Женевада АҚШ президенти Жо Байден ва Россия президенти Владимир Путин илк марта давлат раҳбарлари сифатида учрашишди

0
805
Фото:ng.ru

АҚШ президенти Жо Байден 20 январь куни иш бошлаганидан бери  илк марта Женевадаги Ла Гранж вилласида Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашди. 1985 йилда бу ерда Михаил Горбачёв ва Роналд Рейган ўртасида ҳам учрашув бўлиб ўтганди.

Женевада АҚШ президенти Жо Байден ва Россия президенти Владимир Путин илк марта давлат раҳбарлари сифатида учрашишди. Кенг қамровли хавфсизлик чоралари кўрилган Женевада икки давлат раҳбарини Швецсария президенти Ги Пармелин алоҳида-алоҳида кутиб олди.

Саммит бўлиб ўтадиган Женева кўли бўйидаги Вилла Ла Гранж меҳмонхонасида икки президент қўл бериб кўришди. Бу АҚШ ва Россия президентларининг Жо Байден президентликка келганидан бери илк учрашувидир. Бунгача Путин 2018 йилда Ҳелсинкида Дональд Трамп билан учрашганди.

Путиндан олдин Женевага борган Россия делегацияси таркибидан жой олган Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Россия давлат телевидениеси «Россия 1» телеканалига берган интервьюсида икки давлат раҳбарларининг учрашуви «жуда оғир» кечишини айтди.

«Путин муаммоларни очиқ ва конструктив равишда ўртага қўяди ва ечим топишга ҳаракат қилади», деди саммитнинг «тарихий бўлмаслиги мумкин»лигини билдирган Дмитрий Песков.

У мазкур учрашувга катта умидни боғламаслик кераклигини таъкидлади. «Россия-АҚШ муносабатлари жуда мураккаб. Аммо икки давлат раҳбарининг учрашишга қарор қилгани ва муаммоларни очиқ муҳокама қила бошлаганининг ўзиёқ муваффақиятдир», деди у.

«Биз ушбу учрашув катта бурилиш нуқтаси бўлишини кутмаяпмиз»

Икки давлат раҳбари Байденнинг хорижга қилган илк ташрифининг учинчи бекати – Женевада учрашув ўтказади. Учрашув юзма-юз тарзида ўтиши режалаштирилмаган. Биринчи босқичда Путин, Байден ва ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Антони Блинкен иштирок этадиган мазкур учрашувда кейинроқ маслаҳатчилардан иборат делегацияларнинг ҳам қатнашиши кутилмоқда.

Икки раҳбар ҳам ушбу учрашув АҚШ-Россия муносабатларининг янада барқарор ва тахмин қилиш мумкин бўлган даражага эришиши учун ташланган илк қадам бўлиши мумкинлигига ишора қилди.

Таъкидлаш жоизки, киберҳужумлар, Россиянинг АҚШ сайловларига аралашуви, Москванинг ядро қуролларини назорат қилиш тўғрисидаги битимдан чиқиши ва энг муҳими, Россия томонидан Украинанинг айрим қисмларининг қўшиб олиниши каби қатор масалалар бўйича икки давлат ўртасидаги зиддиятлар сақланиб қолмоқда.

«Биз ушбу учрашув катта бурилиш нуқтаси бўлишини кутмаяпмиз», деди Байденнинг сафари чоғидаAir Force 1 самолётида журналистлар билан суҳбатлашган Американинг юқори мартабали амалдорларидан бири.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ баъзи муаммоли соҳаларда ишлаш учун ёрдамчилар ва маслаҳатчиларни тайинлашни мақсад қилган.

«Бирор-бир келишувга эришилишига амин эмасман», деди Путиннинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаков.

Учрашув тўрт-беш соат давом этиши режалаштирилмоқда.Женева учрашуви арафасида: Путин Байдендан нима хоҳламоқда?

Муносабатларни кескинлаштирган воқеалар

2014 йилда Қрим яриморолининг Россияга қўшиб олиниши икки томонлама муносабатларни кескинлаштирган нуқталардан бири бўлди.

2015 йилда АҚШ томонидан қўллаб-қувватланувчи мухолифатга қарши Дамашқ маъмуриятига ёрдам бериш учун Россиянинг Сурияга кириб бориши ва 2016 йилда Дональд Трамп ғолиб бўлган сайловларга Москванинг аралашуви ҳақидаги даъволар эса икки ўртадаги зиддият янада кучайишига сабаб бўлди.

Байден март ойида журналистлардан бирига берган интервьюсида Путинни «қотил» деб атади, шундан сўнг Россия Вашингтондаги элчисини чақириб олди.АҚШ ҳам апрел ойида Москвадаги элчисини чақириб олди. Ҳозирда икки мамлакатда ҳам элчилар йўқ.

Апрел ойидаги воқеанинг сабаби эса 2016 йилда ўтказилган АҚШ президентлик сайловларига аралашув, киберҳужумлар ва Украина билан боғлиқ зиддиятлар ортидан Вашингтоннинг Россияга қарши янги санкцияларни қабул қилгани эди. Ушбу санкциялар Россия ҳукуматининг АҚШ банклари билан боғлиқ операцияларини ҳам ўз ичига олади, шунингдек, президент сайловларига аралашишда гумонланаётган 32 кишини нишонга олади.

Шундан сўнг, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ушбу санкцияларга жавоб беришга қарор қилганликларини эълон қилади. Унга кўра, америкалик 10 нафар дипломат мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилади, мамлакатдаги АҚШ дипломатларининг хабар берган ҳолда ўз хизмат ҳудудидан 16 километрдан кўпроқ масофани босиб ўтишига рухсат берувчи келишув бекор қилинади. Америкалик элчи ҳам Москвадан Вашингтонга қайтиб кетади.

НАТО саммитидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Байденга «қотил» деган сўзи эслатилди, аввалига у саволни айланиб ўтишга уринди, аммо кейин Путинни «ақлли, мураккаб ва муносиб рақиб» деб таърифлади. «Қотил» сўзи эса ўтказмоқчи бўлган учрашувимиз нуқтайи назаридан унчалик ҳам муҳим аҳамиятга эга, деб ўйламайман», деди у.

Узоқ давом этиши кутилаётган учрашув давомида етакчилар тушлик ёки кечки овқатни бирга қилиши режалаштирилмаган. АҚШ расмийси бу ҳолатни «нонни баҳам кўрмаслик», деб баҳолади. Учрашувдан кейин икки раҳбар алоҳида-алоҳида матбуот анжумани ўтказади.

«Бизда кимнидир ўлдириш одати йўқ». Путиннинг Навалний, Байден ва АҚШ билан муносабатлар ҳақидаги интервьюсидан асосий маълумотлар

Апрел ойида Украина чегарасида кескинлик ортганди

Март ойи ўрталаридан бошлаб Россия Қрим ва Украина шарқидаги Донбасс минтақасига ҳарбий юкларни етказиб бера бошлади.

Шундан сўнг Украина ва Ғарб давлатлари Россияни огоҳлантиради, Америка ҳарбий кемалари ҳам Қора денгиз томон йўл олгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Воқеалар ривожи кескинлашганда эса Байден Путин билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу Байденнинг президентлик лавозимига киришгандан кейин Путин билан қилган иккинчи телефон суҳбати бўлди.

Байден зиддиятларни камайтириш учун икки томонлама саммитни таклиф қилади, аммо Россия томони бу таклифни кўриб чиқишини билдиради. Апрел ойи охирида эса давлат раҳбарларининг икки томонлама учрашув санаси ҳали белгиланмаган бўлса-да, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украина чегарасида бир неча ҳафта давомида кескинлик келтириб чиқарган ҳарбий кучлар минтақадан чақириб олинишини маълум қилади.

Ҳафта бошидаги НАТО саммитида Украина ҳам алянснинг бир қисми бўлиши мумкинлиги тўғрисида баёнотлар берилди. Собиқ совет иттифоқи таркибида бўлган Украинанинг НАТОга аъзолик масаласининг кун тартибига чиқишини Москва кескин реакция билан қаршилади. Байден-Путин учрашувида ушбу масала ҳам муҳокама қилиниши мумкин.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг