Журналистларни муҳофаза қилувчи қонун лойиҳалари қачон яратилади?

0
76
Фото коллаж

Ўзбекистон Республикиси Президенти Ш.Мирзиёев 2016 йилдан бошлаб журналистларнинг профессионал фаолияти муҳофазаси зарурлиги ва ОАВ ҳамда журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилувчиларни жазолаш бўйича қонунчиликда нормаларни қабул қилиш муҳимлиги тўғрисида тинмай гапириб келмоқдалар.

Лекин ушбу қисмга доир бўлган қонун лойиҳалари қонун ижодкорлари томонидан ҳали ҳамон қабул қилингани йўқ ва уларнинг иш столида турибди. Ушбу мавзу ҳақида ўзбекистонлик медиаҳуқуқшунос Карим Бахриев батафсил тушунтириш беради.

Президент матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини 2022 йил 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан табриклар экан, қуйидагиларни таъкидлади: “ОАВ ҳаётимиздан кенг ўрин эгаллаб бораётгани жамиятимизда фикрлар хилма-хиллигини таъминлашда, туб ислоҳотларни амалга оширишда, жойларда йўл қўйилаётган камчилик ва муаммоларни дадил кўтариб чиқишда муҳим омил бўлмоқда”.

Президент яна бир устувор вазифа сифатида – фуқароларимиз учун ахборот соҳасида қулай имкониятлар яратиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг роли ва таъсирини кучайтириш… Шу муносабат билан яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: биз барпо этаётган ҳуқуқий демократик давлатда сўз ва матбуот эркинлиги доимо Бош қомусимиз ва қонунларимиз ҳамда Президент ҳимоясида бўлади. Оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўз фаолиятини қонун доирасида эркин амалга оширишига тўсқинлик қилиш – бу демократик ислоҳотларимизга қарши ҳаракат, мамлакатимизнинг обрўсига путур етказиш сифатида баҳоланиши керак. Суд ва прокуратура органлари бизга мутлақо ярашмайдиган бундай салбий ҳолатлар бўйича қатъий чоралар кўриши лозим”, деб таъкидлади.

Мен, Ўзбекистон журналистлар Уюшмасининг одоб-ахлоқ бўйича Жамоат Кенгаши Раиси сифатида “Ўзбекистонда журналистларнинг ҳуқуқий ҳимояси: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги давра суҳбатида сўзга чиқиб, хусусан қуйидагиларни айтдим: “Агар сўз эркинлигида ортга қайтилса, қолган ҳуқуқлар ҳақида ўйламаса ҳам бўлади”.

Ўз сўзимда давом этириб: “Бизда Парламентдаги депутатлик жойига шу жойдан кетганидан кейин ўтириладиган мансаб учун келинади. Шунинг учун уларнинг тафаккури халққа эмас, мансабдорга керак қонунларни қабул қилишга ўрганган. Уларнинг қўлларида «Телевидение ва радиоэшиттириш тўғрисида»ги, янги ЖК ва ФК лойиҳалари, янги таҳрирдаги “ОАВ тўғрисида”ги қонуни лойиҳалари неча йиллардан бери қабул қилинмай ётибди”.

Биламизки, барча ОАВ бўйича нуфузли қонунларда журналистларни ҳимоя қилиш, цензура, танқид учун босимга оид “қонунда унинг фаолияти тегишли тартибда ҳимоя қилинади”, дейилган. Лекин ўша “тегишли” тартибнинг ўзи йўқ?!

Маъмурий қонунчиликка шундай моддани киритиш бўйича лойиҳа мавжуд бўлса, Жиноят кодексининг лойиҳасида журналистлар фаолиятига қаршилик кўрсатганлик учун жазо чоралари бўйича қоидалар мавжуд. Лекин улар ҳам давлат дастурлари ва Президент фармонларида кўзда тутилган бўлса-да, йиллар давомида қабул қилинмай турибди.

Шу нарса маълум бўлдики, Парламентда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексига иккита ўзгартириш киритиш лойиҳаси мавжуд.

Уларнинг бири бўйича, журналистнинг фаолиятига тўсқинлик қилган шахсга нисбатан 100 доллар миқдорда жарима белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга журналистлар фаолиятига аралашиш ва тўсқинлик қилиш бўйича нормани киритиш таклиф қилинмоқда. Қонун лойиҳасига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекинниг 197-5 моддасига қуйидаги мазмундаги нормани қўшиш назарда тутилган: “1975-модда. Журналистнинг қонуний профессионал фаолиятига аралашиш ва тўсқинлик қилиш. Журналистнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш журналистнинг ахборотни тарқатишга ёки тарқатишни рад этишга мажбурлашда ифодаланган бўлса, аккредитация қилишни асоссиз равишда рад этиш ёки аккредитацияни ноўрин бекор қилиш йўли билан тўсқинлик қилганлик, журналистнинг сўров билан мурожаат қилиш ва зарур ахборотни олиш ҳуқуқини бузганлик ёки журналистнинг материаллари ва зарур техника воситаларини ғайриқонуний равишда олиб қўйиш кўринишида аралашиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”.

Шунингдек, Жиноят кодексининг янги таҳрири лойиҳасига жиноий жавобгарлик белгиланган 184-моддасини киритиш назарда тутилган бўлиб, у бўйича журналистнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш, яъни, уни бирор бир ахборотни тарқатишга ёки тарқатмасликка мажбурлаш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, журналистга ёхуд унинг яқин қариндошига зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Журналистларни ҳимоя қилиш ва журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жазо чораларини кўриш бўйича нормалар қабул қилиш талабларига “Юксалиш” ижтимоий ҳаракати раҳбари Б.Бекмуродов ҳам қўшилди. Унинг сўзларига кўра, журналистлар ҳуқуқларининг бузилиши ва уларга бўлган тазйиқлар одатий ҳолатга айланди. У журналистларга тазйиқ ўтказганлик учун жазо тайинлаш бўйича нормалар қабул қилиш ҳамда журналистларга юридик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича тизим яратишга чақирди. Шунингдек, у Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази орқали юридик клиника ташкил этиш ғоясини қўллаб-қувватлади.

Б.Бекмуродов ҳам ОAВ омбудсмани лавозимини ташкил этиш ғоясини қўллаб-қувватлади ва келгуси йилдан журналистларга нисбатан босим фактларини қайд этувчи “Онлайн монитор”ни ишга туширилиши кутилаётганини айтди.

Ўзбекистон Олий Мажлисиинг Қоунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам қуйидагиларни таъкидлади: “Баъзи ҳолатларда журналистларнинг камераларини синдириб ташлашганини кўрдик. Қаергадир журналистларни киритишмайди ёки ортидан қувиб юришганини ҳам кўрдик … Ҳамма, жамоатчилик буни кўрди, билди. Лекин шунинг натижаси нима бўлди? Афсуски, биз журналистлар ҳимоясига доир қонунни қабул қилган бўлсак ҳам, уни бузганлик учун жавобгарлик масаласини қабул қилмаганмиз. Мана бизни энг катта муаммомиз”. Расул Кушербаев барча журналистларни ушбу мавзулар ҳақида ёзишга чорлади.

Ўзбекистор Журналистлар Уюшмаси Раиси Олимжон Ўсаров ҳам журналистларни ҳимоя қилиш бўйича таклифларга қўшилишини билдирди.

Маълумки, цензурани тақиқлаш ҳатто Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 67-моддасида ҳам қайд этилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунида ҳамда бошқа соҳавий қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда танқид учун босим, цензура, ахборот сўровларига жавоб бериш муддати ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини бузиш “қонун ҳужжатларига мувофиқ жазоланиши” тўғрисидаги нормаларга ҳаволалар мавжуд, бироқ ушбу нормаларни ўз ичига олувчи қонун ҳужжатлари мавжуд эмас. Журналистларнинг профессионал фаолиятини муҳофаза этувчи нормалар қабул қилиниши бу бўшлиқларни тўлдирган бўлар эти. Ҳозирда амалиётда журналистлар ҳуқуқларининг бузилиши қонун ҳужжатларининг мансабдор шахсларга бепарволик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқалар тўғрисидаги нормалари билан жазоланади.

ОАВ журналистлари ва блогерлар бундай лойиҳалар муҳокамасида фаол иштирок этиши, ОАВ ва медиа ҳамжамияти ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши зарур. Улар ўз фаолиятларини ўзлари ва ОАВлари учун муаммосиз амалга оширишлари, ўзларини ҳам ҳуқуқий, ҳам жисмоний, ҳам ахборот жиҳатдан ҳимоя қилишлари учун амалдаги қонунчилик нормаларини билишлари керак.

Карим Бахриев

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг