«Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг Афғонистон иштирокидаги биринчи учрашуви якунлари бўйича қўшма баёнот

0
1520

«Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқотининг вазирлар даражасидаги Афғонистон иштирокидаги биринчи учрашуви 2019 йил 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. Учрашувда Афғонистон Ислом Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Қирғизистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси, Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазирлари иштирок этди. Бу хақда ЎзА хабар бермоқда.

Томонлар Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасида маданий, савдо ва гуманитар алоқалар азалдан мавжудлигини қайд этиб, Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги изчил, самарали ва дўстона муносабатларни ўзаро манфаатли ҳамкорликни икки ва кўп томонлама шаклларда мустаҳкамлаш борасидаги интилишлари қатъий эканини таъкидладилар. 

Томонлар хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш мақсадида ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, долзарб масалаларни биргаликда ҳал қилишга бўлган интилишларини тасдиқладилар. Шу маънода, учрашув иштирокчилари 2018 йил 15 март куни Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи ишчи (маслаҳат) учрашуви муваффақиятли ўтказилганини қутладилар. 

Томонлар барча шакл ва кўринишдаги терроризмни қоралаб, бутун дунё халқлари ва иқтисодиётга таҳдид солаётган терроризмга қарши курашишда ҳамкорликка келишиб олдилар. 

Вазирлар Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий ўсишига доир муаммо ва вазифаларни ўзаро келишилган ҳолда ҳал этишни таъминлайдиган лойиҳаларни тенг ҳуқуқлилик, ўзаро фойда ва манфаатларни ҳурмат қилиш тамойиллари асосида ишлаб чиқиш ва амалга ошириш муҳим эканини алоҳида таъкидладилар. 

Томонлар иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун реал имкониятлар яратиш, ўзаро эркин савдо учун қулай шароитларни таъминлаш мақсадида ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилишини билдирдилар. 

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ўзаро савдо ҳажмини оширишга кўмаклашиш, саноат, энергетика, ахборот технологиялари, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаларига инвестициялар, инновация ва технологиялар жалб этишдаги ҳамкорликнинг истиқболли имкониятлари ва йўналишларини муҳокама қилдилар. 

Томонлар ишбилармон доиралар ва бизнес ташкилотлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришга, компания ва корхоналар кооперациясининг янги шаклларига ўтишга кўмаклашишга тайёр эканлигини тасдиқладилар. Кичик ва ўрта бизнес, стартаплар, венчур бизнеси даражасида ҳамкорликни илгари суриш зарурлигини таъкидладилар. Тармоқ бизнес форумлари ва бошқа ўзаро бизнес тадбирларини доимий асосда ўтказиш муҳимлигини қайд этдилар. 

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари минтақанинг инвестиция муҳити ва инвестицион жозибадорлигини, Марказий Осиё мамлакатларининг халқаро макондаги ишбилармонлик имкониятларини яхшилаш бўйича ўзаро мувофиқлашган саъй-ҳаракатларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидладилар. Вазирлар Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудлари ва шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри ўзаро манфаатли иқтисодий ва маданий алоқаларни йўлга қўйиш ва кенгайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратиб, бу йўналишда кўмаклашишга тайёр эканликларини билдирдилар. 

Вазирлар Марказий Осиё мамлакатларининг транзит ва транспорт-коммуникация салоҳиятини ривожлантириш, минтақанинг транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш борасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, минтақавий ва халқаро транспорт йўлакларини яратиш бўйича қўшма ташаббусларни илгари суришдан манфаатдор эканликларини таъкидладилар. Хусусан, иштирокчилар Халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш бўйича Ашхобод Битимига Ҳиндистоннинг қўшилганини ижобий баҳоладилар. 

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Марказий Осиё мамлакатлари ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо муносабатларини ривожлантириш зарурлигини қайд этиб, ҳамкорликнинг кўп томонлама механизмларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидладилар. 

Вазирлар Марказий Осиё мамлакатлари ва Ҳиндистон ўзаро сайёҳлар оқимини кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш, туризм инфратузилмасини ривожлантиришда интилиши қатъий эканини таъкидладилар. Томонлар Марказий Осиё мамлакатларида минтақавий туризм йўналишлари ва турли саёҳатларни ташкил этиш муҳимлигини қайд этдилар. 

Томонлар маданият, илм-фан, таълим ва спорт соҳаларида, жумладан, БМТ Бош Ассамблеясининг A/RES/73/128 «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясини амалга ошириш доирасида ёшларга оид қўшма лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилишига алоҳида эътибор қаратдилар. 

Вазирлар қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқариш орқали маданият, фан, таълим, тиббиёт, ахборот соҳаларида икки ва кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашдан, шунингдек, «халқ» дипломатияси доирасида маданий-гуманитар алмашувларни қўллаб-қувватлаш, эксперт-таҳлил ва жамоатчилик доиралари, ОАВ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар. Томонлар умумий маданий мерос ва тарихий ёдгорликларни асраш ва ўрганиш масалаларидаги ҳамкорликка устувор аҳамият қаратдилар. 

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари кўп томонлама форумлар ва ташкилотлар доирасида ҳамкорликни давом эттириш, жумладан, позицияларни келишиш, ахборот алмашиш, номзодларни ўзаро қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини тасдиқладилар. 

Вазирлар минтақавий ҳамкорлик, товарлар ва энергия ресурслари транзитининг муҳим бўғини бўлган Афғонистоннинг «Ҳиндистон –Марказий Осиё» мулоқотининг биринчи учрашувидаги иштирокини маъқуллаб, Марказий Осиё мамлакатлари ва Ҳиндистоннинг Афғонистонда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ушбу мамлакатда бевосита афғон халқи раҳбарлигида ва саъй-ҳаракатлари билан тинчлик жараёнини ўрнатишга кўмаклашишда, шунингдек, қўшма инфратузилмавий, транзит-транспорт, энергетика ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, минтақавий ҳамкорлик ва инвестиция лойиҳалари орқали Афғонистоннинг иқтисодий тикланишини қўллаб-қувватлашга тайёр ва бу борада интилишлари қатъий эканини таъкидладилар. 

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари афғонистонлик хотин-қизларни мамлакат ижтимоий ҳаётига жалб этиш орқали Афғонистонда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш муҳимлигини таъкидладилар ҳамда Марказий Осиё мамлакатларида ушбу масалаларга доир конференция ва форумлар муваффақиятли ўтказилишини маъқулладилар. 

Вазирлар 2017 йил ноябрь ойида Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича еттинчи минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференцияси (RECCA VII) натижаларини қайд этиб, Афғонистон бўйича саккизинчи минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференциясини (RECCA VIII) 2019 йилнинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида ўтказишга ҳозирлик доирасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини тасдиқладилар. 

Иштирокчилар Афғонистон билан биргаликда маданий тадбирлар, таълим ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишда қўшма ташаббуслар учун улкан салоҳият мавжудлигига эътибор қаратиб, Афғонистон томонининг халқаро ёшлар форуми, фестивали, танловлар, илмий конференциялар, кўргазма ва бошқа қўшма тадбирларда иштирок этишига ёрдам беришга тайёр эканини билдирдилар. 

Томонлар учрашувнинг Самарқанд шаҳрида муваффақиятли ўтказилганини мамнуният билан қайд этдилар ҳамда уни ташкил этган Ўзбекистон Республикасига чуқур миннатдорлик билдирдилар. 

Иштирокчилар ташқи ишлар вазирлари даражасидаги «Ҳиндистон –Марказий Осиё» мулоқотини Афғонистон иштирокида ўтказишни мунтазам давом эттиришга ҳамда ушбу форматда 2020 йилда Нью-Дели шаҳрида учрашишга келишиб олдилар. 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг