“Электрон меҳнат дафтарчаси” жорий этилиши бўйича расмий баёнот

0
2356

ОАВ ва ижтимоий тармоқларда 2019-йилнинг 1-январидан қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси ўрнига “электрон меҳнат дафтарчаси” жорий этилиши ҳақида турли хабарлар эълон қилинмоқда. Бу хақда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги баёнот берди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги шуни маълум қиладики, “электрон меҳнат дафтарчаси” тизимини жорий этиш сифати ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида, 2019-йилнинг 1-январидан “электрон меҳнат дафтарчаси” амалиёти дастлаб синов тариқасида фақат Вазирлик тизимида ишга туширилди.

Бундан кўзланган асосий мақсад, “электрон меҳнат дафтарчаси”ни Республика бўйлаб кенг тадбиқ этишдан аввал синов лойиҳаси орқали тизим ишончлилигини текшириш, юзага келиши мумкин бўлган камчиликларни аниқлаб, уларни бартараф этиш ва тизимни янада такомиллаштиришдан иборатдир. Энг муҳими, қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасидан электрон шаклга ўтиш жараёнида аҳоли учун ортиқча мураккаблик ва чалкашликлар юзага келмаслиги учун Вазирлик томонидан ана шундай тажриба йўлга қўйилмоқда. Шу боис, мавжуд маълумотларнинг дахлсизлиги ва тўлиқ сақланишини кўзлаган ҳолда одатий қоғоз кўринишидаги меҳнат дафтарчалари тизими ҳам сақлаб қолинди, яъни “электрон меҳнат дафтарчаси” амалиётга тўлиқ жорий қилингунча, қоғозли меҳнат дафтарчаси ўз кучини йўқотмайди ва шу асосда фуқаролар ишга қабул қилинади.

Бугунги кунда қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари берилишини тўхтатмаслик бўйича Вазирлик томонидан Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва бошқа тегишли ташкилотларга кўрсатма берилган.

Ҳозирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги электрон меҳнат дафтарчаларини юритиш бўйича дастурлар комплексининг бета-версиясига эга ва у 2019-йилнинг январидан ишга туширилиб, синов учун Вазирлик тизимидаги ташкилотларга тадбиқ этилмоқда. Шунга мувофиқ, электрон меҳнат дафтарчаларини оммавий жорий этишни амалга ошириш 2019-йилнинг биринчи ярмида режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, “электрон меҳнат дафтарчаси” тизимининг тўлиқ ҳуқуқий асосга эга бўлиши учун тегишли Қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирлар олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 24-майдаги “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5052-сон фармонига биноан, “электрон меҳнат дафтарчаси”ни 2019-йилнинг 1-январидан босқичма-босқич жорий этилиши белгиланган.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг