Ер прокурор, ҳоким ё кадастр бошлиғининг шахсий мулки эмас!

0
2315
Фото: ua.news

«Ахборот» кунора ноқонуний ўзлаштирилган экин майдонлари тўғрисида Бош прокуратура билан ҳамкорликда ўтказилган рейдларни бераётир. Кўриб ҳайрон қоласан, гектар-гектар ерлар мутасаддилар томонидан тарқатиб юборилган…

Энди бу хато тўғриланяпти — қонунга хилоф равишда эгалланган ер майдонлари маҳаллий балансларга қайтарилмоқда. Бу яхши харакат ҳозир вилоятларда бошланди. Экин майдонлари, деган тушунча пойтахт учун хос бўлмаганидан марказ ҳозирча тинч. Лекин, аслида, ер тарқатиш эпидемияси шу ердан тарқамаганмикин, деган гумонгаям борасан, одам.

Ҳозир пойтахтда уй-жой қуриб сотиш катта бизнесга айланган. Ўнлаб ширкатлар пайдо бўлди. Шаҳар ичида, лофи билан айтадиган бўлсак, тангадек жой бўлса, бизнес аҳли уй соляпти… Ҳатто юзлаб йиллик маданият масканлари (Қозоғистон ва Лисунов кинотеатрлари)ни бузиб бўлса-да…
Бу туришда жонажон пойтахтимиз зичлик жиҳатидан тез орада Босфор бўғозига тиқилиб қолган Истанбулга тенглашади…

Нафас ҳам олиш керак-ку. Шамол айланишига жой қолиши керак ҳеч бўлмаса. Қолаверса, шунча уй қурилаётгани билан тураржойлар нархи тушаётгани йўқ. Одам кўпайиб кетди десанг, прописка то бугунгача жойида собит турувди… Пойтахтдаги ўнлаб шу иш билан шуғулланадиган ширкатларга телефон қилиб кўринг, нархлар деярли бир хил. Рақобат сезилмайди. Нима бу фирмалар ҳаммаси бир одамникими ёки келишиб олишганми? Шундай кезларда шаҳарда янги мафия пайдо бўлганми, деган бемаза хаёлгаям борасан одам.

Хулласи калом, ернинг бир парчаси учун аждодларимиз жон олиб, жон берган. У ҳар қандай миқдордаги доллардан қийматлироқ ва мўътабарроқ. Ер асло менинг, сизнинг, кадастр бошлиғи, прокурор ё ҳокимнинг шахсий мулки эмас! Шу маънода, Бош прокуратура амалга ошираётган бу хайрли тадбир пойтахтимиз ва катта шаҳарларимиз «ҳаёти»га ҳам жорий этилар деган умиддамиз.

Зотан, қонун, давлат ва халқ манфаати олдида барча баробар бўлмоғи керак. Мутлақ имтиёзлар эса ўрта асрларда Цезар томонидан Миср маликаси Клеопатрага берилганди. Шукрки, бугун замон ўзгарди. Қолаверса, Цезарлар йўқ, Клеопатраликниям шароит кўтармайди…

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг