Ироқ Туркия билан можароларни ҳал қилиш учун АҚШдан ёрдам сўрамоқда

0
1559
Фото: AP

Ироқ Бош Вазири Мустафо Ал-Кадими Дональд Трамп билан бўлиб ўтган учрашувда Туркиянинг Ироқ ҳудудидаги ҳарбий юришларини “қабул қилиб бўлмайдиган ҳаракатлар” деб таръифлади ва АҚШдан ушбу можарони ҳал қилиб беришни сўради.

Анқара ва Бағдод июнь ойининг ўрталаридан бери Трукиянинг Курдистон ва бошқа баҳсли ҳудудлардаги ҳужумлари борасида музокаралар олиб боришмоқда. Лекин, Туркия билан муносабатларга путур етиши Ироқ иқтисодиётига хавф туғдириши мумкин. Чунки, Туркия Ироқнинг муҳим иқтисодий ҳамкори ҳисобланади.

Ироқ конституциясига кўра, мамлакат ҳудудидан қўшни давлатга ҳужум қилиш учун фойдаланиш тақиқланади.

“АҚШнинг қўллаши мумкин бўлган ягона йўли бу Трамп билан Эрдўғаннинг шахсий алоқаларидир. Трамп Туркия етакчисидан ўзининг чегарадан ташқаридаги ҳарбий ҳаракатларини вақтинчалик тўхтатиб туришини сўраши мумкин” дейди Ўрта Шарқнинг ташқи сиёсати бўйича таҳлилчи Жо Макарон.

Макарон АҚШ Туркиянинг Ироқдаги ишларини тўхтатиш мақсадида унга санксиялар қўллаши ёки Эрдўғанга таҳдид қилиши эҳтимолдан йироқ эканлигини таъкидлаган.

11 август куни Туркияга тегишли бўлган дрон Ироқнинг шимоли-шарқий ҳудудига ҳужум қилди. Оқибатда, Ироқнинг икки нафар чегарачи аскари ва уларнинг ҳайдовчиси ҳалок бўлди. Ироқ армияси ушбу ҳужумни “даҳшатли босқин” деб атади. Ироқ мазкур ҳужумга жавобан турк вазирларининг Ироққа ташрифини бекор қилди ва ўзининг Туркиядаги элчисини чақириб олди.

Макароннинг айтишича, Туркия, Эрон ва Курдистоннинг ҳудудий ҳукумати ўртасида Ироқнинг шимолий қисмидаги “Курдистон ишчилар партияси” номли жангари ташкилотни йўқ қилиш борасида норасмий келишув мавжуд. Унинг қўшимча қилишича, бу масалани ҳал қилишда АҚШ кўп иш қила олмайди.

“Туркия Ироқнинг ичкарисида ўзининг ҳарбий базаларига эга. Ҳозирда Анқара ва Бағдод ўртасида ўз ечимини кутиб турган бир нечта муаммолар мавжуд. Хусусан, бу икки мамлакат ўртасида Дажла ва Фрот дарёларининг сувидан фойдаланиш борасида ҳам келишмовчиликлар бор” дейди Макарон.

1990 йилларда Туркия Ироқнинг шимолий ҳудудига бир нечта юришларни амалга оширган ва у ерда ўзининг ўндан ортиқ ҳарбий базаларини қурган.

Франция ҳам Туркиянинг Ироқ ҳудудида олиб бораётган ҳужумларини қоралаган ва Ироқ суверенитетига урғу берган. Лекин, Туркия Ироқ ҳукуматини ўз ҳудудида “Курдистон ишчилар партияси”нинг мавжудлигига кўз юмаётганликда айблаган.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг