22 феврал куни Канада парламенти Хитой ҳукуматининг Шарқий Туркистондаги уйғурларга қилаётган муносабатини геноцид деб аталиши борасидаги таклифни қабул қилди. Консервативлар партияси томонидан берилган ушбу таклифга умумий овоз беришда Канада парламентидаги 266 киши “ҳа” деган жавобни берди ва ҳеч кимунга қарши чиқмади. Аммо, ушбу овоз бериш жараёнида Бош Вазир Жастин Трудо ва унинг Либерал партитаси иштирок этмасликка қарор қилган.
«Биз энди буни эътиборсиз қолдиролмаймиз. Биз бу ҳолатни қандай бўлса шундайлигича, яъни, геноцид деб аташимиз керак» дейди консерватив Майкл Чонг.
Аммо, Канада раҳбари Жастин Трудо Хитойнинг ушбу ишларини геноцид деб аташдан ўзини тиймоқда. Трудонинг консерватив мухолифлари эса уни Хитойга нисбатан қаттиққўлроқ бўлишга чақирмоқда.
Хитойнинг Канададаги элчиси Конг Пеиву геноцид бўйича айбловларни рад этди.
«Ғарб давлатлари Хитойда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият қандай эканлигини айтишга қодир эмаслар. Шарқий Туркистонда умуман геноцид мавжуд эмас” дейди Пеиву.