Генрих Гейненинг “Германия. Қиш эртаги” асари ёки ижодкорнинг халқ олдидаги масъулияти хақида

0
2934
Манба:polzam.ru

Адабиёт ва санъат цензура билан бўғиб қўйилган жамиятда одамлар орасида тил ва дил бирлиги йўқолади. Маддоҳлар кўпаяди. Эл дардини ўйлаган, ҳақиқат излаган онгли ижодкорлар тазйиққа олинади.

Табиатан, ижодкор инсонларнинг кўпчилиги жамият муаммоларига бефарқ бўлмайди. Аммо ҳаммаси ҳам ўзида цензурага қарши боришга етарли жасорат топа олмайди. Шу сабаб цензура бор жойда ижод аҳлининг катта қисми маддоҳликни танлайди.

Фақат эътиқодда ва ахлоқда барқарор ижодкорларгина ҳақиқатни айтишда давом этади. Шундай ижодкорлардан бири немис шоири, публицист, танқидчи ва ҳажв устаси Генрих Гейне бўлади.

Генрих Гейне яшаган даврда Германия хароб аҳволда эди. Адибнинг ижоди айнан 38 та герман давлатларини бирлаштирган Вена конгрессидан кейин бошланади.

Конгрессдан кейин Германия монарх бошқарувига асосланган мустақил давлатлар конфедерациясига айланади. Ва айни сабаб билан жамиятда бош-бошдоқликлар келиб чиқади. Жамият бошқарувида ҳам, сиёсат ва мафкурада ҳам ғоявий синкретизм юзага келади.

Синкретизм (юнончадан synkretismos – бирикиш, бирлашиш) юзага келган жамиятларда эгоизм (худбинлик), маҳаллийчилик, ошна-оғайничилик авж олади. Яхши раҳбарларнинг ишлаши қийинлашади. Бошқарувда аниқ мезонлар йўқолиб, улар юқори идоралар кўрсатмасига таяниб қолади. Ҳеч ким янги фикр айтмайди. Фикр билдирган кишиларга шубҳа билан қаралади.

Шу сабабли онгли раҳбарлар лавозимларни ташлаб кетадилар. Бунинг энг асосий сабаби меъёр ва принципларнинг йўқолиши бўлиб, ахлоқий принципларни манфаатлардан устун билувчи шахслар раҳбарликдан четлашадилар.

Уларнинг ўрнини манфаатпараст шахслар эгаллайди. Манфаатпараст раҳбарлар даврида порахўрлик авж олади. Одамлар бундай раҳбарларга бўйсунишни истамайдилар. Натижада улар жамиятдан четлаша бошлайдилар.

Бу босқичда ўз ўрнида ўша бошлиқларнинг лаганбардорлари ва чақимчилари пайдо бўла бошлайди. Хизматчилар раҳбардан ҳам баттар, унинг чақимчисидан кўпроқ қўрқади. Одамлар нопок ишларни ўзларига касб қилиб олади-да, уни хаспўшлашга баҳоналар қидиради. Ўз-ўзларини алдов билан юпатади. Ҳамма замонни айблайди, ўзини эса айбдор санамайди. Оқибатда гуноҳ иш қилганлар ўз ишларидан уялмай қўяди. Чунки уларни тергаб турувчи ахлоқ меъёрлари ўлган бўлади.

Порахўр раҳбарлар порахўрликнинг ёмон оқибати тўғрисида бемалол ваъз ўқийверади. Пора олганлар пора бериб жазодан қутиладилар. Тартибга олувчи идоралар тартибни бузадилар. Аёллар жамиятининг тепасига хаёсизлари келади.

Виждонли одамлар қийналадилар. Ҳалол нон топиш қийин бўлади. Виждонли одамларнинг кўпчилиги қийналиб ахлоқий принципларидан воз кечадилар ва моддий бойликлар ортидан эргашадилар.

Сен нега бундай қилдинг? – деган саволга эса моддий қийинчиликларни рўкач қиладилар. Виждонли одамлар сафи тобора камайиб боради.

Жамиятни тартибга олиш бош муаммога айланади. Аммо барчанинг манфаатларини ўзида мужассамлайдиган ғоянинг топилиши қийин бўлади. Жамиятда эклектизмга эҳтиёж туғилади. Жамиятшуносларнинг таъкидлашича агар жамиятда эклектизмга эхтиёж туғилса, демак бу жамиятда мантиқ тарозиси бузилган бўлади. Одамларда фикрлар хилма-хиллиги ортади, аммо адоқсиз тортушувлар ечимсиз қолаверади.

Бошбошдоқлик ва бетайинлик ҳукм сураётган даврда соғлом фикрни тингловчилар кам бўлади. Одамлар фақат жамиятни айблайдилар ва жамият тузалишига ишонмайдилар. Жамоат жойларида ғийбат, олди-қочди гаплар кўпаяди. Раҳбарлар халқ олдида бошқача, амалда бошқача фикр юритади.

Ҳақ гапни одамлар тасдиқлашади, аммо хеч ким амал қилмайди. Соғлом фикрнинг ўрнига одамлар бачкана гаплар, пайровлар, беҳуда суҳбатлар билан машғул бўлишади. Ҳақ гапни бепулга ҳам ҳеч ким тингламайди, аммо беҳуда кулгили бачкана гапларни тинглаш учун одамлар пулларини ва вақтларини аяшмайди. Фоҳишабозлик, қиморбозлик, ичкиликбозлик, порахўрлик айб саналмай қўяди.

Генрих Гейне шундай жамиятда яшайди ва ижод қилади. Қўрқмай жамият муамоларини танқид тиғи остига олади. 15 йил давомида орсиз раҳбарлар ва уларнинг гумашталарини ҳажв қилиб кучли публицист сифатида танилади. Аммо ҳақ сўзни айтгани учун таъқибга олинади. Оқил ва одил бўлиб обрў топмайди.

Ўз мамлакатида рўшнолик кўрмаган ва цензурадан безор бўлган Гейне 1830 йилда юртини ташлаб кетади ва Францияда яшай бошлайди. Бу даврда у ерда олимлар ва ижодкорлар учун эътибор жуда кучли эди. Шу сабабли бўлса керак, Гейне бу ерда узоқ йиллар қолиб кетади. Фақат 1843 йилда, орадан 13 йил ўтиб яна Германияга касал онасини ва қариндошларини кўриш учун қайтади.

Гейне фалсафа, тарих ва адабиётни севар, бу борадаги унинг устози Август Шлегель эди. Шунинг учун унинг асарларида шлегелча руҳ бор. “Қиш эртаги”даги жамият муаммоларини таҳлил қилишда ҳам Шлегель услуби сезилади.

Шоир Париждан Гамбургга саёҳати даврида, Ахен – Кёльн – Мюльхайм – Тевтобург ўрмонлари – Паденборн – Минден – Бюкенбург – Ганновер орқали ўтиб боради. У ҳар бир шаҳарда янги-янги мавзуларни топади ва ёритиб боради.

Шоир Германиянинг чегарасидаёқ порахўрлик ва нохақликлар гувоҳи бўлади. Орсиз чегарачи ва божхоначилар тирикчилик учун бошқа давлатдан пул ишлаб келаётган одамларни талаётганлигини кўриб юраги эзилади.

Ўша даврда Германия фуқаролари пул топиш учун бошқа давлатларга кетар, эркакларга мардикорлик, аёлларга фоҳишалик касб эди. Давлат раҳбарлари аса бунга эътибор бермас, аксинча уларнинг топиб келган пулларини турли солиқларни жорий қилиб, ўзлаштириш билан шуғулланарди.

Германияда одамлар лоқайдликка берилган, жамиятдан норозилик кучайган эди. Гейне “Қиш эртаги” асарида айнан шу ҳолатни тасвирлайди. У Германияга келиб одамлар юзида ғам ғусса, хуноблик ва бузуқ кайфиятни кўради. Ҳарбийларни “ўз халқини талашдан қайтмайдиган ҳиссиз манқурт бир маникен” сифатида тасвирлайди.

У Германияда дастлаб Аахен шаҳрини кузатади ва бу ердаги одамларининг лоқайдлик кайфиятини қўйидагича тасвирлайди:
Аахенда итлар ҳам лоқайд
Бир ҳуришга ахтарур чора,
Дер: -эй мусофир тепиб ўт бизни
Шу лоқайдлик йўқолса зора..

Гейне Германиядаги ижтимоий аҳволни тасвирлар экан диндорлар ҳаётини ҳам таҳлил қилади. У ўша даврдаги поплар ва руҳонийларни “ўзини художўй қилиб кўрсатувчи риёкорлар” деб атайди. Унинг фикрича, эътиқод фақат ягона худога бўлиши керак.

Руҳонийлар эса одамларни бошқа йўлга бошлаб, диндан ўз манфаатлари учун фойдаланади. Динни таҳлил қилар экан Гейне қанот ёзган бургут рамзи туширилган Германия гербига ғазаб билан қарайди.

Насронийларни жоҳилликда айблайди. У бу герб қадимги герман қабилаларининг жоҳилий динлари элементи эканлигини таъкидлаб, хақиқий художўй бундай воз кечиши керак, акс ҳолда бутпарастдан фарқи қолмайди, деб фикр билдиради. У шу ўринда насронийлар онгини таҳлил қилади ва уларни “ҳақиқатдан адашган ва синкретиситик ғояларга эргашган манфаатпарастлар” деб атайди. Ўз ўрнида халқига тавҳид нималиги англатишга уринади.

Шоир ёниб кетган Гамбург шаҳрини:
Ярми ёнган шаҳаримизни,
Киришганлар тиклашга алҳол.
Жуни чала қирқилган лайча-
Янглиғ Гамбург турар маъюсхол
– дея тасвирлайди. Шаҳар аҳолисининг турмуш тарзи ва қийин аҳволини ачиниб қаламга олади. Бунда риёкор қирол, сенат аъзолари ва бургомистрларни айблайди.

Киноя билан ёзилган сатрларда уларнинг устидан кулади:
Одил, оқил сенат келмоқда,
Бундай шонли кутиш қайда бор!
Бургомистр йўталиб, мана,
Турар қутлов нутқига тайёр.

Германияни ер билан битта қилиб эзиб ётган иллатлар кўп эди: мақтовлар, ёлғонлар, кибр ва риё… Бу иллатлар бор жойда маърифат бўлмайди.

Гейне одамларни маърифатга чақиради. Халқини асрий карахтликдан уйғотишга уринади. Элни алдаб келаётган раҳбарларга қарши курашишга даъват қилади. Уларни жамият босимлари, ижтимоий талончилик ва бошқа ноҳақликларга қарши курашишга ундайди.

Гейне ўз Ватанини севарди ва у чин маънода ватанпарвар эди. Аммо Германия ҳақида баланпарвоз шеърлар ёзмасди. У онгли бир фуқаро ўлароқ, ҳаммани ўзи каби фикрлашга ўргатади ва қайсидир маънода бунга эришади.

Гейне узоқ давом этган касалликдан сўнг 1856 йилда Парижда вафот этади. У ҳаётлик даврида ҳаловат нелигини билмади, шоирлик шуҳратини ҳам тан олмади.

Айтишларича у ҳатто ўлимидан сўнг ҳам қабрига гулчамбар қўйилишини истамаган. Гейне ўзини инсоният озодлиги йўлида курашувчи довюрак аскар, деб билган ва қабрига гулчамбар ўрнига қилич қўйилишини васият қилган экан.

Гейненинг вафотидан сўнг унинг асарлари халқи учун чин маънода ахлоқ дарслиги бўлиб қолди. Йиллар ўтиб немис халқи ўзининг одоби ва хулқи билан дунёни ўзига қаратди. Маддоҳлару риёкорлар, порахўрлару ўғрилар тарихда қолди.

Германияда кейин ҳам турли хил сиёсий бўҳронлар, инқилоблар бўлди. Нацистлар бир муддат унинг асарларини ўқишни таъқиқлади ҳам. Китоблари эса ёқилди.

Гейненинг тириклигида айтиб кетган олтин сўзлари бор эди: “Китобларни ёқиш жаҳолатнинг бошланишдир, ким бу ишни қилса сўнгида одамларни ҳам ёқади”. У айтгандай бўлди. Германия яна таназзулга юз тутди. Аммо немис халқи ахлоқда собит қолди. Гейне ёққан маърифат чироғи ўчмади.

Йиллар ўтиб Гейне маърифат бобида улуғ устозга айланди. Уни нафақат Германияда, балки бутун дунёда тан оладиган бўлишди. Бугунги кунда орамизда адабиётнинг жамиятни ўзгартириши мумкинлигига ишонувчилар жуда кам. Шунинг учун кўпчилик шоирлар ва ёзувчилар примитив асарлар ёзиб, бу дунёнинг олқишларига маст бўлиб юрибди.

Гейне ижод аҳлига ижодкорнинг халқи олдидаги маъсулияти бобида катта мактаб яратиб кетди. Бу улкан ибрат мактаби бўлди. Қанийди бизнинг ижодкорларга ҳам шу мактаб ибрат мактаби бўлса. Маддоҳлик, риёкорлик ва шуҳратга бўлган кучли эҳтирос барҳам топармиди?!

Ахир ният хайр, оқибат хайр, деб беркорга айтишмаган.

 

Муаллиф: Анвар Буранов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг