Davletovuz телеграмм канали томонидан ишсизлик ва меҳнат миграциясига оид эълон қилинган маълумотлар омманинг диққатига сазовар бўлади, деган умид билан, унинг қуйидаги хабарини борича эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.
Мамлакатда иқтисодий фаол, меҳнатга лаёқатли аҳолининг 9 фоизи ишсиз дея эътироф этилмоқда (расман). 30 ёшгача бўлган аҳоли ўртасида ишсизлик 14,7 фоизни ташкил этади. Мамлакатдаги аёллар ўртасидаги ишсизлик эса 12,5 фоиз. Албатта, норасмий бандлар, Россияда юрганларни ҳисобга олмаганда, реалроқ рақам.
Ёшлар ўртасида ишсизликнинг юқорида даражада қолаётгани ҳар бир давлат мулозимини ўйлантириши керак. Кучини меҳнатга йўналтирмаётган ёш барча даврларда ва жамиятларда бошқа муаммоларнинг уяси бўлган.
Бозор иқтисодиёти шароитида давлат иш ўрни яратмайди. Давлат иш ўрни яратилишига кўмаклашади (салласини олиб кел, деса, бошини олиб келиш принципида эмас, албатта), ё иш яратаётганларга тегинмайди (бу жуда катта ёрдам аслида), умуман, фуқаронинг ишли бўлишига туртки берадиган барча механизмларни ишга солади. Хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонуннинг қабул қилингани ана шундай механизмлардан бири ўзи. Чунки ўзинг иш тополмаётган бир пайтда, ёшларни чет элга уюшган ҳолда ишга юбориш энг оқилона қарорлардан бири.
Яқинда ташкил этилган «HUMAN» хусусий бандлик агентлиги жамоаси ҳам мана шу ишга бош қўшаётганлардан. Агентлик лицензия асосида қонуний фаолият юритади.
Рости, рекрутинг агентликлари биз учун ҳам янгилик, шу сабабли ҳаммада уларга ҳали тўлиқ ишонч шаклланган дейишдан йироқмиз. Қуйидаги видеода агентлик ҳақиқатан ҳам чет элга ишга юбора оладими, деган саволга жавобни топишингиз мумкин.