Ким Чен Ин Шимолий Корея армиясининг жанговар шайлигини оширишга чақирди

0
886
Фото:yandex.ru

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин душман кучларини «тажовузкорлик мақсадида шиддатли ва қатъий ҳарбий машқлар»олиб бораётганликда айблаб, ўз армиясини жанговар самарадорликни ошириш учун бор имкониятларни ишга солишга чақирди. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлигига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

«Ҳозирги вақтда душман кучлари КХДРга қарши огоҳлантирувчи зарба бериш учун мунтазам равишда ўз имкониятларини ошириб бормоқда ва қурол-яроғ тўпламоқда, шу билан бирга, тажовузкорлик йўлида ҳар қандай шиддатли ва қатъий ҳарбий машқларни фаоллаштирмоқда», — дея Ким Чен Иннинг сўзларини келтирди агентлик. Шимолий Корея раҳбари ушбу нутқини Пхенянда 24—27 июль кунлари бўлиб ўтган ҳарбий командирлар ва сиёсий ишчилар семинарида сўзлаган.

«У барча ҳарбий ва сиёсий ходимларни ўз бўлинмаларининг жанговар самарадорлигини ошириш учун бор кучини сарфлашга чақирди», — дейилади агентлик хабарида.

Шунингдек, Ким Чен Ин аскарларни ўз ҳаётини Шимолий Корея халқи ва мол-мулкининг ҳимоясига бағишлашга чақирган. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий хизматчилар «халқ бахтини яратиш учун, халқнинг партияга бўлган ишончини сақлаш учун масъул соқчилар» экани билан фахрланиши керак.

Марказий телеграф агентлиги хабарига кўра, семинарда партия сиёсатини амалга ошириш бўйича ҳарбий қисмлар ишидаги асосий камчиликлар батафсил таҳлил қилинган. КХДР етакчисининг семинари Жанубий Корея ва АҚШ одатда август ойининг ўрталарида бўлиб ўтадиган йиллик ҳарбий машғулотларни ўтказиш ёки ўтказмаслик масаласини кўриб чиқаётган пайтга тўғри келди.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг