21 март куни Испания ҳукумати коронавирус пандемияси билан курашиш учун зарур бўлган барча ишларни амалга оширишини маълум қилар экан, вирус билан курашда «энг ёмони ҳали олдинда» эканлигини таъкидлади.
Ҳозирда Испанияда вирус қурбонлари сони 1,300 кишидан ошди, касалланганлар эса 25,000 нафарга яқинлашмоқда.
«Биз вируснинг энг кучли таъсирини қабул қилишга мажбурмиз. Бу бизнинг моддий ва маънавий имкониятларимизни, шунингдек, жамият сифатидаги руҳиятимизни синовдан ўтказади», деди Бош вазир Педро Санчес матбуот анжуманида.
Испания ҳукумати бир ҳафта олдин мамлакатда 15 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилган эди. Санчес аҳолининг бу ҳолатдаги «намунали» ҳаракатидан мамнунлигини ва чекловларни янада кучайтириш режалари йўқлигини айтди.
Шанба куни ҳукумат 640,000 дан ортиқ текширув жиҳозларини сотиб олганини эълон қилди ва уларнинг сони тез орада миллионтага етказилиишини айтди.
Айни дамда Испания пойтахти Мадрид вирусдан энг кўп зарар кўрган ҳудуд бўлиб, мамлакатда қайд этилган ўлим ҳолатининг 60% и ушбу жойда содир бўлган.