Ҳадис илмининг султони – Имом ал-Бухорий

0
6362
manba: About Islam

Тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ал Бухорий имом ал-Бухорий 810 йилда Бухоро шаҳрида таваллуд топган. У ислом оламининг энг йирик мутафаккирларидан бири ҳисобланади.

Муҳаддислар имоми, ҳадис илмининг султони деб ҳам юритилади.Отаси Исмоил ўз даврининг етук муҳаддисларидан, Малик ибн Аласнинг шогирди ва яқинларидан бири бўлиб, тижорат ишлари билан шуғулланган.

Онаси тақводор, диёнатли, оқила аёл эди. Отаси вафот этгач, унинг тарбияси волидаси зиммасига тушган. У 5—6 ёшидан исломий илмларни, Муҳаммад (сав)нинг ҳадисларини ўрганишга ва ёдлашга киришади.

Таниқли муҳаддислар — ал Дохилий, Муҳаммад ибн Салом ал Пойкандий, Муҳаммад ибн Юсуф ал Пойкандий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал Маснадий ва бошқалардан сабоқ олган.

Азалдан муҳаддислар сафарга чиқишдан олдин ўз юртидаги ровийлардан бирорта ҳам ҳадис қолдирмасдан ёзиб олган бўлиши ва шундан кейингина бошқа шаҳар ёки мамлакатга сафарга отланиши мумкин эди.

Бухорий 16 ёшга етгунча, ўз юртидаги машойихлардан ҳадис эшитиб, ёзиб олиб, халифаликнинг турли вилоятлари томон йўл олади. 825 йил Бухорий онаси ва акаси Аҳмад билан Маккага келиб, ҳаж ибодатини адо этади.

Онаси ва акасини Бухорога қайтариб, ўзи эса Маккада қолади. Бу ердаги машойихларнинг илмий йиғинларида қатнашади. 827 йил Мадинага боради. Мадинадаги машҳур уламолардан Иброҳим ибн ал Мунзир, Мутриф ибн Абдуллоҳ, Иброҳим ибн Ҳамза ва бошқа билан мулоқотда бўлиб, улардан ҳадислар бўйича сабоқ олади.

Бу вақтда Расулуллоҳнинг саҳобалари, саҳобаларнинг издошлари турли мамлакатга тарқаб кетган эдилар. Шундай шароитда Муҳаммад (ас)нинг ҳадисларини тўплаш турли шаҳар ва мамлакатларга боришни тақозо қилар эди. Бир неча тарихчиларнинг таъкидлашича, Бухорий Ҳижоз, Макка, Мадина, Тоиф, Жиддага қилган сафари 6 йил давом этган. Сўнг Басра, Куфа ва Бағдодга сафар қилади. Шом ва Мисрга ўтади.

Бундан ташқари Хуросон, Марв, Балх, Ҳирот, Нишопур, Рай, Жибол каби шаҳарларда бўлиб, бу шаҳарлардаги олимлардан сабоқ олди ва ҳадислар тўплади. Хорижий юртлардаги сафардан кейин Бухорога қайтгач, ҳадис илмини тарғиб этишга киришади.

Бухорий қаламига мансуб „Китоб ал фавоид“ („Фойдали ашёлар ҳақида китоб“), „Ал Жомэ ал кабийр“ („Катта таянч“), „Халқ афъол алибод“, („Аллоҳ бандалари ишларининг табиати“), „Ал Муснад ал кабийр“ („Катта таянч“), „Ат-тафсир ал-кабийр“ („Катта тафсир“), „Китоб ал хиба“ („Хайр-эҳсон ҳақида китоб“) ва бошқа асарларнинг баъзилари бизгача етиб келмаган, баъзилари жаҳоннинг турли мамлакатлари кутубхоналарида сақланаётганлиги ҳақида маълумотлар бор.

Бухорийнинг бошқа асарлари орасида „Тафсир ал Қуръон“ („Қуръон тафсири“) китобини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Бухорий асарлари мусулмон дунёсининг барча Мадраса ва дорилфунунларида Пайғамбар (ас) суннатлари бўйича асосий дарслик, қўлланма ҳисобланади. Жамоат арбоблари, олиму уламолар ва дин пешволари Бухорий асарларига таяниб иш тутадилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг „Имом ал Бухорий таваллудининг ҳижрий қамарий тақвим бўйича 1225 йиллигини нишонлаш тўғрисида“ги қарори (1997 йил 29 апрель) асосида Бухорийнинг илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, хотирасини абадийлаштириш борасида катта ишлар қилинди.

1998 йил 23 октябрда Самарқандда юбилей тўй-тантаналари бўлиб ўтди. Бухорийнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов ташаббуси билан Имом ал Бухорий халқаро жамғармаси ташкил этилган. Кейинроқ Тошкент Ислом институтига ҳам Бухорий номи берилди.

 

(интернет материаллари асосида тайёрланди)

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг