Хитой тинчлик режасини эълон қилди

0
1852
Фото: www.dialog.ua

Хитой ўзининг Украинадаги можарони ҳал қилиш учун 12 банддан иборат таклифни берди:

  1. Барча давлатларнинг суверенитети ҳурмат қилиниши. Умумий эътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига, жумладан, БМТ Низомининг мақсад ва тамойилларига қатъий риоя этилиши, ҳар қандай давлатнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги кафолатланиши керак. Барча давлатлар уларнинг катталиги, қудрати ва иқтисодий кўламидан қатъи назар тенгдир. Халқаро муносабатларнинг асосий нормалари халқаро адолатни ҳимоя қилишнинг барча иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланиши керак. Халқаро ҳуқуқ икки хил стандартларсиз тенг ва универсал қўлланилади.
  2. Совуқ уруш ҳақидаги фикрни четга суриш. Бир давлатнинг хавфсизлигини бошқа давлат хавфсизлиги ҳисобига, минтақавий хавфсизликни эса ҳарбий блокларни кучайтириш у ёқда турсин, кенгайтириш орқали ҳам таъминланиши мумкин эмас. Барча мамлакатларнинг қонуний хавфсизлик манфаатлари ва қонуний ташвишлари жиддий қабул қилиниши ва тегишли тарзда ҳал қилиниши керак. Мураккаб масалалар оддий усуллар билан ҳал этилмайди. Сайёрада узоқ муддатли тинчликни ҳисобга олган ҳолда умумий, кенг қамровли, биргаликда ва барқарор хавфсизлик концепсиясига амал қилиш, Европа хавфсизлигининг мувозанатли, самарали, барқарор архитектурасини шакллантиришга кўмаклашиш зарур. Ўз хавфсизлигини бошқа давлатлар хавфсизлигига зарар етказадиган тарзда таъминлаш учун уринишларга, блоклар билан қарама-қаршилик сиёсатига йўл қўйилмайди, Евроосиё қитъасида тинчлик ва барқарорликни биргаликда сақлаш керак.
  3. Ҳарбий можароларни тўхтатиш. Урушларда ғолиблар бўлмайди. Оловга мой сепиш ва қарама-қаршиликни кучайтириш ўрнига, Украина атрофидаги вазият янада кескинлашмаслиги ва назоратдан чиқиб кетмаслиги учун барча томонлар эҳтиёткорлик ва вазминлик кўрсатиши керак. Москва ва Киевнинг тўғридан-тўғри мулоқотини тезроқ тиклаш, вазиятдаги кескинликни босқичма-босқич пасайтириш ва ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш фойдасига ўзаро қадамларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга.
  4. Тинчлик музокараларини бошлаш. Мулоқот ва музокаралар- бу, Украина инқирозидан чиқишнинг ягона йўли. Инқирозни тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган барча саъй-ҳаракатлар маъқуллаш ва қўллаб-қувватлашга лойиқдир. Халқаро ҳамжамият муроса тарафдори бўлган тўғри йўлда бўлиши, сиёсий келишувга йўл очиши, музокараларни қайта бошлаш учун шароит яратиши ва тегишли минбарларни таклиф қилиши керак. Хитой томони бунинг учун конструктив рол ўйнашга тайёр.
  5. Гуманитар инқирозни бартараф этиш. Танг гуманитар вазиятни юмшата оладиган ҳар қандай қадамни олқишлаш ва қўллаб-қувватлаш муҳим. Инсонпарварлик ҳаракатларида инсонпарварлик масаласини сиёсийлаштирмасдан, бетарафлик ва холислик тамойилига риоя қилиш зарур. Тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўриш, одамларни можаро ҳудудидан эвакуация қилиш учун гуманитар йўлакларни очиш зарур. Вазиятнинг янада ёмонлашувига йўл қўймаслик учун жабрланган ҳудудларга инсонпарварлик ёрдамини ошириш, жойларда гуманитар вазиятни яхшилаш, инсонпарварлик ёрдамининг тез, хавфсиз ва тўсиқсиз етиб боришини таъминлаш керак. Можаро зонасида гуманитар ҳаракатларни амалга оширишда БМТнинг мувофиқлаштирувчи ролини қўллаб-қувватлаш зарур.
  6. Тинч аҳоли ва маҳбусларни ҳимоя қилиш. Можаро томонлари халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрларига қатъий риоя қилишлари, тинч аҳоли ва фуқаролик объектларига зарбалар бермасликлари керак. Аёллар, болалар ва бошқа можаро қурбонларини ҳимоя қилиш, маҳкумларнинг оддий ҳуқуқларини ҳурмат қилиш керак. Хитой томони Россия ва Украина ўртасида асирлар алмашинувини қўллаб-қувватлайди ва барча томонларни бунинг учун қулайроқ шароит яратишга чақиради.
  7. Атом электр станциялари хавфсизлигини таъминлаш. Атом электр станциялари ва бошқа тинч ядровий объектларга қарат қуролли ҳужумга йўл қўйилмайди. Биз халқаро ҳуқуққа, жумладан, Ядро хавфсизлиги тўғрисидаги конвенцияларга риоя қилишга чақирамиз. Техноген ядровий фалокатга қатъиян йўл қўйилмайди. Биз ядро хавфсизлиги ва тинч ядровий объектларнинг жисмоний хавфсизлигини таъминлашда МАГАТЭнинг конструктив ролини қўллаб-қувватлаймиз.
  8. Стратегик хавфни камайтириш. Ядро қуролидан фойдаланишга йўл қўйилмайди, ядро урушини бошлаб бўлмайди. Ядро қуролини қўллаш ёки ишлатиш билан таҳдид қилиш уринишларига қарши туриш керак. Ядро қуролларининг тарқалиши ва ядровий инқирознинг юзага келиши қабул қилиниши мумкин эмас. Ҳар қандай давлат томонидан, ҳар қандай шароитда биологик ва кимёвий қуролларни ишлаб чиқиш ва ишлатиш қатъиян ман этилади.
  9. Ғалла экспортини таъминлаш. БМТнинг кафолати билан Россия, Туркия ва Украина томонидан имзоланган Украина донини экспорт қилиш бўйича «Қора денгиз ташаббуси» БМТнинг асосий ролини аниқлашда мувозанатли, тўлиқ ва самарали амалга оширилиши керак. Хитойнинг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро ҳамкорлик ташаббуси глобал озиқ-овқат инқирозини енгиб ўтишнинг мақбул вариантидир.
  10. Бир томонлама санкцияларни бекор қилиш. Бир томонлама санкциялар ва босимнинг кучайиши нафақат тескари, балки янги муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Биз БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан рухсат этилмаган бир томонлама чекловчи чораларга рухсат бермаймиз. Айрим давлатлар бир томонлама санкцияларни суиистеъмол қилишни ва бошқа давлатларга нисбатан юрисдикцияни экстратерриториал амалга оширишни тўхтатиши, Украина инқирозининг кескинлигини юмшатишга ижобий таъсир кўрсатиши ва ривожланаётган мамлакатларда иқтисодий ривожланиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиши керак.
  11. Ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларининг барқарорлигини таъминлаш. Мавжуд жаҳон иқтисодий тизимини амалий ҳаракатлар билан ҳимоя қилиш, жаҳон иқтисодиётини сиёсийлаштиришга, шунингдек, ундан восита ва қурол сифатида фойдаланишдаги уринишларга қарши туриш зарур. Жаҳон иқтисодиётининг тикланишига зарар етказилишининг олдини олиш учун инқирознинг салбий оқибатларини, хусусан, энергетика, молия, дон савдоси ва логистика соҳаларида халқаро ҳамкорликни биргаликда бартараф этиш зарур.
  12. Можародан кейинги тикланишга ёрдам бериш. Халқаро ҳамжамият можаро ҳудудида тинч йўл билан қайта қуришни қўллаб-қувватлаш учун чора кўриши керак. Хитой томони ёрдам беришга ва ўзининг конструктив ролини ўйнашга тайёр.

Кеча Украина президенти Владимир Зеленский Хитойнинг тинчлик режасини муҳокама қилишга рози бўлди ва дипломатик даражада учрашув ўтказишни таклиф қилди.

Financial Times таҳлилчиларининг фикрича, Хитойнинг Украинадаги можарони ҳал қилиш ташаббуси Пекиннинг хорижий сармоя ва савдони жонлантириш, шунингдек, Европа технологияларидан фойдаланиш имкониятини сақлаб қолиш истаги билан боғлиқ. Хитой, шунингдек, Россияга «можародан чиқиш йўлини топишга» ёрдам бермоқчи, чунки Украинадаги урушда Москванинг эҳтимолий «мағлубияти» Хитой учун ноқулай, чунки Россия «АҚШ гегемонлигига қарши туришда Хитой учун фойдали ҳамкор».

Манба

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг