Эҳтиёт бўл, оиласи бор!

0
2565
nv.ua сайтидан олинган илююстрацион фото

Бир куни рафиқам ва икки қизим билан бирга Адапазарининг (Туркия тахр.) энг гавжум жойини, Чарк сайилгоҳини кезиб юргандик, тўсатдан йўлдаги тирбандликка дуч келдик. Лекин бу ҳолатдан хотиржам эдим. Ўша кунларда янги автомашина олганим учун, бироз туриб қолсак ҳеч нарса қилмайди, қайтанга бунақа пайтда автомашинамни кўпчилик кўради, дея ўйлардим.

Уёқ-буёққа қарар эканман, сайилгоҳ охирида бир нечта байроқларга кўзим тушди. Ҳаммаси яшил-қора байроқлар эди. Худди инсоният тўғони бузилиб, инсонлар сел каби оқаётгандай эди.

Ойнани тушириб кўзим тушган кишидан нима гаплигини билгим келди. Эркак нодонлигимдан ғашланиб:

— Қўйинге, ака!- деди. – Бугун Сакаряспор футбол жамоасининг муҳим ўйини бор-ку! Наҳотки, буни билмасангиз? Шукр, рақибларни эзиб янчдик. Яксон қилдик ўзиям!…

Оилам билан бу ҳодисага унчалик эътибор бермадик, тўғриси. Бироздан кейин одамлар тарқалиб, Чарк сайилгоҳида оломон сийраклашса ҳамма ўзи ишига шошади, дея ўйладим.

Аммо одамлар галаси бироздан кейин сайилгоҳни бутунлай ишғол этди. Ҳамма ёқ фанатлар билан тўлиб тошган эди. Тўлиб тошсин, бунга эътирозимиз йўқ, лекин бу тентак фанатлар машиналарни ўраб олган, ақлдан озар ҳолатда транспортларни тебратишарди.

Транспорт минибус ёки юк ташиш автомашинаси бўлмаса, яъни енгил автомашина бўлса жуда қўрқинчли ҳолат кўзга ташланади. Ҳар бир машинага камида йигирмата одам ёпишади, сўнг ердан кўтарилади ва 50-60 сентиметр юқорилатиб, катта тезликда ерга туширишади.

Кейин яна бир бор. Яна бир бор… Сакаря нечта гол урган бўлса шунча…

Йўл тирбандлигидан машиналар ҳеч қаерга ҳаракат қилолмасди. Йўловчилар ҳам қўрқув ва хавотирдан қалтирашарди. Шунга қарамай ҳамма бахтли кўринишга ҳаракат қиларди.

Ёшларга жаҳл қилиш, қаттиқ гапиришнинг ҳеч ҳам мавриди эмасди. Бу шўрликлар аввал кўп калтак егани учун ўти ёрилса ҳам “Сакаря!”, “Сакаря” деб бақиришарди. Акс ҳолда ўтирган машиналаридай ўзлари ҳам осмонга кўтарилиб тушарди.

Рафиқам ҳар доимгидек машинанинг энг яхши жойида ўтирганди. Орқа ўриндиқда ўтирган қизларим эса даҳшатдан қалтираб, бир-бирининг пинжига тиқилшибди.

Навбат бизга келганида эшикларни қулфлаб, уёқ-буёқдан маҳкам тутиб олишга уриндик. Ҳавога кўтарилиб ерга тушганимизда бошимизни бирор жойга уриб олишдан хавотирда эдик.

Бир пасда тўрт томондан ўраб олиндик. Камида 20-30та йигит, биров эшик тутқичидан, биров балондан, яна кимдир орқадан, олдиндан, хуллас бизни ҳавога кўтаришаётганида фанатлардан бири машина ичига қараб баланд овозда бақирди:

— Эҳтиёт бўл, оиласи бор экан!

Бир зумда ҳамманинг қўли машинадан тортилди. Нима бўлганини тушуниб, тушунмаган бўлсак-да, ҳаммамиз енгил нафас олдик.

Ёшлар шу заҳоти орқадаги машинага ўтиб, уни ҳам ўраб олишди. Қизлар орқа ойнадан, мен эса пешойнадан кузатиб турдик.

Гап шундаки орқадаги машина ҳам менинг машинамдан фарқ қилмасди. Яъни, транспортда ҳайдовчидан ташқари яна бошқа бир нечта хонимлар ўтирган эди.

“Бизга ўхшаб уларга ҳам ҳеч нарса қилишмайди”, деб ўйлагандик. Афсуски бу гал ундай бўлмади. Ичидаги хонимларнинг чинқириғи, қўрқувига қарамай, машина бир неча марта ҳавога кўтарилиб, ерга ёпишди.

Ёшлар узоқлашганида орадаги бу фарқни тушунишга ҳаракат қилдик. Ва бу борада ҳар хил фикрларни ўртага ташладик.

Ниҳоят, сабабини топдик: қизларим ва рафиқам тассаттурли эди. Нариги машинада эса очиқ кийинган, замонавий хонимлар ўтирган эди.

Ачинарли ҳолат албатта.

Фанат йигитлар ҳеч бўлмаса ўз онасининг юз-хотири, “ташқи кўринишга қараб муомала қилиш” балосидан узоқ туриб, барча хонимлар, шу жумладан келажакдаги ОНАлар ҳам эҳтиром ва шафқат билан бирга барча яхшиликларга муносиб эканини ўйлашса бўларди…

Жунайд Суави

Туркчадан Умида АДИЗОВА таржимаси

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг