Халқаро ислом академияси ҳисобот берди

0
1075
Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 29 апрель куни пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати

Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита аъзолари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Тадбир икки қисмдан иборат бўлиб, дастлаб Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов ҳамда Ахборот хизмати раҳбари Илҳом Маърупов томонидан 2022 йилда амалга оширилган ишлар ҳақидаги маълумоти тингланди.

Шундан сўнг Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Шавкат Мавланов ҳамда Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов Академия ҳақида маълумот бериб ўтишди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон халқаро ислом академияси дунёдаги етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот марказлари орасида ўз нуфузига эга. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида ташкил қилинган.

Дастлаб Тошкент ислом университети ва кейинчалик бир муддат Ўзбекистон ислом академияси сифатида фаолият юритган мазкур олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот марказига ХАЛҚАРО АКАДЕМИЯ мақоми берилди.

Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати

Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятига кўплаб янгиликлар татбиқ этилмоқда. Нуфузли хорижий олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари кенгайди. Академия профессор-ўқитувчилари, ёш илмий тадқиқотчиларнинг халқаро конференция, илмий семинарлар ҳамда халқаро грантлардаги иштироки фаоллашди. Хорижлик профессор-ўқитувчилар, талабалар, докторант ва илмий-тадқиқотчиларнинг академия ўқув жараёнига жалб этилиш кўрсаткичи йилдан-йилга ўсиб бормоқда.

2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан олий таълим муассасалари Миллий рейтинги эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Олий таълим муассасалари Илмий салоҳият рейтингида – 4-ўринни, Ижтимоий-гуманитар соҳа бўйича ОТМлар рейтингида – 5-ўринни, Олий таълим муассасаларининг умумий рейтингида 7-ўринни эгаллади.

Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати

2022 йилда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий салоҳиятини ошириш Миллий рейтингида 63% кўрсаткич билан Республика олий таълим муассасалари орасида 1-ўринни эгаллади.

Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 1 минг 670 нафар талаба таҳсил олмоқда. Шундан 1 минг 430 нафар талаба бакалавриат, 240 нафари эса  магистратура босқичида ўқийди. Академияда Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Афғонистон давлатларидан жами 39 нафар (33 нафар бакалавр, 2 нафар магистрант, 4 нафар докторант) хорижий талаба таҳсил олади.

Шунингдек, Академияда 82 нафар докторант илмий-тадқиқотчилик фаолиятини олиб бормоқда. Шундан, 71 нафари (PhD), 4 нафар  (DSc) ва 7 нафар стажор-тадқиқотчилардир.

Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Европа, Африка ва Осиёдаги 14 мамлакатнинг 37 та нуфузли олий таълим, илмий-тадқиқот муассасаси ва халқаро ташкилоти билан ҳамкорлик алоқаларини изчил амалга оширяпти. Хусусан, ўтган қисқа вақтда Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университети, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари илмий-тадқиқот институти, Россия ислом институти, Қозон Федерал университети халқаро муносабатлар институти, Татаристон Республикаси Фанлар академияси Исломшунослик тадқиқотлар маркази, Болгар ислом академияси, Германиянинг Лейбнис замонавий шарқшунослик маркази (ZMO), Берлин Эркин университети, Мюнстер университети, Буюк Британиянинг Кембриж Марказий Осиё форуми, Саудия Арабистонидаги Ислом тадқиқот ва таълим институти (IRTI), Япониянинг Аичи санъат университети, шунингдек, Туркия давлатининг 5 та, Индонезиянинг 3 та, Малайзиянинг 4 та, Қозоғистоннинг 3 та дунё рейтингида етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот марказлари билан мустаҳкам илмий-педагогик ҳамкорлик ўрнатилди.

Айни пайтда Озарбайжон илоҳиёт институти, Болгар ислом академияси (Россия), Салжуқ, Истанбул ва Анқара (Туркия), Малайзия ислом илмлари (Малайзия), Аичи санъат (Япония), Нур-Муборак Миср маданияти, Султон Шариф Қосим RIAU (Қозоғистон), Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази (IRCICA), Ислом тараққиёт банки, ICESCO, UNESCO, TIKA, KOIKA, JICA каби халқаро ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик алоқалари мунтазамлик касб этиб улгурди.

Академиянинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида таниқли хорижлик профессор-ўқитувчиларни ўқув жараёнига жалб этишга ҳам муҳим эътибор қаратилмоқда. Ўтган йиллар давомида Мисрнинг Ал-Азҳар, Туркиянинг Анқара, Малайзиянинг ислом илмлари, Германиянинг Мюнстер университетлари, Россиянинг Болгар ислом академияси, Россия ислом институти каби исломшунослик фани бўйича етакчи олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг жами 100 нафардан ортиқ хорижий профессор-ўқитувчи ва мутахассислари таълим жараёнига жалб қилинди.

Академия ҳамда хориж таълим муассасалари ўртасида талабалар, ёш илмий тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчиларнинг ўзаро алмашинувини йўлга қўйиш мунтазамлик касб этган. Ана шундай ҳамкорлик натижалари туфайли жорий 2022 йилда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг 4 нафар иқтидорли талабаси Ўмон Султонлигининг Султон Қобус институтида араб тили бўйича ўқув курсларига грант асосида қабул қилинди.

Ахборот-ресурс марказида 271 ўринли ўқув зали, 56 ўринли “Воок кафе” ташкил қилинди. АРМ фондида 70 минг номдаги 68 минг нусхадаги ўқув адабиётлар мавжуд. Шунингдек, 12 мингга яқин нусхада 1,5 минг номдаги илмий адабиётлар, 3 мингга яқин номдаги 25 мингга яқин нусхада дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, 4 минг номдаги 8 минг нусхадаги бадиий ҳамда илмий адабиётлар ва 10 мингга яқин тўлиқ матнли электрон ресурсларга эга.

Шунингдек, имконияти чекланган талабалар учун 52 номдаги аудио дарслик, 56 номда 738 нусхада брайл алифбосида жорий қилинди ва талабалар турар жойида 2 та, ўқув залида 2 та компютерларга NVDIA (кўзи ожиз талабалар учун) дастури ўрнатилган.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари 100 дан зиёд муассасаларда малакавий амалиёт ўтайди ҳамда меҳнат фаолиятини олиб боради.

Академияда жами 156 нафар профессор-ўқитувчи, жумладан, 28 нафар фан доктори, 75 нафар фан номзоди ва фалсафа доктори (PhD) фаолият кўрсатаётган бўлиб, бугунги кунда илмий салоҳият 65 % ни ташкил қилмоқда.

Академияда “Islom ziyosi” ва “Islom tafakkuri” илмий журналлари чоп этилади. “Islom ziyosi” журнали республика олий таълим муассасалари илмий журналлари ноёб платформаси uzjournals.edu.uz даги энг фаол 5 талик журналлар қаторида эътироф этилади.

Академиянинг иқтидорли талабалари 3 та Имом ал-Бухорий Давлат стипендиясини, 1 та Ўзбекистон Президенти Давлат стипендияси, 1 та Ислом Каримов номидаги стипендия, 3 нафар талаба Убайдулла Уватов стипендияси, 1 нафар талаба Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги стипендиясини, 5 нафар талаба Алоқа банк стипендиясини қўлга киритди. Шунингдек, 4 нафар талаба Республика фан олимпиадаси ғолиби бўлди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси халқаро Times Нigher Education (THE) рейтинг агентлигининг 2021 йилги “Impact Rankings” рейтингида дунёдаги етакчи 1000 та олий таълим муассасаси рўйхатидан ўрин олди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги “Зиё” медиа маркази мамлакатимизда диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, аждодларимизнинг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бой диний-илмий меросини кенг тарғиб қилувчи, диний-маърифий ҳаётдаги янгиликларни жамоатчиликка етказувчи асосий медиа тузилма сифатида шаклланган.

Марказ томонидан тайёрланаётган материалларда Академия талаба-ёшлари фаол иштирок этмоқда. Жумладан, “Ziyo” медиа маркази мунтазам эфирга узатиб келинаётган “Имом Бухорий сабоқлари”, “Эътиқод мустаҳкамлиги йўлида”, “Маърифат зиёси”, “Имом Бухорий ўгитлари”, “Зиё чашмаси” рукнларида теле ва радиомаҳсулотлари тайёрланиб марказий телевиденияда намойиш этилади. Айни пайтда Рамазон ойига оид кўплаб кўрсатув ҳамда эшиттиришлар эфирга узатиб борилмоқда.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги қарори асосида ташкил этилган. Ўтган давр мобайнида Марказ Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом олами ташкилоти (ICESCO), Туркиянинг Анқара, Салжуқ университетлари ва бошқа марказлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, амалий натижаларга эришилмоқда.

Дунёнинг 23 нафар нуфузли мотуридийшунос олимларидан иборат Халқаро илмий ҳайъат марказ фаолиятини мувофиқлаштиришда кўмаклашиб келмоқда.

Марказ томонидан Туркиянинг қўлёзма фондларидан 50 мингга яқин ноёб асарлар электрон нусхалари олинди. Илмий-тадқиқот йўналишида эса буюк аждодларимизнинг илмий меросига оид 4 та китоб, 17 та рисола, маҳаллий ва хорижий журналларда 100 га яқин мақола чоп этилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида Малака ошириш маркази ва унинг 5 та минтақавий филиаллари ҳам фаолият кўрсатмоқда. Унда турли давлат корхоналари, масжид-мадрасалар ходимларининг малака ошириши тизимли йўлга қўйилган. Хусусан, 2021 йилнинг ўзида Малака ошириш маркази ва унинг минтақавий филиаллари томонидан жами 4 минг 60 нафар тингловчиларнинг малакаси оширилди.

Марказ томонидан “Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш асослари”, “Ёт ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш асослари” номли 2 та ўқув қўлланма, “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш”, “Ўзбекистонда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда отинойиларнинг ўрни”, “Ўзбекистон Республикаси Президенти асарларида жамият ривожи” номли ўқув-услубий қўлланма нашр этилди. Шунингдек, “Қуръон ва ҳадисларда экстремистик ғояларга раддиялар”, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда “Ислом ниқобидаги мутаассиб гуруҳлар” номли китоблар, “Қуръон ва ҳадисларда экстремизмга раддиялар” номли ўқув қўлланмалар нашр этилди.

2019 йил сўнгги чорагида “Ислом энциклопедияси” 1-жилди тайёрланиб нашр этилди. 2020 йил 26 октябрда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида “Ислом энциклопедияси” 1-жилдининг онлайн тақдимоти бўлиб ўтди. Жорий йилда энциклопедиянинг 2-жилди нашр этилиши режалаштирилган.

2021-2022 йилларда Ўзбекистон халқаро ислом академиясига Манбалар хазинаси фонди 8 та  фуқародан 21 та китоб – 20 та қўлёзма, 24 та тошбосма, 2 та оддий нашр китоблар сотиб олинди ҳамда уларнинг қисқа тавсифи амалга оширилди.

Фондга янги нашр адабиётларни қабул қилиб олиш юзасидан Халқаро ҳамкорлик бўлими томонидан 362 номдаги 765 та китоб ва журналлар Манбалар хазинасига топширилди.

Манбалар хазинасида 310 та китоб, 800 га яқин ноёб асарлар сақланиб, илмий асосда тадқиқот олиб борилмоқда. Хусусан: “Зубдатул масоил” номли тошбосма асарнинг табдили тугатилди.

Шунингдек, бўлим томонидан Муҳаммад ибн Шайх Аллома Али ибн Одам ибн Мусо Атюбий Валлавий қаламига мансуб “Сунан ан-Насоий” ва “Захират-ул-уқба фи шарҳ ал-Мужтабо”, Доктор Ҳассан Шамсий Боша қаламига мансуб “Аёлларга тааллуқли масалалар” номли асар, Амр Холид қаламига мансуб “Пайғамбарлар қиссасига янгича ёндашув” номли китоб, “Имом Мотуридий ўгитлари”, Худойдод Самарқандийнинг “Қоваид ал-Қуръон” қўлёзма асари, “Равзат-ус-сафо” номли (форс тилида) тошбосма асарлар таржима қилинмоқда.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида узлуксиз таълим тизимини таъминлаш мақсадида 2018 йилда “Зиё-зукко” умумтаълим мактаби қайта ташкил этилган.

Мактабда умумий ўрта таълим Давлат таълим стандартларида белгиланган билим, кўникма, малакалар берилади. Мактабга ўқувчилар 7 ёшдан қабул қилинади.

Мактабда хорижий тиллар (инглиз, рус ва араб тиллари), Математика, Ўзбекистон тарихи фанлари чуқурлаштириб ўқитилади. Хорижий тиллардан ўрганилаётган тил эгалари дарс беради. Таълим ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. 10 дан ортиқ тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Академик лицей ҳам фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирги вақтда лицейда 105 нафар ўқувчи таҳсил оляпти. Уларга малакали ўқитувчилар билан бирга Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари ҳам жалб қилинган. Лицейда “Ижтимоий-гуманитар” ва “Хорижий филология” йўналишлари бўйича чуқур билим олиш учун барча шароитлар яратилган. Ўқув хоналари замонавий ўқув-техник воситалари билан жиҳозланган.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти билан ҳамкорликда 2021 йилнинг 23 август кунидан бошлаб 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун 144 соат (3 ой)лик “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курслари ташкил этилди.

2022 йил апрел ойига қадар жами 300 нафар (улардан аёл-қизлар 195 нафар, эркаклар 105 нафар) тингловчи мазкур курсни муваффақиятли тамомлади. Уларга мазкур курсда ўқиганлиги ҳақидаги сертификатлар топширилди. Ҳозирда 12 та гуруҳда жами 180 нафар тингловчи таҳсил олмоқда.

Академияда ижтимоий ҳимоя йўналишида ҳам ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабалар томонидан тўланадиган ижара тўловларини қоплаб бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори асосида ҳозирда 129 нафар талабага ҳар ойда БҲМнинг бир баравари миқдорида ижара тўлови учун пул ўтказилмоқда.

Бугунги кунда Академия талабалар турар жойида жами 341 ўрин мавжуд бўлиб, 2 та тиббиёт хона (4 та ўрин), 6 нафар хорижий ўқитувчи учун, 330 нафар талаба учун жой ажратилган. Ҳозирда талабалар турар жойига 294 нафар талаба жойлаштирилган.

Бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассисликлари бўйича талабаларнинг 104 нафари ўқишдан бўш вақтида давлат ва нодавлат ташкилотларида фаолият олиб бормоқда. 184 нафар талаба расмий буйруқ асосида ишламоқда.

Талабалар турар жойини таъмирлаш учун 181 миллион 800 минг сўм маблағ сарфланиб, иситиш тизими, моддий-техник базаси янгиланди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож 30 нафар талабаларга 250 минг сўм миқдорида моддий ёрдам берилмоқда.

Моддий техник базани ривожлантириш бўйича Академия ҳудудида яроқсиз ҳолга келган очиқ спорт майдончаси ҳомийлар ҳисобидан тўлиқ қайта реконструкция қилинди. Спорт зали, тренажёр хоналар тўлиқ янгидан спорт инвентарлари билан таъминланди. Ректорат биносининг фое қисми тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, китобхонларга 350 ўринлик ўқув зали ташкил қилинди. Шунингдек, бинода жойлашган буфет ўрнига замонавий 70 ўринли BOOK CAFE ташкил қилинди.

Академия профессор-ўқитувчи ва ходимлари ёзги таътилида дам олиши учун Бўстонлиқ тумани, Чимбойлик қишлоғидаги Оромгоҳда 650,0 млн. сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилди ва 6 та коттеж таъмирдан чиқарилди. Юнусобод тумани Зарбулоқ кўчаси 14-уйдаги ётоқхона биносида капитал таъмирлаш бажарилди ва ҳозирда пудрат ташкилоти томонидан топшириш, қабул қилиш ишлари бошланмоқда.

Академияда маънавий тарғибот ишларини кучайтириш ҳамда талабаларга ахборотларни етказиш самарадорлигини ошириш мақсадида академия ҳудудига 2 та (3 х 4 ўлчамли) ЛЕД экранлар ўрнатилган.

Академия иссиқлик трассаларини куз-қиш мавсумга тайёрлаш мақсадида Молия вазирлигидан қўшимча 1 000,0 млн.сўм маблағ жалб қилиниб, жорий таъмирлаш ишлари бажарилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга қўшимча шароитлар яратиш бўйича Академияда кўзи ожиз талабаларни таълим жараёнига тўлиқ жалб қилиш мақсадида мутахассислик фанлардан маъруза матнлари брайл ёзувида чоп этилди ва 62 та дарслик ва ўқув қўлланманинг аудиокитоблари яратилди. Брайл алифбосидаги 64 та ўқув қўлланма, бадиий китоб ва 1000 дан ортиқ аудиокитоблар харид қилинди.

Академияда Республика кўзи ожизлар кутубхонаси билан ҳамкорлик шартномаси асосида кутубхонанинг филиали очилди. Ахборот-ресурс маркази ўқув залига 2 та ва Талабалар турар жойидаги филиалига 2 та, жами 4 дона кўзи ожиз талабалар учун махсус жиҳозланган ҳамда дастурий таъминотлари ўрнатилган компютерлар олинди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга компьютердан фойдаланишни ўргатиш учун Кўзи ожизлар жамиятининг махсус курслари учун тўловлар амалга оширилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг