Ҳозирда Ливан аҳолисининг деярли 50 фоизи қашшоқлик чегарасидан ҳам қуйироқ бўлган шароитда яшамоқда, мамлакат эса банкротлик арафасида турибди, деди Жаҳон Банкининг Ўрта Шарқ ва Шимолий Африка бўйича бўлими вице-президенти Ферид Белхаж Ал Арабияга берган интервюсида.
Белхажнинг таъкидлашича, ушбу банк Ливандаги энг ночор оилаларни ижтимоий ҳимоя қилишни қўллаб-қувватлаш учун 246 миллион доллар ажратишни таклиф қилди. Аммо, бунинг учун Ливан ҳукумати пулларни ҳақиқатдан ҳам муҳтож оилаларга етказиб беришда шаффофликни кафолатлаши шарт қилиб қўйилган.
Ҳозирда Ливан мамлакати жуда катта иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда. Бунга Ливандаги сиёсий беқарорлик, бир неча ўн йиллардан бери давом этаётган коррупция ва нотўғри бошқарув сабаб бўлди. Ушбу инқироз коронавирус пандемияси ва ўтган йилнинг август ойида Байрут портида юз берган кучли портлаш натижасида янада оғирлашди. Портдаги кучли портлашда 300 минг киши уйларини тарк этишга мажбур бўлди, 2000 дан зиёд одам жароҳат олди ва камида 200 киши ҳалок бўлди.
Халқаро ҳамжамият Ливан сиёсатчиларидан мамлакатдаги сиёсий ва бошқа бўлинишларга барҳам беришга ҳамда ҳозирги муаммоларни ҳал қилишга қодир бўлган ҳукумат тузишга чақирган.
“Биз Ливан билан бир неча йиллар давомида муҳокама қилган ислоҳотлар шу пайтгача амалга оширилмади. Бу ҳолат бизни Ливан ҳукуматидагиларнинг ишончлилигига шубҳа қилишимизга сабаб бўлмоқда“ дея қўшимча қилди Белҳаж.