«Жадид» ва «қадим» масаласи аслида вазият қандай бўлганди? (давоми)

0
2688
Миён Бузурк

Азизлар, “Изҳор ул Ҳақ”ни варақлашда давом этсак, албатта, хулоса Сиздан.

Журналнинг яна бир фаоли Миён Бузрук Солиҳдир. Миён Бузрук 1891 йил Тошкентнинг Шўртепа масжиди имоми Миён Солиҳ хонадонида туғилган (Қўқонда Миён Қудрат ҳазрат, умуман “Миёнлар кимлар?” деган бир мақола тайёрлаяпман).

У 1917 йил Тошкент думаси учун сайловларда “Шўрои Ислом”дан сайланган 11 вакилдан бири, “Иттиҳоди тараққийпарварон”нинг раиси Мунавварқори Абдурашидхоновнинг муовуни бўлди, 1917 йил 12-14 июль кунлари Фарғонада Туркистондаги илк сиёсий партия- “Турк адами Марказияти”ни тузишда фақиҳ сифатида иштирок этди.

“Туркистон Мухторияти”ни қўллаб-қувватлади, қонга ботирилгач эса “Миллий иттиҳод”нинг топшириғи билан Афғонистон ва Туркияда бўлди.

Миён Бузрукнинг 1938 йилгача педагог олим, адабиётшунос, тилшунос, театршунос, санъатшунос ва таржином сифатида илмий мероси ниҳоятда улкан.

Биз кўриб чиқаётган “Изҳор ул Ҳақ”да унинг “Ийқоз”, “Ад дину ан насиҳа”, “Талон ва ғорат зарари”, “Баҳоийлик ҳаракати”, “Асафнок ҳолат” каби мақолалари босилган.

Қуйида “Ийқоз”, “Ад дину ан насиҳа” мақолаларидан парчалар ўқиймиз:

“Ийқоз”дан: Олам тамом куфру ширк эълония, адоват, кибр, нифоқлар бирла тўла бир замонда жаноб Ҳақ тарафидин бандаларни сироти мустақимға хайр, яъни дини исломға мушарраф ўлуб саодати диния ва набавияларга ноил ўлсун учун жаноб ҳомийи дини мубийн ва ҳодий музаллин Расул акрам ҳазратларини мабъус этиб маъжуз каломи Фурқон Карим амр ва наҳиларининг гумроҳларға таблиғ борасида таклиф этди.

… Афсус, ҳазор афсуски, халқнинг раҳбари ва сарвари саналган кишилар уламо ва улул амир нафс хусусаға тобеъ ўлуб, вазифа муборакларининг адосидин имтиноъ этдилар ва неча турли хаёлоти шахссия бирлан ислом хидматидин ағмоз этдилар, кўз юмдилар.

Бунинг хосили самараси “Фасадул олими фасадул олами” мақолинча олами ислом паришон ўлуб азиз ва номуслари йиртилиб ҳайвон лояқуллардек аддуви дин ва душмани миллатларға мутъе ва мунқод ўлмакға мажбур ўлдилар, ва ҳануз ўлмакдалар.

… Ё ҳар уламо мутаққинийн мутаққиддин ҳар қаю фандин таълифот ва таснифот келтуруб ҳам асарларини ҳидоят этмадиларму? Ё хатиб ва ваъазларимиз ва ваъз оташин нутқлар бирла аждод боболаримизнинг тараққий ва тамаддунининг табақаи олияға еткуруб шон ва шарафларин зиёд ўлмакиға боис ва сабаб ўлмадиларму? Ҳакиму ҳозиқ ва файласуфларимиз кимиёдек асарлари ила жаҳоннинг пурнур айлаб маориф тухмини сочиб кетмадиларму?

Бу нечук шум толеъдурки аксар мамолики ислом хусусан ушбу азим ҳайъат ўн икки миллиюн Туркистон мусулмонлари асрлардан бери воиз, адиб, ҳаким, раҳбар, ҳодийлардан ажраб тилсиз, қўлсиз, оёғсиз ётмакдадурлар. Ва нечук қаро бахтдур ки диний ва дунёвий ҳожатларин билдируб, айб ва нуқсонларин кўзларига кўрсатмак учун масжидларда қурилган музаййин минбарлардин ўқулган хутба ва айтулган ваъз ва насиҳатни халқ нари турсун муҳтарам хатиб ва воиз ҳам англамаслар ва билмаслар.

Ва буюк ғафлатдурки ҳар бир инсоннинг зоҳири ва ботиний ҳолини камолиға еткурувчи тариқат аҳли бўлган баъзи ноқобил шайхлар нафси амморалари учун шаҳар башаҳр кируб турли турли афсоналар сотурлар.

Ва нечук заҳар оғуш тарбиятдурки фарах фазо, руҳбахш аждод муқаддасийн асарлари ўлон мадрасаларда тафсир, ҳадис, усул, фиқҳ, ахлоқ, адабиёт илмлари ўрнида асосан фалсафиёт мавҳуми юнония таълим берулуб азир ноёб умрларини зоеъ этмакдадурлар…

Мана бу ҳолатларға оҳи аҳли исломни таназзул вартасиға еткуруб, маҳкум алайҳил мавт этмиш, ўлум дарвозасиға еткурмиш. Эмди уммат марҳумани варт ҳалокатдан халос этмак учун бирдан бир чора уламои олийшонлар таълимоти, хатабо ваъз ва насиҳат била, улуаламр сиёсат била диний ва дунёвий вазифаларин адо этуб ало калимат Аллоҳ ул ислом ривожи учун кушиш ва ҳаракатда бўлмакларидур. Шул суратда умид нажот ва ҳуррият бордур…

“Ад дину ан насиҳа” мақоласи “Аттафақал муслимуна ало ан-ло яттафиқу” (Мусулмонлар иттифоқ бўлмасликка иттифоқ бўлдилар) деган киноя устига бунёд этилган. Мақоладан: Ўтган номердаги “Ийқоз” унвонли мақолада бошимизда турган бало ва кулфатларни дафина бирдан бир чора уламо ал эҳтиромларнинг таълим ва насиҳати эканин ажмола баён қилган эдим.

Эмди ад дин ан насияҳ ҳадиси шарифина суяниб фикри қосироним тафсил бермакни фойдадин холи топмади. Балки, диний бир вазифам экани наздимда собит ўлди. Биноан, алайҳ зирдаги лавҳа кадарми тақдим этдим Хузма сафада макадар аддин ан нассийҳа маънисидин ислом насиҳатдин иборатдур…

Бу ҳадиси шариф шундай жомеъ ва фойдалидур ки мунинг ила авлоди одам дунё ва охиратни саодат ва яхшиликларина эришур, ноил бўлур. Мунинг ила мусулмонлар дин доимо ўзаро бир бирларида жузъий бир хато ва нуқсон кўрунса тездан шул нуқсонларни ислоҳ қилмоқға ҳаракат қилурлар.

Аллоҳ Таолонинг буйруғина итоат этмак ва қайтарғонидин қайтмоқ Расулуллоҳға пирулик қилмак шуни эшитиб қабул айламак ила бўлур. Ва ҳар турли сиру синоатлар соҳиби ўлуб, гадолик этмак, ўғрилик, қиморбозлик арақхўрлиқ, рибо, ижорахўрлик ва шунга ўхшаш ёмон феъллардин ҳазар қилмоқ. Хулоса макорим ахлоқ эгаси бўлмак шунинг таъсири ила бўлур.

Кўринг ким Расули Акрам ва саҳобаи киром ваъз насиҳатда бўлдилар қандай жоҳил мутаассиб мушрик ва кофирлар ҳидоят топиб ислом ривожи учун мол ва жонларини аямасдин ҳаракатда бўлдилар.

Ибрат кўзи ила қаранг ўтган замонда олим оқилларимиз ваъз насиҳатда бўлдилар. Аҳли ислом тараққиёт ва анъанатлари бирла олам аҳлини ҳайрон қолдуруб тобеъ ва итоат эттирдилар, ишонч ва эътимодлик доноларимиз ваъз насиҳатда бўлдилар. Аждод боболаримиз бирлари иккиға балки ўнға балки юзға ҳамла айлаб ғолиб келуб таърих варақаларини яхши сифатлари бирла нурландурдилар.

Алҳосил исломни ясатдилар, шараф қозондилар раҳмат Аллоҳи алайҳим.

Очиқ маълумдурки бечора нодон жоҳил халқ дин надур, дунё надур Ҳақ надур ботил надур, ҳеч бирини билмас. Аллоҳи Таоло нимаға буюрди ва нимадин қайтарди ва нимага ихтиёр берди ҳеч бирини англамас. Ёлғуз алар раҳбару ҳодий ва йўлчилари ўлон фуқаҳо, уламо, имомларни изларидин айрилмас.

Тўғриси шулдирки, йўлчилар мусулмони комил ўлуб, аҳлини насиҳат, ҳадиси шарифни кўзда тутиб, тўғри йўлға бошласалар бечора халқ мақсудина етуб, масъуд яшар. Ва агар йўлчилар бузуқ ғаразлар ила нафси аммора хизматкори ўлуб, бирор нимарса ҳосил қилмак ва ё бирор нимарсаға илинмак ва ёки андак нимарсаға сотилуб, эгри йўлни тўғри кўрсатмак ва шунга ўхшаш номашруъ ҳаракатда бўлсалар, мақсуд кўчасини тополмай сарсон ва саргардон ўлурлар. Бу эса инкор қилинмаслик бир ҳақиқатдир.

Азизлар ҳозирги ҳолимизға боқинг нечук ҳолатдамиз ва нечук умр кечурурмиз ер юзини сиёсат ва салтанати ила титратган фикру тадбири ила оламни мусаҳҳар қилган давлатларимиз йўқ бўлиб кетдилар.

Ўтган муфассир, муҳаддис, мусанниф, ҳакимларимизни неча минглаб ёзуб қолдурган ноёб асарларини тамом билуб ва англаб халқимизни ҳидоят қилғудек олимларимиз кам қолдилар, ва ёки қолмадилар. Илмнинг суръат бирлан халқ орасига тарқалмоғига кўпроқ саъйи ва кушиш қилмайдурлар.

Худованди Карим Қуръони азмуш шааънда буюрмишдурки, настаузибиллаҳи, касал ва бетобларимизни қаратмак ва боқтурмак шаръан жоиз бўлгани ҳолда бирор нафар ҳам ўқуган табиб ҳозиқимиз йўқ. Билакс, табиб ва шулар жаҳолатлари бирла халқни нобуд этмакдалар…

Масжид ва жамоатгоҳларда фикр ва онг уйғотодургон ваъз насиятға шаръ шариф буюрғон бирор нафар ҳам халқ тилида айтадургон ваъз ва насиҳатгаримиз йўқ.

Билакс, нафси аммора ходими ўлон маддоҳлар кўча ба кўча афсонаҳойи беҳуда сотурлар. Ўқув ва ўқутмак ҳар бир инсонга фарз бўлгани ҳолда бебахт болаларимиз бодбарак, кўчада ошуқ, майдонда чиллак ўйнаб юрур, етарлик мактабимиз йўқ.

Билакс, борини бу “қадим” бу “жадид” деб шикоятлар ила йўқ қилмакдалар. Эмди фақиҳ, олим, хатиб, имом, пешволаримиздин дин матин ғаррони восита қилиб рижо ва орзу қилинур ки шариати набавия буйруғин тинглаб меҳроб ва минбарлардин халқ тилида дин ва дунёға тааллуқ ваъз насиҳат айлаб миллати исломияни озод ўлуб масъуд яшамакина боис ўлсунлар ва ўзлариға лозим бўлган вазифаларини адо этуб ислом ривожи учун кўшиш этсунлар

Етар ғафлат ва етар зиллат бас энди.
Вассалому ал а ман табаъ ал ҳуда Миён Бузурк

Баҳром Ирзаев
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг