Кексаларни саводсиз қилишга ошиқманг!

0
2131
Манба: facebook.com

Кейинги кунларда тармоқларда ўзининг тилпарварлигини сўнгги томчисигача исботлайман дея жаҳд қилаётган (ва айтиш керакки, ҳозирга қадар тил ҳақида икки оғиз ҳақиқатни айтишни қойиллатиб қўёлмаган) одамлар зўр бериб кирилл алифбосини ёмонотлиқ қилиш ва лотиндаги имлони тарғиб қилишга уннаб ётибдилар. Аччиқ гапларим учун мени авф этасизлар, ҳалиям моҳиятни англамаётганларингдан ранжиганим туфайли шу оҳангда гапирмоқдаман. Ҳарфхўрлик қилишдан тийилиб, ёзув алмаштиришлардаги асл моҳиятни англамаётганингизга куяман.

Сизнингча, лотиндаги имлонинг бизга қанчалик дахли ёки яқинлиги бор? Кирилл ёзувидан фойдалансак, қулмонанд бўламиз-у, лотин имлоси бизни шу ғурбатдан халос қиладими?!

Кирилл – нафақат ўриснинг ёзуви, балки ўзбекнинг неча ўн йиллик тарихи, адабиёти муҳрланган ёзув ҳамдир. Бу ёзувдаги тарихнинг, адабиётнинг ва шу ёзувда савод чиқарган, янги имлони ўрганишга кучи ҳам мияси ҳам чидаш бермайдиган миллионлаб кексаларнинг устидан чизиқ тортасизми?! Охирги чорангиз шуми?

ФАРҚИДАМИСИЗ: 70 ЙИЛ ИЧИДА АЛИФБОИМИЗ (ЁЗУВИМИЗ, ИМЛОИМИЗ) НАҚ ТЎРТ МАРТА ЎЗГАРТИРИЛДИ! ТЎРТ МАРТА!

Бир халқни чаласавод, тарихини эркин ўқий билмайдиган, маънан чалкаш, ўзи билан ўзи овора қилиш учун бундан зўрроқ усулни ўйлаб топиб бўлмаса керак. Бугун сизлар ана ўшандай «усул»чиларнинг тегирмонига ўзингиз билиб-билмаган ҳолда сув қуйяпсизлар. Вақтида «Нега энди ўзбекнинг янги имлоси учун айнан лотин алифбоси танланяпти?» дея савол қўядиган мард чиқмади. Ҳеч ким «Менинг тарихим шу алифбода ёзилганми? Навоийни, Бобурни… улуғ аждодларимни лотинда ўқий оламанми? Нега айнан ўлик тилнинг алифбоси?» демади.

Билсангиз, «лотинлаштириш» Туркия мустақиллигининг ўнинчи йилларида – айнан туркийларнинг энг катта давлатида – туркий тилдаги халқларни бир-биридан имкон қадар узоқлаштириш мақсадида амалга оширилган эди. Ўша вақтда ҳам бир тўда турк зиёлилари янги алифбонинг афзалликлари ҳақида тўлиб-тошиб далиллар келтиришган, ҳеч бир турк ўз тарихидан жуда байрамона тарзда узоқлаштирилаётганини англамаганди…

Мен қуйида эътиборингизга бир мақолачани ҳавола қиляпман. Уни турк профессори Oktay Sinanoğluнинг «Hedef Türkiye» номли ҳужжатли асаридан таржима қилдим. Воқеа – тарихий. Ўқинг ва ўзингиз учун хулоса қилинг!

ЦЕЗАРНИНГ ИМЛО ҲУЖУМИ

…Римликлар келтларнинг юрти бўлган ҳозирги Францияни ишғол қилдилар. Юлий Цезар бу юртни буткул эгаллади, аммо оқибатда келтларнинг исёнини бостириш билан бир умр овора бўлишига тўғри келди. Бу халқ римликларнинг бошига бало бўлди: Рим аҳли бир кун ҳам келтларнинг исёни ва ғалаёнлари ҳақидаги хабарларсиз яшамасди. Бу аҳвол йиллар бўйи давом этди: келтликлар бўйсунишни, Цезарнинг қонунларини тан олишни исташмасди; агар бир муддат тинчиб қолгудек бўлсалар, дарҳол келт оқсоқоллари майдонга чиқишар, халқни эрк ва ҳуррият учун курашишга даъват қилишар, пухта режалар ўртага ташланарди.

Охири бўлмади: айни муаммога чора топиш учун Римда шошилинч сенат йиғилиши чақирилди. Сенат аъзоларидан бири дарҳол таклиф киритди:

– Ҳаммасининг бошини танидан жудо қилайлик!

Бунга қарши ҳар тарафдан эътирозлар ёғилди: «Бу мумкин эмас!», «Ундай қила олмаймиз!»…

Бу эътирозларнинг сабаби марҳамат ёки шафқат эмасди: «Бунга, биринчидан, кучимиз ва вақтимиз етмайди, иккинчидан, агар буларни осонгина ўлдириб юборсак, ким бизга қуллик ва ҳаммоллик қилади?» дея эътироз қилардилар.

Сенатнинг яна бир аъзоси таклиф киритди:

– Доимий аскарий зуғум остида ушлаб турайлик! Оқсоқолларнинг ҳаммасини зиндонга ташлайлик!..

Бу чора ҳам «кўп куч ва маблағ талаб қилади» деган сабаб билан рад қилинди. Шу орада сенаторлардан бири ғалати таклифни ўртага ташлади:

– Келтларнинг ёзувини барбод қилиш керак! Келинглар, у ҳудудда лотин имлосини ёзув сифатида жорий қиламиз. Шундай тарғибот юргизайликки, лотин имлосини билмаган одамни саводсизга чиқарсинлар. Табиийки, анави оқсоқоллар янги имлони ўрганишга ожизлик қилишади ёки исташмайди ва ўз-ўзидан саводсизга чиқишади.

Маорифга ҳам янги имлони жорий қиламиз ва ёшлар бу мияси айниган чолларни ортиқ эшитишмайди. Ота-боболар ва ёшлар ўртасида жарлик пайдо бўлади. Бора-бора келтлар ўз тилларини унутишади. Тили кетган миллат – ҳамма нарсадан мосуво миллатдир! Мени айтди дерсизлар, оз вақт ичида бу исёнкор келтларнинг фарзандлари ўрнида ювошгина «лотин қуёнлари»ни кўрасизлар!..

Бу таклифдаги мантиқ бутун сенат аъзоларига маъқул келди ва қисқа вақт ичида қонун ҳолида кучга кирди.

Чиндан ҳам орада бир авлод етишди ва келтликлар орасидан ортиқ исёнкорлар чиқмади…

Oktay Sinanoğlu, «Hedef Türkiye».

Муаллиф ва таржимон: Дилфуза Комил

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг