Имом ибн Ҳажар ал-Асқолонийнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилиб ёзган шеърлари
Шайхул Ислом, Имом ибн Ҳажар ал-Асқолоний (ҳ. 773-852 й.) ўзларининг шеърлари тўплами бўлмиш «Девон»да ёзадилар:
وكان ابن حجر العسقلاني يقول في ديوانه:
نبيَّ الله يـا خيرَ البرايا *** بجاهك أتَّقي فصلَ القضاء
وأرجو يا كريمُ العفوَ عمَّا *** جنته يداي يا رب الحَباء
فكعب الجود لا يرضى فداءً *** لنعلك وهو رأس في السخاء
وسنَّ بمدحك ابن زهير *** لمثلي منك جائزة الثناء
فقل يا أحمد بن علي اذهب *** إلى دار النعيم بلا شقاء
فإن أحزن فمدحك لي سروري *** وإن أقنط فحمدك لي رجائي
Эй, инсонларнинг яхшиси бўлмиш Аллоҳнинг набийси,
Сизнинг қадрингиз ила охират қўрқинчидан паноҳ топарман.
Эй Карамли Аллоҳим, афвингдан умидворман,
Жаннатдан узоқлашмайин, эй ҳиммат Роббиси.
Каъб эваз олмоққа рози бўлмаган бўларди,
Ковушингиз учун, у энг саҳий бўлган ҳолда ҳам.
Дастлаб ибн Зуҳайр сизни мадҳ этганди,
Мен каби кишига ҳам сизни мақтамоқ жоиздир.
Бас, айтинг эй Аҳмад, киргин Алийнинг ўғли,
Ёмонлик бўлмайдиган неъматлар уйи жаннатга.
Маҳзун бўлсам, сизни мадҳ этмоқ сурур бахш этур,
Ноумид бўлсам, сизни мадҳ этмоқ умид бахш этур.
(Ҳофиз ибн Ҳажарнинг «Девон»и Ҳиндистонда чоп этилган, қўлёзмаси эса Иордания университетининг кутубхонасида сақланади).
Ибн Абдуссаломнинг шамолга мурожаати
Имом Тожуддин Ас-Субкий (ҳ.717-771 й.) раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Табақот» китобида, Ислом тарихида «Султонул Уламо» номи билан машҳур бўлган Иззуддин ибн Абдуссалом (ҳ. 577-660 й.) раҳимаҳуллоҳ ҳақида айтадилар:
ذكر واقعة الفرنج على دمياط وكانت قبل ذلك وصلوا إلى المنصورة في المراكب ، واستظهروا على المسلمين ، وكان الشيخ مع العسكر ، وقويت الريح ، فلما رأى الشيخ حال المسلمين ؛ نادى بأعلى صوته مشيرا بيده إلى الريح : يا ريح ، خذيهم. عدة مرار ، فعادت الريح على مراكب الفرنج فكسرتها ، وكان الفتح ، وغرق أكثر الفرنج ، وصرخ من بين يدي المسلمين صارخ : الحمد لله الذي أرانا في أمة محمد ، صلى الله عليه وسلم رجلا سخر له الريح. طبقات الشافعية الكبرى.
«Фаранглар (салбчилар) билан Думёт деган жойда бўлган жанг ҳақида зикр қилдилар. Улар бундан аввал кемаларда Мансура деган жойгача мусулмонларни устидан ғалаба қозониб келдилар. Шайх (Ибн Абдуссалом) аскарлар билан бирга эдилар. Шамол кучайиб борар эди. Шайх мусулмонларнинг ҳолини кўрганларида, шамолга қўллари билан ишора қилиб баланд овозда: «Эй шамол! Уларни тут!», деб хитоб қилдилар. Бас, шамол салбчиларнинг кемалари томонга эсди ва уларни янчиб ташлади. Салбчиларнинг кўплари ғарқ бўлдилар ва мусулмонлар фатҳга эришдилар. Мусулмонлар ичидаги бир киши: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларининг ичида, унга шамол бўйсиндирилган кишини бизга кўрсатган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деб хитоб қилди».
(Имом Субкий, «ат-Табақот аш-Шофеъийя ал-Кубро», Изз ибн Абдуссаломнинг таржимаи ҳоли).
Истиғоса ҳақидаги ижмоъ (уламоларнинг якдил фикри)
Ҳанбалий мазҳабининг олими, Имом Нажмуддин ат-Туфий ас-Сарсарий (ҳ. 657-716 й.) ўзининг «Ал-Ишаратул илаҳияту ила мубаҳис ал-усулия» номли китобида, истиғосанинг руҳсат этилганлиги ҳақида уламоларнинг ижмоъси ҳақида айтадилар:
وقد صنف الشيخ أبو عبدالله النعمان كتبا سماه : (مصباح الظلام في المستغيثين بخير الأنام) واشتهر هذا الكتاب وأجمع أهل عصره على تلقيه منه بالقبول وإجماع أهل كل عصر حجة فالمنكر لذلك مخالف لهذا الإجماع
«Шайх Абу Абдуллоҳ ан-Нўъмоний Ал-Марокиший (ҳ. 607-683 й.) «Мисбаҳуз зулом фил мустағисин би хойрил аном» китобини ёзган бўлиб, мазкур китоб машҳурдир. Бу китоб унинг замонаси аҳллари томонидан ижмоъ (уламоларнинг якдиллиги) билан қабул қилинган. Ҳар бир аср аҳллари томонидан ижмоъ билан қабул қилинган нарса ҳужжат ҳисобланади. Бас, буни (истиғосани) инкор этувчи – мазкур ижмоъга хилоф қилган бўлади».
(Ат-Туфий, «Ал-Ишаратул илаҳияту ила мубаҳис ал-усулия», 3-ж., 89-93-бет).
Шу ўринда, Тақиюддин Субкий (ҳ. 683-756) раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини яна бир бор келтириш ўринлидир:
وحسبك أن إنكار ابن تيمية للاستغاثة والتوسل قولٌ لم يقله عالم قبله
«Сенга, Ибн Таймия томонидан истиғоса ва тавассулни инкор этилиши, ундан олдин ҳеч бир олим айтмаган сўз эканлиги кифоя қилади». (Тақиюддин Субкий, «Шифо ас-Сиқом», 357-б.).
ХУЛОСА
Сўзимизнинг аввалида айтилганидек, ушбу мақола орқали кимнидир истиғоса ёки тавассул қилишликка чақириш ниятидан узоқмиз. Чунки, мазкур нозик масалаларга, ақийдага оид етарли илмларга эга бўлмаган ва ҳақиқий мутасаввиф — руҳий тарбия устозларидан бевосита ўрганмаган одамларнинг киришишини тўғри эмас деб ҳисоблаймиз.
Шунингдек, айрим сохта сўфийлар, шиалар, бошқа адашган тоифалар ҳамда баъзи оми одамларнинг қабрларда амалга оширадиган шариатга хилоф ишларини (қабрларга сажда қилиш, атрофини айланиб тавоф қилиш, латта-лутталарни боғлаб қўйиш, шам ёқиш ва ҳаказо) асло оқламоқчи эмасмиз.
Бироқ, шу каби адашган одамларнинг ношаръий айрим ишларини мисол қилиб кўрсатган ҳолда, Аҳли сунна вал жамоа уламолари томонидан шариат чегарасида руҳсат этилган истиғоса ва тавассул масаласида мусулмонларни омматан ширкда айбловчи бемазҳаб хавориж тоифалар (ваҳҳобийлар, «салафий»лар) ва уларнинг даъватига алданган одамлар орамизда бор эканлиги сабабли, уларга илмий равишда раддия бериш лозимдир.
Шунга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадиси шарифлари билан сўзимизга якун ясасак мақсадга мувофиқ бўлса керак. Зеро, замонамизнинг мудҳиш дардига айланган масалада, яъни мусулмонларнинг юртларини хароб қилиб, уларни эгаллаб олиш ҳамда мусулмонларни қириб йўқ қилиш мақсадида уларни «қабрпараст мушриклар» деб эълон қилишни ўзларига касб қилиб олган фитнакор хаворижларга жавоб сифатида энг мукаммал сўзни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари айтганлар:
عن حُذَيْفَةَ رضي الله عنه قال : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : إِنَّ مَا أَتَخَوَّفُ عَلَيْكُمْ رَجُلٌ قَرَأَ الْقُرْآنَ حَتَّى إِذَا رُئِيَتْ بَهْجَتُهُ عَلَيْهِ ، وَكَانَ رِدْئًا لِلْإِسْلَامِ ، غَيَّرَهُ إِلَى مَا شَاءَ اللَّهُ ، فَانْسَلَخَ مِنْهُ وَنَبَذَهُ وَرَاءَ ظَهْرِهِ ، وَسَعَى عَلَى جَارِهِ بِالسَّيْفِ ، وَرَمَاهُ بِالشِّرْكِ ، قَالَ : قُلْتُ : يَا نَبِيَّ اللَّهِ ، أَيُّهُمَا أَوْلَى بِالشِّرْكِ ، الْمَرْمِيُّ أَمِ الرَّامِي ؟ قَالَ : بَلِ الرَّامِي
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Батаҳқиқ, мен сизлар ҳақингизда қўрқадиганларимнинг энг хавфлиси — Қуръон ўқиган, ҳатто унинг гўзаллиги унда кўринган кишидир. Ҳолбуки, исломга тиргак бўлиши керак эди. Лекин, Аллоҳ уни ўзи хоҳлаганча (ёмон томонга) ўзгартириб қўяди. Ундан Қуръонни шилиб тортиб олиб қуяди, у эса Қуръон ҳукмларини орқасига ташлайди. Қўшнисига қарши қилич кўтаради ва уни ширкда айблайди». Мен: «Эй Аллоҳнинг Пайғамбари! Уларнинг қай бири ширкка лойиқроқ? Айбловчими ёки айбланганими?», дедим. У зот: «Балки айбловчиси», дедилар.
(Имом Бухорий «Тарих»да, Ибн Ҳиббон, Ал-Баззор, Абу Яъло ривоят қилганлар. Имом Ҳайсамий ва Ибн Касийр ҳадисни ишончли деганлар).
Мусулмонларни ширкда айбловчиларнинг сафида бўлишликдан Аллоҳ таоло бизни асрасин. Мўминларни ширкда айблаб, аслида ўзлари ширкка лойиқ бўлаётганларга инсофу тавфиқ ато этсин. Омийн!