Исроил ва БАА 15 сентябрда Оқ Уйда шартнома имзолашади

0
1354
Фото: REUTERS/Jonathan Ernst

АҚШ президенти Дональд Трамп 15 сентябрда Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни нормаллаштириш бўйича шартнома имзоланишига мезбонлик қилади. Бу ҳақда 8 сентябрь сешанба куни Оқ Уй расмийларидан бири хабар берди.

Исроил ва БАА ўртасидаги ушбу келишув 13 август куни эълон қилинган эди. Унга кўра, БАА Исроил билан одатий иқтисодий-ижтимоий алоқаларни тиклашга рози бўлган бўлса, Исроил бунинг эвазига Ғарбий Соҳилни аннексия қилишни тўхтатиб туришга келишган.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган Оқ Уй ходимининг айтишича, мазкур шартномани имзолаш учун Исроил Бош Вазири Беньямин Нетаньяху ва БАА Ташқи ишлар вазири Шайх Абдуллоҳ бин Зайд ал-Наҳён ўз делегациялари билан АҚШга келишади.

“Мен Трампнинг таклифига кўра кейинги ҳафтада Вашингтонга бориб, Исроил ва БАА ўртасидаги тарихий тинчлик шартномасига асос солишдан фахрланаман” деб ёзди Нетаньяху ўзининг твиттер саҳифасига.

Августда ушбу келишув эълон қилинганидан кейин Трамп ва АҚШ ҳукуматининг бошқа вакиллари Саудия Арабистони ҳамда бошқа мамлакатларнинг ҳам Исроилни тан олишларини кутишаётганини маълум қилишганди. Лекин, бир қанча мамлакатлар, хусусан Эрон БААнинг Исроил билан ҳамкорликни тиклашини қоралаб чиқди. Эрон президенти БАА бу билан катта хатога йўл қўйганини айтган. Шунингдек, Фаластин ҳукумати мазкур шартномани БАА томонидан қилинган “хиёнат” ва “Фаластиннинг орқасидан пичоқ уриш” деб атаган.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг