«Иймон ва ахлоқ қадриятларига зиддир.» Ливан ва Қувайтда «Барби» фильми тақиқланди

0
2241
Барби фильми Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистонида намойиш этилган, аммо Қувайт ва Ливанда тақиқланган./фото: EPA

Ливан ва Қувайт расмийлари янги Барби филми мазмуни ўз мамлакатларидаги консерватив қадриятларга зид эканини айтиб, кинотеатрларда намойиш қилишни тақиқлади.

Америкалик ҳинд режиссёри Грета Гервигнинг узоқ кутилган, бутун дунё бўйлаб бир миллиард доллардан ортиқ даромад келтирган комедия жанридаги фильм 2023 йилнинг 9 август пайшанба куни Яқин Шарқда кенг экранга чиқиши керак эди.

Дастлаб Саудия Арабистони томонидан фильмнинг Яқин Шарқда чиқиши санаси 19 июлдан август ойининг охирига сурилган эди. Variety нашрига кўра, маҳаллий цензорлар кинокомпанияни ЛГБТ- одамларни тилга оладиган саҳналар бўйича ўзгартириш киритишга ҳаракат қилишган.

Яқин Шарқда тақиқланган бошқа филмлардан фарқли ўлароқ, Барбида бир жинсли муносабатларни очиқ кўрсатувчи саҳналар йўқ.

Саудия Арабистонида кинокомпания билан боғлиқ муаммолар ҳал бўлди ва фильмнинг Яқин Шарқдаги прокат санаси 10 августга белгиланди. Аммо охирги лаҳзада Қувайт ва Ливан ҳукуматлари фильмнинг ўз мамлакатларида намойиш этилишига тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилишди.

Қувайтда қўйилган тақиқни ушбу фильм мамлакатнинг “жамоатчилик этикаси тамойиллари”га тўғри келмаслиги, Ливанда эса гомосексуализм тарғиботи мавжуд эканлиги билан изоҳланган.

Чоршанба куни Қувайт Ахборот ва матбуот вазирлигининг Кино цензура қўмитаси нафақат Барби, балки Австралиянинг “Мен билан гаплаш” қўрқинчли фильмини ҳам тақиқлаганини айтди.

“Қўмита ҳар иккала фильм ҳам Қувайт жамияти ва жамоат тартибига ёт ғоялар ва эътиқодларни тарғиб қилади деб ҳисоблайди”, деди вазир ўринбосари Лафи Ал-Субейе ва бу баёнотни мамлакатнинг Kuna миллий ахборот агентлиги эълон қилди.

Хорижий фильмлар Қувайтда намойиш этилишидан олдин уни ахлоқий меъёрларга жавоб бериши учун, қўмита одатда “жамоат этикасига зид бўлган саҳналарни цензура қилишни” буюради, дейди расмий.

Аммо агар фильм “ёт тушунчалар ва мафкуравий мазмунга эга бўлса ёки қабул қилиб бўлмайдиган хатти-ҳаракатларга эга бўлса, қўмита ушбу материални умуман тақиқлашга қарор қилади”, деди Ал-Субейе ва бу қоида барча хорижий маҳсулотларга тегишли эканлигини қўшимча қилди.

Ливанда эса, АР агентлигининг хабар беришича, фильмни тақиқлаш ташаббуси Маданият вазирлигидан чиққан. Унинг раҳбари Муҳаммад Мортаданинг таъкидлашича, фильм «иймон ва ахлоқ қадриятларига зид» ва «гомосексуализм ва жинсий ўзгаришларни тарғиб қилади» экан.

У ўз тавсияларини Ливан Ички ишлар вазирлигига бўйсунадиган ва анъанавий равишда цензура бўйича қарорлар қабул қиладиган Бош хавфсизлик бошқармасига юборди.

Матбуот хабарларига кўра, Мортада ўзининг тавсияларида “Барби” фильмида оналарнинг хаётдаги ўрни масхара қилинганлиги ва никоҳнинг асл мазмуни шубҳа остига олинганлиги билан ҳам изоҳлаган.

Араб дунёсидаги биринчи гей-парад: олти йилдан кейин

Яқин-яқингача насроний аҳолиси кўп ҳисобланган Ливан Яқин Шарқдаги ЛГБТ ҳамжамиятининг энг либерал ва бағрикенг мамлактларидан бири эди, деб ёзади BBC. 2017 йилда Байрут араб дунёсида биринчи гей-парадга мезбонлик қилган, шундан сўнг бу ҳар йили ўтказиладиган тадбирга айланганди. Бироқ, ўтган йили Ливандаги кайфият ўзгара бошлади.

2022 йилнинг ёзида Ички ишлар вазирлиги хавфсизлик кучларига «жинсий бузуқликни тарғиб қилувчи» фаолиятни тўхтатиш ҳақида буюриқ берганидан кейин ЛГБТ ҳамжамиятига қарши таъқиблар кучайган.

Жорий йилнинг июл ойида эса ҳукмрон коалицияга кирувчи “Ҳизбуллоҳ” шиа гуруҳи етакчиси Ҳасан Насруллоҳ гомосексуализм Ливан учун “доимий хавф” эканлигини айтди ва уни тарғиб қилувчи материалларни тақиқлашга чақирди.

У ўзининг 46 дақиқалик нутқида гомосексуаллар учун ўлим жазосига чақирувчи исломий матнларга тўхталиб ўтди: “Гомосексуализмга келсак, бу амалиётга биринчи марта қўл урилаётган пайтдан бошлаб, ҳатто у уйланмаган (турмушга чиқмаган) бўлса ҳам, у ўлимга маҳкум қилиниши керак. Унинг бу дунё ва охиратдаги тақдири эса –  қатл этилишидир”.

Аввалроқ Яқин Шарқда ЛГБТ тилга олинган ва гендер тенглиги масалалари туфайли тақиқланган бошқа фильмлар трейлерлари орасида «Транс болаларни ҳимоя қилинг» плакати жойлаштирилган «Ўргимчак одам: Оламлар оша» картинаси ҳам киради. Ушбу фильм Бирлашган Араб Амирликларида намойишга чиқаришмади.

Яқин Шарқдаги бир қанча мамлакатлар “Ўйинчоқлар ҳикояси” франшизасининг бир қисми бўлган 2022 йилги «Базз Лайтер» мултфильмида икки аёлнинг ўпишини акс эттирувчи саҳна борлиги учун тақиқлаган.

Бундан ташқари, бир қанча давлатлар Марвел комикслари асосидаги ва биринчи марта гей суперқаҳрамони акс эттирилган “Абадийлар” фильмининг намойишини тақиқлаб қўйган.

 

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг