Сунъий йўлдошдан олинган тасвирларни таҳлил қилган эксперт фикрига кўра, Эронда CОVID-19 туфайли қурбон бўлганланинг дафн этиш учун оммавий қабрлар қазилмоқда.
Февраль ойи оҳирида Қом шаҳридаги қабристонда умумий узунлиги деярли 100 метр бўлган иккита катта чуқур пайдо бўлди. Шаҳардаги коронавирус қурбонларини дафн этиш учун ушбу қабрлар қазилди, дея хабар беради Washington Post.
Ушбу қабрлар Эрон ҳукумати вирус қурбонларининг тўлиқ ҳажмини яшираётганининг сўнгги далилидир. Коронавирус Эрон парламентининг аъзолари ва Олий Раҳбар Оятуллоҳ Али Хуманайининг маслаҳатчиларидан бирини ҳам ҳаётдан олиб кетди.
Эрон коронавирус Хитойдан ташқаридаги энг кўп тарқалган мамлакатлардан бири ҳисобланади. 12 март кунги расмий маълумотларга кўра, Эронда ҳалок бўлганлар сони 429 кишига етди, касалланганларнинг умумий сони эса 10, 000 дан ошади.
Аммо АҚШ, Форс кўрфази мамлакатлари ва соғлиқни сақлаш бўйича глобал экспертларнинг таъкидлашича, Эрон берган расмий маълумотлар касалланганлар ва қурбонларнинг ҳақиқий сонидан анча паст. Теҳрон ушбу вируснинг тарқалишининг тўлиқ ҳажмини яширганликда айбланмоқда.
Ҳукумат мамлакатдаги вирус тарқалиш маркази бўлган Қом шаҳрида 846 киши касалланган, дея маълумот берган, аммо вафот этганлар сони ошкор қилинмаган. Бу шаҳарда 1,2 миллион киши истиқомат қилади.
АҚШнинг Колорадо штатидаги Maxar Technologies компаниясининг тасвирлар бўйича катта таҳлилчисининг сўзларига кўра, ушбу ер қазишларнинг кўлами ва тезлиги, илгари қазилган қабрлардан сезиларли фарқ қилди. Расмларда, шунингдек, ҳидни назорат қилиш учун оммавий қабрларда ишлатилиши мумкин бўлган оҳак уюмлари тўпланганини кўриш мумкин.
Ижтимоий тармоқларда худди шу қабристонда коронавирус қурбонлари учун тайёрланган қабрларни кўрсатадиган видеолар ҳам тарқалганди. Сунъий йўлдошдан олинган суратлардаги бу ҳолат видеолардаги маълумотга тўғри келади.
Шу ой бошида BBC Persian томонидан тарқатилган ушбу видеоларда қабрга тобут кўтариб кетаётган эркаклар акс этган. Видеодаги сўзловчининг айтишича, шу пайтгача у ерга 80 дан ортиқ одам кўмилган. Аммо расмийлар «бор-йўғи 34 киши ўлган»лигини айтишган, дейди у анча олдинги расмий қурбонлар сонини айтар экан.
Яна бир видеода Қом шаҳридаги ўликхонада қора сумкага ўралган ўнлаб жасадларни кўриш мумкин.