Мамлакатимизда миллий стандартларни халқаро талаблар билан уйғунлаштириш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шундай халқаро талабларга мувофиқлиги таъминланган стандартлардан бири ISO 15189нинг қабул қилинишидир.
Хўш, ISO 15189 стандарти нима ва бу стандартнинг қабул қилиниши аҳоли учун қандай енгилликлар яратади?
Ҳаётимиз кутилмаган турли тасодифларга тўла. Бир кун саломат, қушдек енгил юрсак, эртасига соғлиғимиз бироз панд бериб қолиши мумкин. Мана шундай ҳолат биз ўз уйимиздан олисда юрганимизда содир бўлди, дейлик. Бундай ҳолатларда, аввало, шифокорга мурожаат қиламиз ва биринчи қиладиган ишимиз тиббий таҳлил топширишдан иборат бўлади.
Биз таҳлил натижаларини олиб, вазият тақозоси билан ўз шаҳримизга келиб, шифокорга натижаларни кўрсатсак, у бу натижаларни тан олмайди. Табиийки, биз қайта ”анализ” топширишга мажбурмиз. Минг афсуски, вақтимиз ва нақдимизни ўғирлайдиган бундай ҳолатларга кўпчилигимиз гувоҳ бўлганмиз.
ISO 15189 стандарти қабул қилиниши эса тиббий ташхислар қўйилишида мана шундай оворагарчиликларнинг олдини олади. Яъни, бу дегани, бир мамлакатнинг турли жойларида ташхисдан ўтган беморга бир хил стандартда ташхис натижалари кўрсатилиши ва бир лабораторияда тақдим этилган ташхис натижаси иккинчи ҳудудда ҳам тан олинишини таъминлайди.
Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти матбуот хизматининг хабарига кўра, ушбу стандарт дунё мамлакатларида кенг татбиқ этилган. Ҳар бир мамлакатда тиббий лабораториялар махсус норматив ҳужжатлар ёки талаблар бўйича малакали ходимлар билан таъминланиши сифатли ва ўта аниқ ташхис қўйиш, тиббий лаборатория хизматлари хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институтида яқинда 100 дан ортиқ мутахассис малака ошириш курсларида ўқитилиб, уларга махсус сертификатлар топширилди. Бундай курсларнинг яна давом эттирилиши кўзда тутилган.
Келажакда жойларда ушбу стандарт кенг қўлланиши аҳоли учун сифатли ва ишончли тиббий хизмат кўрсатилишида муҳим ўрин тутади.
О.Бекмуродова, ЎзА