6 май куни Германия канцлери Ангела Меркел ва давлат раҳбарлари Бундеслиганинг май ойи ярмидан бошлаб ёпиқ эшиклар ортида қайта бошлаш учун рухсат бердилар.
Германия топ-лигаси бир неча ҳафта давом этган карантин чекловларидан сўнг, Европанинг бешта йирик чемпионатлари ичида биринчи бўлиб қайта бошланмоқда.
«Учрашувлар тасдиқланган қоидалар бўйича ўтказилади», деди Меркел Берлиндаги матбуот анжуманида. Унга кўра, вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Бундеслига мухлисларсиз бўш стадионларда ўтказилади ва футболчилар доимий равишда текширилади. Ҳар бир жамоага махсус гигиена ходими тайинланади.
Германияда футбол март ойининг ўрталарида тўхтатилганди. Ҳозирда Бундеслиганинг энг кучли икки дивизионидаги 36 жамоадан 13 таси банкрот бўлиш арафасида турибди. Лига расмийлари анчадан бери лигани муҳимлигини таъкидлаб, уни қайтадан бошлашни сўраётган эди. Германияда 56000 киши шу соҳада ишлайди.
Ҳозирги коронавирус инқирози пайтида Европада футбол мусобақаларини ўтказиш ёки ўтказмасликка турли хил ёндашилмоқда. Масалан, ўтган ҳафтада Францияда «Лига 1» ва «Лига 2» ўйинлари қайта бошланмаслиги эълон қилинди ва турнирнинг айни пайтдаги карвонбошиси ПСЖ жамоаси мусобақа ғолибига айланди.
Голландияда ҳам футбол мавсуми бошламасликка қарор қилинди.
Европанинг энг бой лигаси ҳисобланувчи Англия Премьер лигаси июнь ойида қайта бошланши режалаштирилмоқда. Ушбу мусобақа Австралия майдонларида якунига етказилиши таклиф қилинмоқда.
«Италия А Серияси»нинг ўйинчилари шу ҳафта машғулотларга қайтишди. «Испания Ла Лигаси» ҳам келаси ой мавсумни давом эттиради. Барселона футболчилари машғулотларни бошлашдан олдин 13 май куни коронавирус тестидан ўтишади.