Жанубий Кореяда коронавирус билан касалланиш бўйича сўнгги 49 кундаги энг юқори кўрсаткич қайд этилди

0
1794
Харидорлар кафеда буюртма қабул қиладиган, қаҳва тайёрлайдиган ва ичимликлар етказиб берадиган роботни кутмоқда, Жанубий Кореянинг Тэйжон шаҳрида, 2020 йил 25 май/Kim Hong-Ji / Reuters

26 май куни Жанубий Кореяда 40 кишига коронавирус ташхиси қўйилди. Бу сўнгги 49 кунда мамлакатда қайд этилган коронавирус ҳолатларининг энг баланд кўрсаткичи ҳисобланади. Бу ҳақда Кореянинг касалликка қарши кураш ва унинг олдини олиш маркази 27 май куни хабар берган.

Айни пайтда Жанубий Кореяда КОВИД-19 га чалинганларнинг умумий сони 11 265 кишига етди.

Сеулдаги Коупанг номли онлайн савдо фирмасининг логистика марказида ҳозиргача 36 киши коронавирусни юқтириб олгани маълум бўлган. Ушбу фирмада илк бор 23 май куни коронавирус ҳолати қайд этилганди. Компания душанба куни ёпилган ва ҳозирда унинг ҳудудида қатъий дезинфекция ишлари олиб борилмоқда ҳамда бу фирмада ишловчи 3600 киши текширувдан ўтказилмоқда.

Тиббиёт мутахассислари бу компания билан боғлиқ вирус ҳолатлари яна кўпайиши мумкинлигини айтишмоқда.

“Биз вируснинг оммавий тарзда тарқалаётганидан хавотирдамиз ва ҳолатни диққат билан кузатмоқдамиз” дейди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ким Канг-лип.

Кимнинг айтишича, Коупанг фирмаси раҳбарияти карантиннинг асосий қоидаларига амал қилмаган. Аммо, фирма вакилининг айтишича, компания ҳудудида кунлик дезинфекция ишлари олиб борилган, барча ишчилар юз ниқоблари ва қўлқопларни тақишган ҳамда уларнинг иситмаси ўлчанган.

Бир неча ой аввал Жанубий Корея коронавирус тарқалиши бўйича Хитойдан кейинги иккинчи ўринда турганди. Аммо, вирус занжирини топиш ва текшириш ишларининг фаол олиб борилиши натижасида вазиятни барқарорлаштиришга эришилди. Жанубий Кореяда 3 январдан ҳозиргача 852 876 киши коронавирус текширувидан ўтказилган.

Шунинг учун Корея ҳукумати карантин чекловларини юмшата бошлади. Хусусан,айни пайтда бейсбол ва футбол лигалари мухлисларсиз давом эттирилмоқда, истироҳат боғлари, музейлар ҳамда ташқаридаги дам олиш масканлари очилди. 8 июндан барча мактаблар очилиши кутилмоқда.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг