Бангладешда яшовчи Роҳинжалик мусулмонлар 29 январь кунги хабарни ҳайрат ва хурсандчилик билан кутиб олдилар. Сабаби шундаки, Бангладеш ҳукумати уларнинг болаларига расмий таълим берилишини маълум қилди.
Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Бангладешдаги қочоқлар лагерларида яшовчи ярим миллионга яқин Рохинжа болаларига сифатли таълим олиш имкониятини бериш учун узоқ вақтдан бери ҳаракат олиб бормоқда эдилар.
«Вой Ҳудойим! Бангладеш бизга таълим олишимизга имкон бермоқда! Жудаям хурсандман. Бу жуда яхши. Мен ўз бахтимни сўз билан ифода эта олмайман. Кўпчилик болалар икки ўқув йилини йўқотиб бўлди. Энди улар ўз орзулари ортидан бора оладилар. Бу ҳаётни янгидан бошлашга ўхшайди” дейди ўқув марказларидан бирида ўқитувчи бўлиб ишлайдиган 19 ёшли Муҳаммад Зобайер.
Лагерларда нодавлат ташкилотлари ва БМТнинг ўқув марказлари фаолият олиб боради. Аммо бу ерда қатнаган болаларга, асосан, тизимсиз таълим берилади.
Роҳинжанинг юқори мартабали етакчиси Дил Муҳаммаднинг айтишича, улар Бангладешдан миннатдор.
“Мамлакат бизга ўз эшикларини очиб, ҳаётимизни сақлаб қолди. Энди улар таълим бериш орқали бизнинг фарзандларимизни “йўқолган авлод”га айланишдан сақлаб қоладилар”, дейди у.
Маълумот учун, 2017 йилда Мьянмадан 730 мингдан зиёд Роҳинжа мусулмонлари чиқиб кетишга мажбур қилинганди. Улар Бангладешга бориб жойлашган. БМТ Мьянма армияси бошчилик қилган ушбу қувғинни генодцидга тенглаштирганди.