Ислом- бағрикенг дин (видео)

0
171
Очиқ манбалардан олинган сурат

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларида, диний раҳбар сифатидаги вазифалари бироз кенгайди. Энди у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом қонунларига амал қиладиган сиёсий арбоб эдилар.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақсади зиддиятли жамиятда тотувлик, барқарорлик ва турли дин вакиллари бўлган насронийлар, мусулмонлар, яҳудийлар ва бошқаларнинг тинч-тотув яшашига олиб келадиган аниқ ва адолатли қонунларни ўрнатиш эди.

Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом конституциясига асос солиб, Мадинада истиқомат қилувчи ҳар бир жамоанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини батафсил баён қилганлар.

Ҳар бир инсон бу қоидаларга риоя қилиши керак эди ва уларни бузиш хиёнат ҳисобланган. Ушбу конституциянинг биринчи моддасида дини, ирқи ва келиб чиқишидан қатъи назар, барча Мадина аҳолисининг бирлиги эълон қилинган. Мусулмон бўлмаганлар ҳаёти ва мол-мулкининг дахлсизлиги бўйича ҳуқуқи мусулмон бўлганлар билан тенг эди.

Қолаверса, мусулмон бўлмаган қабилалар бошқа қабилалар томонидан ҳужумга учрайдиган бўлса, ваҳоланки бу ўша пайтда тез-тез учраб турадиган ҳолатлардан эди, мусулмонлар уларни ҳимоя қилишни ўз зиммаларига олганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу қабилаларнинг барчасини олдинги сулҳни ҳисобга олган ҳолда, ягона бошқарув тизими остида бирлаштирганлар. Барча қабилалар бирлашиши керак эди.

Ва ҳар қандай жамоага қилинган ҳар қандай ҳужум давлатга қилинган ҳужум деб ҳисобланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мусулмонлар билан сулҳ тузган кишини ўлдирса, ҳеч қачон жаннат ҳидини сезмайди”, дедилар.

Мусулмонлар давлат бошида турганлари учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакилларига нисбатан қўпол муомала қилишдан қаттиқ огоҳлантирдилар.

Шундай ҳадисларнинг бирида: “Огоҳ бўлинг! Ким орамизда яшовчи мусулмон бўлмаганларга нисбатан шафқатсизлик ва ноҳақлик қилса, ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилса, уларга кўтариб бўлмас юк юкласа ёки улардан бирор нарсани тортиб олса, мен (Муҳаммад пайғамбар) қиёмат куни унга қарши даъво билан чиқаман», дедилар. (Абу Довуд ривоят қилган).

 

 

Интернетдаги очиқ материаллар асосида Илҳомиддин Алимов томонидан тайёрланди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг