Эроннинг ҳисобдаги янглишуви сабаб зиддият кучаяр экан, АҚШ ҳарбийлари жанговар шай ҳолатга келтирилди

0
1328
Фото: CENTCOM

АҚШ президенти Доналд Трамп Ироқдаги АҚШ фуқароларига қарши ҳар қандай ҳалокатли ҳужум учун «Эронни жавобгар» деб топиши ҳақидаги огоҳлантирганидан сўнг, Эроннинг ҳисоб-китобдаги янглишуви мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкин.

Трамп ва АҚШ ҳарбийлари Эронни АҚШнинг Бағдоддаги элчихонасига моддий зарар етказган, аммо ўлимга сабаб бўлмаган якшанба (20 декабр) кунги ракета ҳужуми ортида турганликда айбладилар.

Америка ва халқаро ҳамжамиятининг Ироқдаги манфаатларга қарши аввалги бир қатор ҳужумлар билан боғлиқ масъулият Эрон қўлловидаги Ироқ кўнгилли лашкарлари зиммасига юкланган.

Бу огоҳлантириш юқори мартабали эронлик генерал-майор Қосим Сулаймонийнинг Бағдодда АҚШ зарбаси туфайли ўлдирилганига бир йил тўлиши арафасида кескинлик кучайиб бораётган ва минтақадаги АҚШ ҳарбий кучлари жанговар шай ҳолатга келтирилаётган пайтда янграмоқда.

Сулаймоний йигирма йилдан кўпроқ вақт давомида Эрон ислом инқилоби посбонлари корпусининг «Ал-Қудс» кучларига (ИИПК-ҚК) раҳбарлик қилган. Бу бўлинма Ироқ, Сурия, Ливан, Баҳрайн, Яман ва Афғонистонда воситачи жангариларни қуроллантириш, молиялаштириш ва тайёргарликдан ўтказиш билан шуғулланган.

Унинг ўлими Теҳроннинг Яқин Шарқда ва унинг ташқарисида жанговарлик ва ихтилофларни авж олдиришга қаратилган ўнлаб йиллар давом этган кампаниясида бурилиш нуқтаси бўлди.

Эрон режими унинг ўлдирилиши ортидан Қўшма Штатларга қарши бир қатор очиқ таҳдидлар билан чиқди.

Теҳронга қатъий огоҳлантириш

«Бизнинг Бағдоддаги элчихонамизга якшанба куни бир нечта ракета келиб тушди», деб ёзди Трамп чоршанба куни Твиттерда якшанба кунги ҳужумга ишора қилиб.

«Улар қаердан келди? Эрондан», деб қўшимча қилди у.

«Эндиликда биз Ироқда америкаликларга қарши янги ҳужумлар режаланаётгани ҳақидаги гап-сўзларни эшитяпмиз», деб қўшимча қилди у «Эронга дўстона маслаҳатим шу: бир дона америкалик ўлдириладиган бўлса, жавобгарликни Эрон зиммасига юклайман. Яхшилаб ўйлаб кўринг».

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео бунгача Теҳронга ишора қилиб бўлган эди, АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) эса ракета ҳужуми «Эрон қўлловидаги кўнгилли аскарлар тарафидан амалга оширгани деярли аниқ» деб баёнот берган.

«АҚШ тарафида ҳеч қандай қурбонлар ёки жароҳатланганлар йўқ, ҳужум АҚШ элчихонаси биносига зарар етказган. Ҳужум билан қурбонларга йўл қўймаслик мақсад қилингани аниқ», дейилади CENTCOM баёнотида.

«АҚШ Эрон қўлловидаги жангари гуруҳ фаолияти натижасида келиб чиққан ҳар қандай америкаликнинг ўлими учун Эронни жавобгарликка тортади», деб қўшимча қилди у.

«Бу гуруҳлар Эрон томонидан қўллаб-қувватланади, Эрон уларга ҳам моддий ёрдам беради, ҳам бошқаради», дейилади баёнотда. «Улар қаллоблар, чунки улар аслида Эрон манфаатлари ва раҳбарияти номидан Ироқ суверенитетига тўғридан-тўғри хиёнат йўлида ҳаракат қиладилар».

Кучайиб бораётган фитналар

Якшанба куни АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси ёнида бир нечта ракета портлади.

Гувоҳларнинг айтишича, камида бешта портлаш овози янграган, сўнгра АҚШ элчихонасининг C-RAM ракета ҳужумидан мудофаа тизими ишга тушганини англатувчи гумбурлаган ўқ овозлари эшитилган ва қизил чақноқлар оқими кўринган, деб хабар беради AFP.

Ироқ кучларининг маълум қилишича, ҳужумлар натижасида фақат моддий зиён кўрилган, қурбонлар берилмаган.

Аввалроқ Ироқда АҚШга қарши уюштирилган ҳужумларни АҚШ ва Ироқ расмийлари тарафидан Эронга алоқадор яхши танилган қуролли гуруҳлар, жумладан «Катаиб Ҳизбуллоҳ» учун парда дея таърифланган гуруҳлар ўз зиммасига олган.

Аммо кутилмаганда қатор гуруҳлар, жумладан «Катаиб Ҳизбуллоҳ» ҳам якшанба кунги ҳужумларни қоралаб чиққан.

Жангари гуруҳига кўра, «ҳозирги вақтда ёвузлик (АҚШ) элчихонасини бомбардимон қилиш тартибга хилоф ҳисобланади». Шунингдек, у АҚШ элчихонасининг C-RAM тизимидан фойдаланганини ҳам қоралаган.

Популист руҳоний ва собиқ жангари гуруҳ етакчиси Муқтадо ал-Садр ижтимоий тармоқда «давлатдан ташқарисида ҳеч кимнинг қурол ишлатишга ҳаққи йўқ», деб ёзган.

Сўнгги ойлар ичида АҚШ элчихонаси ва хориждаги бошқа ҳарбий-дипломатик объектлар ракета ва йўлбўйи бомба ҳужумлари билан нишонга олинган.

АҚШ ва Ироқ расмийлари бу ҳужумларда зўравон гуруҳлар, жумладан Ҳизбуллоҳ катибасини айблаганлар.

Октябрда бу гуруҳлар муддатсиз сулҳга рози бўлишган, аммо якшанба кунги ҳужум келишувнинг учинчи марта бузилиши бўлди.

Биринчи бор 17 ноябр куни АҚШ элчихонаси ва Ироқ пойтахтининг бир нечта ҳудудларига ракета зарбалари берилган, ҳужумда бир нафар ёш аёл ҳалок бўлган ва беш киши жароҳатланган.

10 декабр куни «Ироқ ва Шом ислом давлатига» (ИШИД) қарши курашаётган Ироқ аскарларини қўллаб-қувватловчи халқаро коалиция учун қурол-аслаҳа ташиётган икки автокарвон йўл четига ўрнатилган бомба портлашига дуч келган.

Ҳарбий активлар

Душанба куни АҚШнинг атом сувости кемаси ўз қудратини намойиш қилиб, Ҳормуз бўғозини кесиб ўтган. «USS Georgia» кемаси саккиз йил ичида илк марта бўғозни кесиб ўтган ядровий сувости кемаси бўлди. У АҚШнинг қатъиятини кўрсатиш мақсадида атайин сув юзасидан сузиб ўтган.

Яқин Шарқдаги АҚШ кучлари раҳбари, генерал Френк Маккензи якшанба куни журналистларга агар Эрон уларга ҳужум қилса Вашингтон «жавоб қайтаришга тайёр» эканлигини айтиб ўтган.

Сентябрда АҚШнинг «USS Nimitz» авиаташувчиси глобал энергоресурслар транзити учун муҳим денгиз йўли бўлган бўғозни кесиб ўтган. У ноябр ойи охиридан бери кўрфаз сувларини назорат қилиб келмоқда.

Шу ой бошида АҚШ ҳаво кучларининг иккита «B-52H Stratofortress» бомбардимончи самолёти, АҚШ ҳарбий ҳаво кучларининг бошқа учоқлари ва минтақавий шерикларнинг самолётлари билан бирга Араб кўрфазида қисқа муддатли, қўнишсиз парвозни амалга оширди.

9 декабр кунги куч ва бирдамлик намойишидан аввалроқ, 21 ноябрда худди шундай узоқ масофали миссия амалга оширилган, АҚШ ҳарбийларининг сўзларига кўра, бу агрессияга чек қўйиш ҳамда АҚШнинг шериклари ва иттифоқчиларини тинчлантириш мақсадида ўтказилган.

Ҳарбий ҳаво кучларининг икки миссияси «АҚШ ҳаво кучларининг тезкор, ишончли ва кўп томонлама имкониятларига» эътибор қаратиш мақсадида ўтказилди, деб айтган 9-ҳаво кучлари қўмондони, генерал-лейтенант Грег Гийо.

«Амалиётлар майдонида ташаббусни қўлга олиш, сақлаб қолиш ва қўллаш учун кучларни тезлик билан олиб кириш, у ердан олиб чиқиш ва ҳаракатларни амалга ошириш потенциал тажовузнинг олдини олишда муҳимдир», деди у.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг