Каха Бендукидзе: Исталган мамлакатдаги Давлат мулки — коррупция негизи

0
2538

“Иқтисодиётга мутасадди” вазирликсиз қандай иш олиб бориш мумкин, бизнес, яъни тадбиркорлик соҳасига давлат аралашувига барҳам бериш нима учун жуда муҳим ва ислоҳотларсиз ҳам ҳокимият фаолият юрита оладими – яқин ўтмишда Грузия ислоҳотларни мувофиқлаштириш давлат вазири, Грузия ҳукумати девонхонасининг бошлиғи бўлган Каха Бендукидзе айни масалалар хусусида мулоҳаза юритади.

“Сизни иқтисодиёт қизиқтирадими?.. У ҳолда Бендукидзе билан суҳбат қилишингиз керак” – Тбилисида қайси даврада иқтисодий ислоҳотлардан сўз очилгани ҳамоно менга шундай таклиф қилишди. Каха Бендукизде эса учрашиш ҳақидаги таклифимга мени ажаблантириб, дарров розилик билдирди. Кейинги куни кечки пайт Каха Бендукизде ҳозир раҳбарлик қилаётган Тбилиси Озодлик университети биносида у билан учрашдик. Дарвоқе, у раҳбарлик қилаётган олий ўқув юрти рейтинг бўйича Грузияда етакчи ҳисобланади.


— Каха Автандилович,  2004 йилга қайтамиз, ўшанда сиз президент Михаил Саакашвилининг таклифини қабул қилиб, Грузия иқтисодиёт вазирлигини бошқара бошлагандингиз. Лекин ўзингиз берган интервьюлардан бирида иқтисодиёт вазирлиги – умуман кераги йўқ маҳкама, деб айтгансиз.

-Бу вазирликни ҳозир ҳам кераксиз деб ҳисоблайман. Иқтисодиёт – бизларни атрофимиздаги барча нарсаларнинг жамулжами ҳисобланади. Бинобарин, иқтисодиёт – судлар, полиция қандай ишлаши, бюджет қандай шакллантирилиши, мактабларда қандай таълим берилишига бевосита боғлиқ. 

Мана – АҚШда Иқтисодиёт вазирлиги йўқ. Англияда ҳам йўқ. Бу муайян минтақа давлатларига хос, хусусан собиқ совет республикаларида зўрма-зўраки ташкил қилинган вазирлик ҳисобланади. Ўйлашимча, “иқтисодиётга мутасадди” вазирликсиз бемалол иш юритса бўлади ва бу ҳеч қандай кўнгилсиз оқибатлар келтириб чиқармайди.

Бироқ Иқтисодиёт вазирлигининг қатор вазифалари борки, улар ҳақиқатдан ҳам муҳим. Жумладан, Грузияда мазкур вазирлик транспорт, алоқа соҳаларидаги ҳукуматлараро, халқаро битимлар учун маъсул саналади. Халқаро иқтисодий шартномалар амал қилаётган шароитда аксинча йўл тутиб бўлмайди.  Бизда, яъни Грузияда Иқтисодиёт вазирлиги давлат мулкини сотиш борасида ҳам масъул ҳисобланади. Бу ҳам тушунарли: ҳалигача сотилмаган давлат мулкларини сотиш ва бу билан боғлиқ ишларни бошқариш зарур.  
Бироқ мазкур вазирлик таркибида сон-саноқсиз бўлимлар бор… Бундай вазирликда қандай умумиқтисодий департаментлар керак? 
    

— Масалан бизда, Белоруссияда, макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш, яъни башорат қилиш бош бошқармаси бор. Тадбиркорлик департаменти ҳам.

— Бу бошқарма ва департаментнинг номи чиройли бўлгани билан айнан нимани англатишини тушуниш амри маҳол. Тўғриси – макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш бошқармасига сира ҳожат йўқ, чунки Марказий банк бор, Молия вазирлиги бор, айни шу муассасалар макроиқтисодиёт учун масъул. Бу ишларга Иқтисодиёт вазирлигининг   қандай алоқаси бор? Масхарабозликдан бошқа нарса эмас.  

Грузияда ўтиш даврида тор тармоқ ислоҳотларини эмас, балки бутун бизнес муҳитини ўзгартира оладиган ислоҳотларни амалга оширадиган идора керак бўлди. Мен Иқтисодиёт вазири бўлиб ишлаган давримда бизнинг вазирлик шу ишлар билан шуғулланди. Кейин мени ислоҳотларни мувофиқлаштириш давлат вазири этиб тайинлашди. 

Дарвоқе, ўшанда қўлимда атиги 29 ходим ишларди. Дастлабки кезларда эса ходимлар ундан ҳам оз бўлган. Ҳолбуки, нафақат вазирлик, ҳатто департаментда ҳам бундан кўп одам ишлайди. Устига-устак ходимларнинг ярмидан кўпи университетларни битириб келган ёш мутахассислар эди. 25 ёшдан катта пухта ходимлар фақат 5 кишини ташкил қиларди. Уларнинг энг каттаси мен эдим. Ўшанда 48 яшар бўлганман. 
 
— Атайлаб ёш мутахассислар ишга олинганми? Яъни фикр-мулоҳазалари айниб улгурмаган, виждони тоза мутахассислар демоқчиман? 

— Шундай йўл тутиш бизга арзонроқ тушарди. Исталган муассаса доирасида заҳиралар чекланган бўлади. Қолаверса, ёшлар билан ишлаш нисбатан осон. Улар хизмат тарзини тез илғаб олади. “Ундай қилиб бўлмайди, бундай қилиш мумкин эмас” каби қотиб қолган андозалар билан ишга ёндошмайди. Натижада ўша йигитлар салмоқли натижаларга эришди.

Бироқ исталган мамлакатда мана шу тартибда иш олиб борса бўлади, деган хулоса чиқармаслик керак. Биз президент билан парламент ўртасида шаклланган муносабатлар, муайян ҳукумат тузилиши шароитида иш олиб борганмиз. Лекин шуниси аёнки, ҳар бир вазирлик ўз ихтисослигидан келиб чиққан ҳолда эмас, балки турли йўналишларидаги фаолиятларни мувофиқлаштирадиган  ягона муассаса раҳбарлигида ислоҳотларни амалга ошириш модели самарали ҳисобланади.    

Бирон бир ташкилот ёки идора ваколатлари доирасига кирмайдиган йўналишлар, масалалар ҳамиша топилади. Ёки бу масалалар бирон идорага тегишли бўлгани ҳолда тор идоравий манфаатлар оқибатида кўнгилдагидек ҳал қилинмаслиги мумкин. Ислоҳотларни, дейлик, Молия вазирлиги назоратга олиши мумкин, чунки мазкур вазирлик давлат харажатлари қисқаришидан биринчи галда манфаатдор. Қолаверса, соҳа вазирликларига нисбатан Молия вазирлиги етарли даражада қудратли ҳисобланади. Лекин Грузияда амалга оширилган вариантни ҳам танласа бўлади.

Янглишмасам, мен ҳамиша қатъият билан иш олиб бормаганимда, бизнинг вариант ҳам етарли даражада иш бермаган бўларди. Чунки ҳамиша қатъият билан, керак бўлса муросасизлик билан иш олиб боришга тўғри келарди. Ҳа, биз қатор йўналишларда ислоҳотлар қилдик. Бироқ Молия вазири бўлганимда бундан ҳам кўпроқ ишларни қилган бўлардим. Мен эса атиги ислоҳотларни мувофиқлаштириш вазири эдим, холос.    

— “Виждондан бўлак ҳамма нарсани сотиш керак” деган қоида  асосида иш олиб борганмисиз?

— Бу шунчаки баландпарвоз гап, журналистлар билан суҳбатда беихтиёр  айтилган. Гап шундаки, мен вазир этиб тайинланганим маълум бўлганидан кейин Грузияга келганман. Аэропортда журналистлар кутиб олиб, турли саволлар берди. “Қандай иш юритасиз?” деб ҳам сўрашди. Мен бир қатор ишларни санаб ўтдим ва давлат мулкини сотиш билан ҳам шуғулланамиз, дедим. Журналистлардан эса “ҳамма нарсани сотасизларми?” деган савол ҳам тушди. Шунда бир журналист жувондан “Нимани сотиб бўлмайди?” деб сўрадим. У “виждонни сотиш мумкин эмас” деди. Мен ўз навбатида: “Демак, виждондан бошқа барчасини сотувга қўямиз” деб жавоб бердим. Шу тариқа бу гап машҳур бўлиб кетди.

Энг муҳими эса бизнесга, яъни тадбиркорликка давлат арашулашувига чек қўйишдан иборат эди. Бу мол-мулкка ҳам тегишли эди. 

— Давлат самарасиз мулкдор бўлгани учунми?

— Гап фақат бунда эмас. Давлат мулки бўлган, бироқ омилкорлик билан раҳбарлик қилинаётгани туфайли самарали фаолият олиб бораётган бирорта корхонани ҳам мисол қилиб келтирса бўлади.  Муаммо шундаки, давлат корхонасини бошқарадиган иқтидорли одам ихтиёрида ҳам хусусий мулкдор қўллайдиган барча имкониятлар ва воситалар бўлмайди. Масалан, давлат корхонасининг директори зарур бўлиб қолган пайтда мулкнинг бир қисмини сота олмайди, қимматбаҳо қоғозлар ҳам чиқара олмайди. Буларсиз самарадорлик пасаяди, корхона бошқа корхоналар билан рақобатда ютқазади. Ҳатто корхона раҳбари жуда ишбилармон бўлса ҳам. Устига-устак фақат фаол иқтисодий омиллар – корхоналарнинг ўзи эмас, балки иморатлар, ер, бошқа мол-мулклар ҳам давлат ихтиёрида, яъни давлат мулки бўлади. Дейлик, шаҳарда ер давлат мулки ҳисобланади. Хўш, бундан ким наф кўради. Ҳолбуки, бу ердан фойдаланилмайди. Агар ер хусусий тадбиркорнинг қўлида бўлса, фойда келтирган бўларди.

Ҳозир давлат мулки сотилаётган Грецияни олиб кўрайлик. Грециянинг ташқи қарзи кўпайиб кетгани боис шундай йўл тутилмоқда. Масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор – бугунги кунда наф келтирмаётган мазкур мулкларнинг барчаси хусусий мулкдорлар қўлига ўтгач, фойда келтира бошлайди. Натижада, бир неча йиллардан буён пасайиб бораётган Греция иқтисодиёти юксала бошлайди.

Муҳими шуки, хусусий мулкдорларнинг кўп бўлиши – нисбатан жадал ривожланадиган, яна ҳам замонавий иқтисодиётнинг негизи ҳисобланади. Бизнинг иқтисодиётимиз самарадорлиги шундаки, 2008 йилдаги урушдан кейин Грузия иқтисодиётида пасайиш кузатилди, бироқ Россия, ёки Арманистон иқтисодиётига нисбатан камроқ пасайиш бўлди. Ҳолбуки, Арманистонда ҳеч қандай уруш бўлмаганди. Бунинг устига жаҳон молиявий инқирози ҳам рўй берганди. Арманистонга ҳам бу инқироз салбий таъсир кўрсатди, бироқ Грузия иқтисодиётига уруш ҳам, молиявий инқироз ҳам у даражада кучли таъсир кўрсата олмади. Буларни изоҳлаш керакми? Бу ўринда “Америка ёрдами қўл келган” деган гап кетмайди, чунки қанча миқдорда молиявий ёрдам, кредит берилгани яхши маълум.

Умуман, мулкларни давлат тасарруфидан чиқаришнинг уч жиҳати бор. Биринчи муассаса тусидаги жиҳат – бунда давлат иқтисодиёти устувор жамиятдан, хусусий мулкдорлик устувор жамиятга ўтилади. Иккинчиси молиявий, савдо-сотиқ усули. Яъни сиз фойда келтирмаётган мулкларни сотиб фойда оласиз. Учинчиси эса, коррупцияга қарши кураш олиб борасиз. Чунки давлат мулки ҳар қандай мамлакатда коррупция асоси ҳисобланади. Бунда турли шакллардаги коррупция кузатилади. Қаердадир тўғридан-тўғри нақд пул билан порахўрлик қилинса, бошқа жойларда “мендан угина, сендан бугина” қабилида шартномалар тузилади. Яна бир жойда эса сиёсий коррупция авж олади – “бизнинг манфаатларимизга хизмат қилувчи фалончини мазкур мансабга тайинлаймиз” тарзида порахўрларга хос ва мос иш тутилади. Бундай шаклдаги порахўрликларнинг барчаси зарарли.

– Лекин Грузияда хусусийлаштириш мухолифлари келтирадиган далил ҳам бор: чой етиштириш соҳаси – мазкур соҳа сотилгандан кейин мулкдор ишлаб чиқаришни тўхтатди. Чой етиштирилмаяти, қайта ишланмаяпти, оқибатда қанча иш ўринлари йўқ бўлди.

– Чой етиштириш ва ишлаб чиқариш Грузияда мен мансабга тайинлашимдан ва хусусийлаштиришдан анча олдин тўхтаб қолганди. Цейлонда чой ҳосили йилига уч марта, Грузияда эса фақат бир марта териб олиниши бунга сабаб бўлди. Бу сизнинг гўё бир хил иккита заводингиз бору улардан бири айни жиҳозлар, ишчилар ва сарф-харажатлар билан учта, иккинчиси эса атиги битта машина ишлаб чиқаришига ўхшайди. Бу ҳолда иккинчи заводнинг қисмати қандай кечиши аниқ.

Бунинг устига чой – ҳали СССР даврида Грузияда сунъий етиштириш йўлга қўйилган экин эди. Совет Иттифоқи халқаро савдода чекланган даражада қатнашарди, бинобарин чойни ҳам ўзи етиштириши керак эди. Эндиликда у даврлар ортда қолиб кетди. Ҳозир Грузияда ишқибозлар учун ўн гектар ерда чой етиштирилаётган бўлиши мумкин. Шунинг учун бу борада хусусийлаштириш айбдор эмас. Мазкур соҳани сақлаб қолиш учун Совет Иттифоқини сақлаб қолиш талаб қилинарди. У ҳолда Грузияда ҳозир ҳам йирик миқдорда чой етиштирилаётган бўларди.     

– Совет Иитфоқи даврида бутун мамлакатга машҳур трактор заводи Минскда ҳозир ҳам бор. Тракторлар олдингидек кўп сотиб олинмаётган бўлса ҳам заводда ҳали ҳам тракторлар ишлаб чиқарилади. Нима қилган маъқул? Заводни ёпиш керакми? Ҳозир ҳар холда бу заводда ишлаётган одамлар озми-кўпми маош олиб турибди. Завод ёпилса, уларнинг аксарияти ишсиз қолади.

 – СССРда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги фавқулодда кўп маҳсулот ишлаб чиқарарди. Дейлик, “Ростсельмаш” заводида бутун дунёдаги тракторлар ва комбайнларнинг ярмидан кўпи ишлаб чиқарилади. Совет Иттифоқининг барча заводларида эса дунёдаги қишлоқ хўжалиги техникалари ялпи ҳажмининг 80 % ишлаб чиқариларди. Совет Иттифоқи ер юзининг олтидан бир қисмини эгаллаган катта давлат бўлган. Лекин ер юзининг 80 % фоизини эмас, тўғрими. Лекин сифати ёмон, қолоқ техника жуда кўп чиқарилган. Атайлаб шундай сифати ёмон техникалар ишлаб чиқарилган, бу мавзуга алоҳида тўхталиш керак.

Бундай техникалардан тўла фойдаланиш учун Ойни ўзлаштириш, Ернинг бу йўлдошини ҳам шудгорлаш талаб қилинарди. Фақат Ойни эмас, Марс сайёрасини ҳам ўзлаштириш керак бўларди. Бу – биринчидан.

Иккинчидан –   Белорусия ёки бошқа бир давлат ҳақида гап кетганганда, “БелАЗ” каби трактор заводи атрофида сунъий ижобий муҳит яратиш мумкин. Лекин бу қандай сарф-харажатлар, чиқимлар эвазига қилинади, деган савол пайдо бўлади. Қолаверса, бундай сунъий муҳитни қачонгача барқарор ушлаб туриш мумкин?        

Англашимча, айнан Россия билан кўламли ҳамкорлик ҳисобига Белоруссия иқтисодиёти яхши фаолият юритмоқда. Белоруссия бу ҳамкорликдан устамонлик билан фойдаланмоқда. Ҳолбуки, бу заҳираларни, маблағларни хусусийлаштиришга сарфласа янада яхши бўларди. Ислоҳотларни амалга ошириш осонлик билан кечмайди. Лекин исталган касалликни даволаш ҳам осон эмас: бунинг учун албатта аччиқ дори-дармонлар ичиш зарур. Аччиқ дори ичишни яхши кўрадиган одамларни шахсан мен ҳалигача учратмадим. Бироқ даволаниш шуни талаб қилади.  

Эсингиздами, Иосиф Броз Тито деган арбоб бўлган? Югославия коммунистлар иттифоқининг раҳбари, шу мамлакат президенти. Қариганида касалланиб, деярли ўлиб бўлади. Бироқ барча хатти-ҳаракатлар унинг умрини узайтиришга қаратилгани боис Тито расман яна саккиз ой яшайди. Ҳолбуки, у нафас олмас, эшитмас, ҳеч нарсани ҳис қилмас ва унда ҳаёт нишонаси қолмаган ҳисоби, тирик мурдага айланган эди.

Ривожланмайдиган, суст ривожланадиган иқтисодиётларнинг муаммоларидан бири – мана шундай тирик мурдага айланиш ҳисобланади. Бу нафақат ривожланаётган, балки Япония каби ривожланган давлатларга ҳам хос муаммо. Бундай ҳолат ялпи маҳсулотни емиради, иқтисодиёт ўсишини тўхтатиб қўяди. Сиёсатчилар оғриқли кечадиган жиддий ислоҳотларни амалга оширишни ҳеч қачон истамайди. Бироқ ислоҳотларсиз барчаси барбод бўлади, устига-устак бу жараён дастлаб назарда тутилганидан бирмунча аянчли ҳолатда рўй беради.

– Белоруссиянинг Россия билан муносабатлари яхши. Грузиянинг муносабатлари эса аксинча ёмон. Россия билан муносабатларнинг совуши, сизнингча, Грузия фойдасига хизмат қилдими ёки зиён келтирдими? Мен урушни назарда тутаётганим йўқ, ҳар қандай уруш албатта зарар. Асосан, Россия ёрдамидан, жумладан иқтисодий ёрдамидан ҳам Грузия маҳрум бўлиб қолганини назарда тутаётирман.
    
– Бу саволга қандай холис жавоб берсам экан?  Грузия иқтисодиёти 2003 йилдан 2013 йилгача йилига ўртача 7 % дан ўсди. Бу – яхши кўрсаткич. Айниқса, жаҳон молиявий инқирози, уруш, эмбарголар, энергетик яккалаб қўйиш нуқтаи назаридан олиб қараганда жуда яхши кўрсаткич. Фақат уруш сабабли йилига 2 % фоиз имконияти бой берилди, аксинча Грузия жуда тез ривожланаётган беш давлат сафидан жой олган бўларди. Яъни ўзаро алоқаларнинг узилиб қолиши иқтисодий жиҳатдан Грузияга жиддий зиён етказмади.

Иккинчиси – сиёсий ва маданий алоқалар. Бу борада ҳам жиддий салбий оқибатлар кузатилмади. Сиз билан қайси тилда суҳбатлашаяпмиз? Рус тилида. Демак, ҳеч қандай узулиш йўқ. Ҳолбуки, мен бу борадаги узулиш жиддийроқ тусда бўлиши хоҳлардим. Афсуски, жамият жуда секинлик билан илдамлайди. Аксарият қисми рус тилида сўзлашадиган грузин жамиятини бир уринишнинг ўзидаёқ асосан инглиз тилида сўзлашувчиларга айлантириб бўлмайди. Буни бир йил, беш йил, ўн йилда ҳам қилиб бўлмайди. Грузия – толерант маллакат бўлиб, бу ерда турли динларга эътиқод қилувчи кўплаб миллатлар ва элатлар яшайди. Тарихда Грузия – Эрон, Туркия, Россия империяси каби давлатлар таркибида бўлган. Ҳозирги глобаллашув шароитида вазият ўзгарди. Жаҳон халқлари ҳозир асосан инглиз тилида суҳбатлашмоқда.    

Мана шундай шароитда мен ҳамюртларим биринчи галда ўз она тили – грузин тилида, қолаверса асосан инглиз тилида ўзаро суҳбатлашишларини хоҳлаган бўлардим.

Рус, ёки немис, ёки турк, ёки испан тилини кейинги ўринларга қўйган бўлардим. Жаҳондаги вазият ҳозир шуни тақозо қилаётир. Грузия дунёдаги иқтисодий, сиёсий жараёнларининг фаол иштирокчиси, жаҳоний мамлакат бўлган ҳолдагина омон қолиши ва ривожланиши мумкин. Бунинг учун эса мамлакат аҳолиси инглиз тилини яхши билиши керак.
    
– Ҳокимиятга янги сиёсий кучлар келиши натижасида Грузиядаги хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилиши мумкинми?

–  Ўйлашимча, бундай бўлмайди.

–  Ахир, олдинги ҳокимият шундай қилмадими? Мана, Тбилисидаги 31-самолётсозлик заводини олиб кўрайлик. Бу заводда СУ-25 самолётлари ишлаб чиқарилган. Уни хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилиб, яна давлат тасарруфига, Грузия Мудофаа вазирлиги ихтиёрига ўтказилди-ку.

– Хулоса чиқаришдан олдин далилларни билиш керак. Бу заводни хусусийлаштириш билан ўзим шуғулланганман, уни харид қилган акционерлик жамияти раҳбарлари билан ҳужжатларни имзолаганман. Гап шундаки, хусусийлаштиришда бу заводни сотиб олувчи қисман пул билан ҳисоб-китоб қилди. Айрим қўшни мамлакатларга давлат қарзини тўлаш мажбуриятини ҳам қисман ўз зиммасига олди, яъни  
самолётлар учун асбоб-ускуналар етказиб бериш ва таъмирлаш хизматларини кўрсатиш мажбуриятини олди. Бироқ маълум бўлишича, корхонада жиноий гуруҳ иш олиб борган: улар гўё қарзларни тўлаганлар, лекин бунинг учун Молия вазирлигидан қоплама маблағлар ундирган. Оқибатда жиноий иш очилган, жиноий жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида эса тегишли шартномага кўра хусусийлаштириш битимини бекор қилиб, аввалги ҳолатга қайтаришган. Бу хусусийлаштириш шартлари бажарилмаганига бир мисол. Бунга ўхшаган бошқа ҳолатлар ҳам бўлган. 

Биз суҳбатлашаётган мана шу бинони ҳам давлатдан сотиб олганмиз. Биз ҳам қатор мажбуриятларни бажаришимиз зарур. Агар шартларни бажармай бирон хатога йўл қўйсак, муаммоларга дуч келамиз. Бу хусусийлаштириш билан эмас, балки муайяан соҳадаги хусусийлаштиришнинг ўзига хосликлари билан боғлиқ.

Назаримда, мамлакатда мулклар ялпи тортиб олинишига йўл қўйилмайди. Босар-тусарини билмайдиган сиёсий кучлар ҳокимият тепасига келиб қолмаса, бас. Дарвоқе, Шарқий Европа, собиқ СССРнинг бирон-бир давлатида хусусийлаштириш якунлари қайта кўриб чиқилгани йўқ. Қаердадир, кимдир мулкини бой бергани билан боғлиқ суд жараёнлари бўлди. Бироқ хусусий мулкларни ялпи давлат мулкига айлантириш ҳолатлари кузатилмади. Ҳа-я, эстонияликлар темир йўлни олдин хусусийлаштириб, кейин яна давлат ихтиёрига ўтказишди. Украинада мулклар жуда кенг кўламда хусусийлаштирилди, лекин қайта давлат тасарруфига олингани йўқ. Кимдир рақобатга бардош бера олмай, қарзга ботиб қолди – бундай корхоналарни давлат қарздорлик эвазига қайтариб олди ва янги мулкдорларга сотди. Бу одатий жараён. Грузия иқтисодиёти ҳақида ҳам айта оламанки, хусусий мулкнинг устунлиги билан боғлиқ вазият ўзгармайди.   

   
 –  “Давлат қарорлари” деган услуб билан турли соҳалардан тадбиркорларни “сиқиб чиқариш” ҳисобига аллақандай монополиялар ташкил қилиш билан боғлиқ давлат уринишларини қандай тушуниш мумкин? Бу борада шакар, ун импорти каби соҳалар мисол қилиб келтирилди. Тўғриси, четдан қараганда, бу ислоҳотлардан чекинишдай кўринади.  Ёки ўз бизнесини давлат ҳисобига ёки ҳукмрон доираларнинг муайян вакиллари номига ўтказишга тадбиркорларни мажбурлаш ҳолатларини олиб кўрайлик. Булар уйдирмами ёки ростдан ҳам шундай бўлаётирми? Ахир, Грузияда тез-тез қулоққа чалинаётган гапларга қараганда, айнан ислоҳотчилар даврида шундай ҳолатлар рўй берган.

 – Келинг, бунга аниқлик киритиб олайлик. Самолётсозлик заводи билан бўлгандек, ошкора қонунбузарликлар сабабли мулкни қайтариб олиш ҳолатлари бўлди. Тадбиркорлар жиноий жазо ва мулкдан бирини танлаш жараёнида давлат билан ҳисоб-китобни тўғрилаш фойдасига қарор қабул қилишди.     

Тбилиси марказидаги ер майдонлари билан боғлиқни воқеани олайлик. Улар қуйидагича хусусийлаштирилганди: ер майдонлари ижарага берилади, кейин эса ҳали 2002 йилда ижарачилар ижара шартлари уларнинг бизнесига путур етказаётгани, ижара ҳақини тўлаш имкониятига эга эмасликлари ҳақида судга мурожаат қилишади. Кейин эса ўзларини мулкдор деб тан олинишини талаб қилишади. Ёндошув чакки эмас-а? Тбилиси шаҳри ҳокимлиги кутилмаганда судда ютқазади! Бу порахўрлик келишуви бўлгани аён. Хуллас, ўша одамларга “ёки биз бошқа жойдан бунинг эвазига ер берамиз, ёҳуд суд жараёнини бошлаймиз” деб пўписа қилинган. Улар ўз ихтиёридаги ер майдонини давлатга топшириб, бошқа ерларни олади. Бошқа томондан – мен ҳали ҳам шу фикрдаман – суд бўлгани яхши эди. Чунки бунинг натижасида биз кўплаб кўнгилсиз ҳолатлар олдини олган бўлардик. Ахир, улар ерларни қайтариб берганини барча билади. Ўша ер майдонлари эвазига бошқа ерларни олишганини эса саноқли одамлар билади. Айни шу ҳолат миш-мишларни пайдо қилади. Бинобарин, охир-оқибат уч кунда эмас, ҳатто уч йилда ҳал бўлган тақдирда ҳам ҳамма ишни ошкора, қонун доирасида амалга ошириш керак.

Менимча, ислоҳотчилар ўз даврида саноқли адолатсизларга йўл қўйишлари мумкин. Лекин эътибор беринг – ҳозир Грузияда янги ҳокимият, янги прокуратура, янги Адлия вазири фаолият юритмоқда. Агар сиз айтган воқеалар ростдан ҳам рўй берган бўлса, “қонунга хилоф равишда тортиб олинган” мулкларнинг ҳаммаси ҳозир осонгина қайтарилиши мумкин. Бироқ судларда шундай ишлар кўрилаяптими? Янги ҳокимият иш бошлаганига бир йил бўлди. Лекин бундай суд ишлари ҳамон йўқ. Шахсан мен бирортасини ҳам эслай олмайман.

Биз янги ҳукумат эндигина иш бошлаган дастлабки кезларда, яъни бир йил муқаддам эмас, ҳозир суҳбат қураётганимиз ҳам эътиборга молик. Ўтган давр мобайнида олдинги йирик мансабдорлар томонидан содир этилган бирорта ҳам порахўрлик ҳолати аниқланмади. Икки йил муқаддам ҳукумат даражасида порахўрлик йўқ деб айтганимда журналистлар менга ишонқирамаган эди. Лекин ҳокимиятга келган янги ҳукумат олдинги ҳукумат ишлари устидан қора чизиқ тортишга уринаётир. Бундай вазиятда арзимаган порахўрлик ҳам дўмбира қилинган бўларди. Бироқ қани ўша порахўрлик ҳолатлари? Ҳар бир литр бензиндан тушган 50 цент айнан Саакашвилининг чўнтагига тушган деган даъволарнинг исботи қани? Бунга оид прокурор қарорлари, суд жараёнлари-чи? Йўқ. Чунки бундай бўлмаган, бўлиши ҳам мумкин эмасди. 

Олдинги ҳукумат ростдан ҳам сўнгги икки йил мобайнида давлат компанияларини ривожлантиришга зўр берди. Иқтисодиётнинг йилига 7 % ўсиши етарли эмас деб ҳисобланди ва давлат ҳисобига бирон-бир сабзавотлар сақлаш иншооти ёки фойдали бошқа бир иншоот қурамиз, деган қарорга келинди. 2010-2011 йилларда шундай ишлар қилинган. Буни ҳам хато деб биламан. Давлат харажатлари қисқармагани ҳам хато бўлган. Нима ҳам қила олардик, идеал ҳукуматлар бўлмайди. Дарвоқе, буни муваффақиятли ислоҳотлардан айрим чекинишлар деса ҳам бўлади.      
Шакар ва ун масаласида шуни айтишим мумкинки, бу маҳсулотларни давлат ҳеч қачон мамлакатга олиб келмаган. Ун савдоси бозорини ниқоблашга уринишлар бўлган, мен буни ўшанда ҳам, ҳозир ҳам маъқулламайман. Грузияга тайёр ун эмас, балки ғалла олиб келинсин ва шу ернинг ўзида қайта ишлансин, йўсинида сиёсат юритилган. Бу албатта бемаънилик. Шундай қарорлар ҳам бўлган. Лекин умуман бу арзимаган гаплар…

Биласизми, Грузияда бир сиёсий арбоб бор, ҳар доим “Бизнинг мамлакатимизда ҳар бир соҳада сон-саноқсиз монополиялар бор” деб даъво қилади. Бу қуруқ даъводан бошқа нарса эмас. Агар шундай бўлса, монополияларни мисол қилиб келтиринг. Шундай десангиз, Тбилисида ташқи реклама билан шуғулланган компанияни рўкач қилишади. Ахир бу жамият ҳаётидаги муҳим соҳа эмас-ку! Дори-дармон саноатини ҳам мисол қилиб келтиришади. Ҳолбуки, бу соҳада учта йирик компания маҳсулотлари умумий дори-дармон бозорининг ярмидан камроғини ташкил қилади. Тамом.

Ҳа-я, парламент депутатларидан яна бири, Бендукидзе таълим бозорида монополия яратди, деганди. Ҳолбуки, бизнинг Озодлик университетида Грузиядаги барча талабаларнинг атиги 3 % таълим олади. Буларнинг барчаси шунчаки қизиққонлик билан айтилган даъволар ёки сиёсий лўттивозликдан бошқа ҳеч нарса эмас.   

 –  Ислоҳотлар ишсизликни келтириб чиқаради…

 – Грузияда ишсизлик ислоҳотлардан анча олдин бор эди. Назарий жиҳатдан, агар мамлакатда давлат таъсири эвазига чалажон ишчи ўринлари мавжуд бўлса, ва сиз кескин ислоҳотлар бошласангиз, иш ўринлари албатта қисқаради. Бироқ Грузияда буларнинг барчаси 90-йилларнинг аввалида бошланган. Грузия иқтисодиёти ўша даврда турли сабаблар билан қарийб 4 баравар қисқарганди –  бу Иккинчи жаҳон урушида мағлуб бўлгандан кейин Германия иқтисодиёти талофатидан ҳам кўп демакдир. Бу ақлбовар қилмас пасайиш эди. Ишсизлик илдизлари ўша даврга бориб тақалади.

Ислоҳотлар эса аксинча вазиятни яхшилади, чунки хусусий тармоқ ишлари юришиб кетди. Грузия бўйлаб сафар қилсангиз қишлоқ жойларда маҳаллий аҳоли, шунингдек хорижий тадбиркорлар томонидан ҳам очилган кичик хусусий ишлаб чиқариш корхоналарини кўрасиз. Масалан, туркиялик инвесторлар томонидан ташкил қилинган чоғроқ тикувчилик корхоналарининг маҳсулотлари бутун дунё бўйлаб сотилмоқда. Улар нима учун Туркияда эмас, Грузияда шундай корхоналар очган? Туркиялик тадбиркорлар Грузияда солиқлар миқдори озлигини, тадбиркорликни бошлаш осонлигини, ишлашга ҳеч ким монелик қилмаслигини алоҳида таъкидламоқда. 

Грузияда ишсизлик даражаси шунчалик юқори эдики, буни ҳал қилиш учун узоқ йиллар давомида ривожланишимиз керак бўлади. Дейлик, ишсизликни икки баравар қисқатириш учун, менинг ҳисобига кўра, камида ўн йил мобайнида жадал иқтисодий ўсиш талаб қилинади. Биласизми, сиёсатчилар, кўплаб экспертлар бу рақамларни сира ёқтирмайди.     

Грузия иқтисодиётига турли манбаалардан йилиги миллиард доллар маблағ киритилади. Бу маблағ билан Европада етти минг иш жойи яратса бўлади. Ривожланаётган мамлакатларда эса тахминан ўн беш минг иш жойи яратиш мумкин. Лекин айни вақтда юқори самарадор технологияларига ўтилиши мунсабати билан ишчи ўринларининг бир қисми қисқариб боради. Натижада, шундай ҳажмда инвестициялар тушиб турса, йилига қарийб ўн минг ишчи ўринлари ярата оламиз. Амалда эса йилига икки юз минг ишчи ўрни керак. Бу ёғини ўзингиз ҳисоблайверинг. Буни жадал қилиш имконияти эса йўқ. Дарвоқе, барча одамларни бирон-бир иш билан машғул қилса бўлади, унда  иқтисодий ўсиш бўлмайди. Бу ялпи иш билан банд кишилар мамлакати бўлади, бироқ бу мамлакат ҳамиша қашшоқлигича қолаверади.    

Мазкур материал DANIDA жамғармаси кўмаги билан “Беларус билан модернизациялаш ҳақида Европа мулоқоти” ташаббуси доирасида тайёрланди. 

ПЁТР СТАРОБИНЕЦ, 24.10.2013.

Ўзбек тилига Абдуҳамид Пардаев томонидан таржима қилинди.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг