ЭНЕРГЕТИКА: Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш осон ва қулай

0
2962
Скриншот

Равшан Хўжанов, 

халқаро энергетик-эксперт, Германия қуёш энергияси ассоциацияси ва Александр Гумболдт жамғармаси аъзоси.

Р.Хўжанов шахсий фото архивидан

Жорий йилнинг 29 март куни ўтказилган матбуот анжуманида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов 2023 йилда Ўзбекистонда маиший истеъмолчилар учун электр энергияси ва газ тарифлари оширилмаслигини, аммо аҳоли учун ижтимоий меъёр белгиланиши мумкинлигини таъкидлади.

Лекин ижтимоий реестрга киритилган ёки қайсидир сабаб билан кам даромад топадиган, икки хонали квартирада турадиган, “свет” ва газни тежаб ишлатадиган оилаларни рағбатлантириш керак. Бундай тарифлар аксарият давлатларда қўлланишини урғулаб ўтди.

Дилшод Султонов

Буни қарангки, яқинда Сенатнинг 39-ялпи мажлисида маъмурий жарималарни тўлашда аҳолига қўшимча қулайликлар яратишга оид қонун муҳокама қилинган бўлиб, 2023 йил 1 майдан бошлаб, ҳуқуқбузар жарима солинган вақтдан эътиборан 15 кун ичида жариманинг 50 фоизини, 30 кун ичида 70 фоизини ихтиёрий равишда тўласа, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилиниши белгиланмоқда. Агар ҳуқуқбузар бир ойлик муддатни ўтказиб юборса, жариманинг тўлиқ мидорини тўлаши шарт бўлади.

Кам таъминланган аҳоли қатлами учун ижтимоий меъёрни жорий қилишда иккита усулдан фойдаланиш мумкин.

Биринчи усул: энг осон ва қулай усул бу кам таъминланганлар учун амалдаги нафақа пулига электр энергия учун бўлган компенсацияни қўшиб бериш ва бу қуйидагича механизмга эга бўлади:

  1. Ижтимоий меъёр (одам бошига ёки оила учун) киритилади.
  2. Ҳудудий электр тармоқларининг истеъмол базасидан хонадонлар кесимида автоматик маълумот олинади. Маълумотлар базаси хонадон эгаси паспорт рақамига боғланган.
  3. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан автоматик равишда кам таъминланганлар базаси олинади. Уларнинг ҳам маълумоти паспорт рақамига боғланган.
  4. Тизим шу икки базани паспорт рақамларига боғлаб солиштиради ва жорий ойда компенсация қилинадиганларни ва суммасини автоматик ёки ярим автоматик аниқлайди.
  5. Тизим шаклланган рўйхат бўйича компенсация қилиш тўлов топшириқларини беради.
  6. Банк компенсация эгаларига пулни қайтаради.

Буни Иксcелда ҳам қилса бўлади.

Қолган истеъмолчилар юқори тарифда тўлайверади. Бирор киши тўлай олмаса, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига (ягона дарча орқали ёки ҳукумат портали орқали) кам таъминланганлигини исботлаш учун ҳужжат топширади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу каби ишларда иштирок этиши мумкин. Асосий маъсулият  Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги назоратида бўлиши керак. Ижтимоий меъёрни айнан шу икки вазирлик томонидан амалга оширилиши лозим.

Ўғирлик, коррупция ҳолатларини текшириш ҳисоб палатаси, прокуратура ва бошқа тегишли органлар зиммасида бўлади. Нотўғри маълумотлар тақдим қилган истеъмолчилар билан МИБ шуғулланади.

Агар бирон бир оила кам таъминланлиги ҳақида ариза топширса, белгиланган формулага кўра, унинг Ҳудудий электр тармоқларидан (Тошкент шаҳридаги DataCenter) олинган электр энергия истеъмолига қараб карточкасига манзилли маблағ ташлаб берилади.

Ҳудудий электр тармоқлари маълумотлар базасига уланиш йўлга қўйилади. Бунинг учун “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими”ни  (ЭЭҲОваНҚАТ) йўлга қўйган Кореянинг KT Corporation компания томонидан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.

Бундай механизм орқали ижтимоий дастурни амалга ошириш осон ва қулай. Чунки кейинчалик ўзгартиришлар (масалан, меъёрлар ошганда ёки камайганда) киритилса, Энергетика вазирлиги ёки Ҳудудий электр тармоқларисиз амалга ошириш мумкин. Бундай ёндашув электр энергия етказиш жараёнига боғлиқ бўлмаслиги сабаб ҳам мустақил ва тўғридан тўғри компенсация бўлади.

ҲЭТК (Ҳудудий Электр Тармоқлари Корхонаси), АСКУЭ дастури ва маиший истеъмолчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар ЧИЗМАСИ
  1. Электр энергия етказиб бериш.
  2. АСКУЭ дастури томонидан кўрсатгичларнинг автоматик қайд қилиниши.
  3. “Электроучет” ПК (Биллинг) базасидан маълумот тақдим этиш

Мутасадди вазирликлардаги дастур сув, электр ва иссиқлик энергияси, иссиқ сув ва табиий газдан ҳам бир хилда маълумот олиб амалга оширилиши мумкин. Бунда биронта бир ташкилот ёки вазирлик ёхуд соҳа корхонасининг бевосита иштироки/аралашуви шарт эмас. Бу эса ўз навбатида соҳа корхонаси асосий кўрсаткичларига куч бериши ва носоҳавий жараёнлар, масалан ижтимоий масалалар билан ўралашиб қолиши олди олинади.

Кам таъминланганлар оилалар кимлар? Уларга қанча нафақа тўланади?

Қуйидаги нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 52,7 фоизидан (358 007 сўмдан) ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади:

  • 3 ёшдан 18 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа:
  • 1 та болали оилага – 250.000 сўм; оиланинг иккинчи фарзанди қўшимча 150.00 сўм; оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун 100.000 сўм
  • 3 ёшга тўлгунга қадар бир бола парвариши бўйича нафақа – 325.000 сўм;
  • кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам – 380.000 сўм.

Нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг ўзини ўзи бошқариш органига мурожаат қилган ойнинг кейинги ойидан бошлаб тўланади.

Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги кам таъминланган оилаларга 2020 йилда Давлат бюджети ҳамда Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан нафақалар ва моддий ёрдам учун ажратилган маблағлар тўғрисида маълумотига кўра, 2020 йилда ўртача ҳар ойда нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилалар сони 643 072 тани ташкил этган. Бунинг учун 3.217.821,6 млн. сўм сарфланган. Шу жумладан:

  • Бюджет маблағларидан ҳисобидан 595.491 та оила учун 2.813.795,6 млн. сўм харажат белгиланган.
  • Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан эса 47.481 та оилага 404.026 млн. сўм сарфланган.

Ўтган йилда нафақа ва моддий ёрдам олган оилалар сони 2,2 млн.дан ошди, харажатлар эса – 19.4 трлн. сўмни (1,7 млрд. АҚШ долл.) ташкил этган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳар бир нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилалар учун 100 кВт электр энергия компенсацияси миқдори тахминан 65 млрд. сўмни (5,7 млн. АҚШ долл.) ташкил этади.

Натижада, электр энергия истеъмоли учун бериладиган компенсация миқдори 0,33 фоизни ташкил этади.

Республика бўйича кам таъминланганлар дастлабки рўйхати тузилиб, компенсация миқдори иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ажратилади. Бу ерда ҳам бошқа вазирлик ёки ташкилот аралашувчи талаб этилмайди. Бунинг учун хонадонлар ҳаражатлари бўйича сўровнома ўтказилади. Бунда нафақат электр энергия истеъмоли, балки учта кўрсаткич – жами даромад, ҳаражатлар ва унинг таркиби ҳамда ҳаражатларда электр токининг улуши. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу ҳаражатлар қамровида электр энергия улуши сезиларсиз бўлиши мумкин. Масалан, кам таъминланган оила ойига 300 кВт электр энергия истеъмол қилса ва 100 кВт ижтимоий меъёрга тушса, компенсация миқдори 100кВт•295сўм=29.500 сўм бўлади. Бу энг кўпи билан ҳисоблаганда, акс ҳолда одатда 50кВт•295сўм=14.750 сўм бўлади.

Истеъмолчиларнинг ўртача электр энергия истеъмолини аниқлаш учун, жами истеъмол Ҳудудий электр тармоқлари базасидан олиб, хонадонлар сонига бўлинади. Буни ҳар бир вилоят кесимида ҳам амалга ошириш мумкин. Буни туманлар кесимида ҳам амалга оширса бўлади. Кам таъминланган уй хўжаликлари аниқланиб, уларни Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг кам таъминланган оилалар базаси билан солиштирилади ва уларнинг электр энергия истеъмоли ҳақида хулоса қилинади.

Ижтимоий дастурдан мақсад аҳолини қуйи қатламини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш бўлгани учун, бу ерда давлат учун асосий мақсад фойда эмас, балки кам таъминланган аҳолини ижтимоий-молиявий ҳолатини яхшилаш ва камбағалликни қисқартиришдир

Бу дастур натижаси қандай бўлишидан қатъий назар, амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Чунки, масалан, Россия президенти оилада иккинчи фарзанд туққанларни молиявий қўллаб-қувватлаш дастурини амалга ошириб келмоқда. Агар бу дастур ўзини оқлайдими йўқми деб, бошида сўровномалар, дунё тажрибасини ўрганиш керак деган турли туман қоғозбозлик ва бюрократия қилганда эди, ҳали ҳам бу дастур ишга тушмаган бўлар эди.

Шуни унутмайликки, бу ижтимоий масаладир ва ҳар бир давлат олдидаги мажбурият ва бурчдир. Ҳар қандай дастур ўзини оқлаши бу саноатда, сармояда ва ишлаб чиқаришда бўлади. Электр энергия истеъмоли учун бойлик ва даромадга боғлаш тўғри хулоса бермаслиги мумкин. Чунки, ҳужжатда бой одам камбағал бўлиши мумкин. Шунинг учун бор маълумотларга асосланиб иш кўрилиши керак. Бунинг учун Ҳудудий электр тармоқларидан электр энергия истеъмоли олинади, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги кам таъминланганларни аниқлаб беради ҳамда тегишли истеъмолчиларга компенсация берилади.

Жиноят қилганлар билан эса тегишли вазирлик ва идоралар шуғулланади. Чунки, тизимда ўғирликлар, ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар бўлиши табиий ҳол. Шунинг учун таҳлил қилишда аввал оддий ҳолат учун ишлаб чиқилади. Мураккаб ва профессионал ўғирликларни фош қилиш ва олдини олиш учун тегишли идоралар жалб қилинади. Ижтимоий меъёрни жорий қилиш жуда осон ва қулай, лекин одамлар бойиб кетмайди. Масалан, бу меъёр бойлар учун қизиғи йўқ. Чунки, тарифлар бизда жуда паст. Асосан кам таъминланган ва нафақахўрлар ҳамда ишсизларга фойдалидир.

Иккинчи усул бу электр энергия истеъмолини ўзи учун алоҳида ҳисоб-китобларни юритишдир:

Электр тўловлари учун пул компенсациясини ҳисоблаш алгоритми.

 Биринчи мисол.

 «Меҳнат фахрийси» тоифасидаги фуқарога электр энергиясини етказиб бериш харажатлари учун пул компенсацияси берилади. Фуқаро икки хонали квартирада ёлғиз рўйхатга олинган.

Режадаги янги қарорга кўра, кўриб чиқилаётган ҳолатда электр таъминоти хизматларини истеъмол қилиш стандарти ойига бир киши учун 100 кВтни ташкил қилади. Ойига истеъмол 150 кВтни ташкил этди, тўлов 44250 сўм миқдорида амалга оширилди, (150кВт•295сўм).

Электр энергиясини тўлаш учун пул компенсациясини ҳисоблаш коммунал хизматларни истеъмол қилиш стандартлари доирасида амалга оширилади, хусусан:

100 кВт • 295 сўм • 50% = 14,750 сўм

Ойига белгиланган меъёрдан ортиқ истеъмол қилинган электр таъминоти хизматлари ҳажмини тўлаш харажатлари қопланмайди. Бундай ҳолда, у 50 кВт (150 кВт – 100 кВт) ни ташкил қилади.

 Иккинчи мисол.

«Ногирон» тоифасидаги фуқарога электр таъминоти харажатлари учун пул компенсацияси берилади. Уч хонали квартирада тўрт киши рўйхатга олинган.

Кўриб чиқилаётган ҳолатда электр таъминоти хизматларини истеъмол қилиш стандарти ойига 200 кВтни ташкил қилади. Ойига истеъмол 300 кВтни ташкил этди, тўлов 88.500 сўм миқдорида амалга оширилди. (300кВт•295сўм).

Электр энергиясини тўлаш учун пул компенсациясини ҳисоблаш коммунал хизматларни истеъмол қилиш стандартлари доирасида амалга оширилади, хусусан:

200 кВт • 295 сўм • 50% = 29500 сўм

 Учинчи мисол.

 Икки хонали хонадонда тўрт кишидан иборат ногирон болали оила яшайди.

Кўриб чиқилаётган ҳолатда, электр таъминоти хизматларини истеъмол қилиш меъёри ойига бир киши учун 50 кВтни ташкил қилади.

Ойига истеъмол 300 кВтни ташкил этди, тўлов 88.500 сўм миқдорида амалга оширилди, (300кВт•295сўм).

Электр энергиясини тўлаш учун пул компенсациясини ҳисоблаш коммунал хизматларни истеъмол қилиш стандартлари доирасида амалга оширилади, хусусан:

50 кВт • 5 киши • 295 сўм • 50% = 36.875 сўм

Ойига белгиланган меъёрдан ортиқ истеъмол қилинган электр таъминоти хизматлари ҳажмини тўлаш харажатлари қопланмайди. Бундай ҳолда, у 50 кВт (50кВт•5киши – 300 кВт) ни ташкил қилади.

 Тўртинчи мисол.

Оила (2 киши) бир хонали квартирада, шу жумладан реабилитация қилинган шахс яшайди.

Кўриб чиқилаётган ҳолатда, электр таъминоти хизматларини истеъмол қилиш меъёри ойига бир киши учун 75 кВтни ташкил қилади. Ойига истеъмол 120 кВтни ташкил этди, тўлов 35.400 сўм миқдорида амалга оширилди, (120кВт•295 сўм).

Ойлик истеъмол меъёри ошмайди: 175кВт•2киши=150кВт. Режадаги қонунчиликка мувофиқ, электр энергиясини тўлаш учун пул компенсациясини ҳисоблаш коммунал хизматларни истеъмол қилиш стандартлари доирасида амалга оширилади, хусусан:

120 кВт • 295 сўм • 50% = 17.700 сўм

Aгар фуқаро тўловни мунтазам тўлаб бормаса, коммунал хизматлар учун бир ой ичида бир неча олдинги тўловлар учун тўловни амалга оширса ва унинг тўлови миқдори коммунал хизматларни истеъмол қилиш учун ойлик меъёрдан ошса, бир ойда компенсация миқдори бир ойлик меъёрга мувофиқ миқдор билан чекланади, яъни, фуқаро  компенсацияни тўлиқ олмайди. Бу бир томондан ижтимоий ҳимоя олаётган қатламда тўлов маданиятини шакллантиришга туртки бўлиб хизмат қилади ва боқимандалик ҳолатлари олдини олади.

Компенсацияни камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ёки «Ягона реестр» орқали тўлаш амалга оширилиши мумкин. Керакли маблағлар иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ўтказилиб берилади.

Компенсация тўлаш тартиби сақланиб қолади, яъни бенефициарлар биринчи навбатда компенсация оладилар, кейин эса улар уй-жой коммунал хизматлари учун ҳақ тўлайдилар. Компенсация тўлови худди шу шахсий банк ҳисоб рақамига ёки худди шу почта бўлими орқали ва илгари тақдим этилган вақтда амалга оширилади.

Бизда олдиндан тўлов (pre-paid) тизими йўлга қўйилганлиги жуда катта ютуқ ва яхши имкониятдир. Кўпгина давлатларда бундай тизимни жорий қилиб бўлмайди, чунки, истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилиш қонунлари бунга йўл қўймайди. Аввал товар кейин пул деган тамойилга амал қилинади.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг