8 июль куни хабар қилинишича, Эронда коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳоллари 12 000 дан ошиб кетди. Ҳозирда Эронда CОVID-19 яна авж олишни бошлаётгани учун ҳукумат унинг тарқалишини тўхтатиш учун пойтахт Теҳронда бир қанча чекловлар жорий қилишни кўриб чиқмоқда.
Эрон соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Сима Садат Лари мамлакатда ўтган 24 соат ичида яна 153 киши коронавирус қурбонига айланганини ҳамда вафот этганларнинг умумий сони 12 084 кишига етганини маълум қилди. Шунингдек, 8 июль куни Эронда касалланганлар 2691 кишига кўпайиб, умумий ҳисобда 248 379 кишига етган.
Айни пайтда Эрондаги 31 та провинциянинг 9 таси “қизил” ҳудуд тоифасига ўтказилган бўлиб, бу ерлар вирус хавфи юқори бўлган ҳудудлардир. Яна 10 та ҳудуд, жумладан пойтахт Теҳрон ҳам хавфли ҳудудлар қаторига киритилган.
“Теҳрон жуда оғир даврни бошидан ўтказмоқда. Ўтган 10 кун ичида шаҳримизда янги касалланиш ва ўлим ҳоллари кескин кўтарилди” дейди Теҳроннинг вирусга қарши кураш комиссияси раҳбари Алиризо Заил.
Унинг қўшимча қилишича, Теҳронда вирус тарқалишини тўхтатиш учун чекловларни янада кўпайтириш керак ва бу масала соғлиқни сақлаш вазири билан муҳокама қилинади.
Баъзи қизил тоифага кирган провинцияларда сўнгги ҳафталарда ҳукумат рухсат билан чекловлар жорий қилиниб бўлинди.