Совет Иттифоқининг сўнгги раҳбари Михаил Горбачёв Россия ва Ғарб ўртасида Берлин девори каби янги девор қурилиши ёки шунга ўхшаш тўсиқлар юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Ҳозир 88 ёшда бўлган Горбачёв Коммунистик партиянинг Бош котиби ҳамда Совет Иттифоқи президенти лавозимида ишлаган. У Берлин девори қулаши ва Совуқ урушнинг тугаши билан боғлиқ воқеаларда ҳал қилувчи рол ўйнаган. Горбачёв Совет қўшинлари Марказий ва Шарқий Европадаги мамлакатлардан чиқиб кетишини эълон қилди ва ўша пайтдаги Германия Демократик Республикаси (ГДР) ички ишларига аралашмаслигини айтди. Горбачёв, шунингдек, Германияни қайта бирлаштиришга розилик берди. 1989 йил 9 ноябрга ўтар кечаси Шарқий Германия чегара полицияси 1961 йилда қурилган Берлин деворидаги ўтиш постини очди ва Шарқий Берлин Ғарбий Берлин билан қайта бирлашди.
Бу воқеалардан ўттиз йил ўтгач, Горбачёв Шарқ ва Ғарб муносабатларининг ёмон аҳволи, хусусан, Вашингтон ва Москва ўртасида ядровий қурол борасида музокаралар олиб борилмаслигидан ташвишда эканлигини билдирди.
«Ҳар қандай девор муаммони ҳал қилиш ўрнига уни чигаллаштиради. Шунинг учун мен бундай тўсиқларга ва Россия ҳамда Европа ўртасидада ҳар қандай «темир пардалар» яратилишига қаршиман», дейди Горбачёв Reuters агентлигига берган интервьюсида.