Муртаза Аҳмади икки йил аввал дунёга машҳур бўлиб, афсонавий футболчи Лионел Месси кичик афғонистонлик муҳлисининг орзусини амалга оширган, у билан учрашган ва унга имзоланган футболкасини тақдим этганди.
Жаҳон шуҳрати ёш мухлис ва унинг оиласи учун ўлим хавфига айланди. Улар этник хазарларга мансуб бўлиб, «Толибон» томонидан аввалдан зулм ўтказиб келинган. Энди эса Муртаза улар учун нишон бўлиб қолди, дея хабар бермоқда Евроньюс телеканали.
«Талибоннинг нега уни ёмон кўрганини билмайман, – дейди Муртазанинг онаси Шафиқ Аҳмади, – У машҳур бўлганидан бери Толибон уни доимо қўлга олиш ва уни бурдалаб ташлаш билан таҳдид қилиб келади.»
Аҳмедийлар оиласи урушдан қочиб, жанубий-ғарбий Ғазний вилоятидаги ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди, – Толибон бу минтақага ҳужум уюштирди. Ҳатто Қобулга қочиб бошпана топсада, Муртазанинг ота-онаси ташқарига чиққанда унинг юзини яширишга мажбур бўлишмоқда. Месси томонидан тақдим этилган футболка эса тарк этилган уйда қолиб кетди.