“Туркия Триполидаги ҳукуматнинг илтимосига биноан, Ливияга келаси ойда қўшин юборади”, деди Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған пайшанба куни.
Айни дамда Ливиянинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукумати, мамлакатанинг шарқий қисмида ўрнашиб олган генерал Халифа Хафтарга қарши курашмоқда.
Ҳафтар эса Россия, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари ва Иордания томонидан қўллаб-қувватланади.
“Токи Ливия биздан ёрдам сўраб мурожаат қилаётган экан, албатта ёрдам берамиз. Парламент очилиши биланоқ, Ливияга ҳарбийларимизни юбориш тўғрисидаги қонунни кун тартибига қўямиз», деди Эрдўған ўз партияси аъзоларига мурожаатида.
Унинг сўзларига кўра, ушбу қонун 8-9 январь кунлари қабул қилинади. Аммо, Триполидаги ҳукуматнинг ички ишлар вазири Фатҳи Башаганинг айтишича, ҳали Туркияга ёрдам сўраб расмий сўров йўллангани йўқ.
«Агар вазият ёмонлашса биз Туркия ҳукуматига расмий сўров юбориб, ҳарбий ёрдам оламиз», дейди Башага журналистларга.