши даромад топиш истагида бўлган минглаб юртдошларимиз учун иш ўринлари чекланишининг олди олинади. Қолаверса, ўзбекистонлик ноқонуний меҳнат мигрантлари сонининг камайиши Ўзбекистоннинг нафақат Корея Республикаси, балки халқаро меҳнат бозоридаги имижига ижобий таъсир этади.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда Корея Республикасида 1 ой учун энг кам иш ҳақи ўртача 1.822.480 вон (1500 АҚШ долларига яқин) этиб белгиланган. Фуқароларимизнинг Корея Республикасида қонуний тартибда бундай даромад топиши, уларнинг нафақат оилавий фаровонлигини яхшилаш, шу билан бирга, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади.

Ортиқхўжа Норов

 

 

USAIDнинг Марказий Осиёда барқарорликни қўллаб -қувватлаш лойиҳаси доирасида тайёрланди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг