Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, Африкада жойлашган Эфиопия мамлакатида озиқ-овқат инқирози юзага келган. Чунки, чўл чигирткалари мамлакатдаги 200,000 гектар экин майдонларини вайрон қилган. Натижада, ўзи шундоқ ҳам озиқ-овқат етишмаслиги билан курашаётган Эфиопиянинг яна 1 миллион аҳолисига ёрдам керак.
Шарқий Африкада яна чигирткалар босқини бўлиши ва бу олдингиларидан ҳам зарарлироқ бўлиши кутилмоқда.
Миллиардлаб чўл чигирткалари аллақачон Эфиопия, Сомали, Кения, Жибути, Эритэрия, Танзания, Судан, Жанубий Судан ва Угандадаги экин майдонларини еб битирган. Уларнинг бу қадар кўпайиб кетишига минтақада бу мавсумнинг жуда нам ва ёмғирли келгани сабаб бўлди.
Эфиопияда чигирткалар жўхори, буғдой ва маккажўхори каби маҳсулотларнинг катта миқдорда йўқотилишига олиб келди. Шунингдек, чорва молларини боқиш учун фойдаланиладиган ер майдонлари кескин камайди.
БМТга тегишли озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Эфиопиядаги вакили Фатоума Сейиднинг айтишича, мамлакатдаги фермерлар ва чорвадорларга коронавирус пандемияси сабаб янада ёмонлашаётган ҳозирги вазиятни бартараф этиш учун моддий ёрдам керак.
«CОVID-19 инқирози туфайли мураккаблашаётган ҳозирги даврда жабрланган аҳолининг тирикчилик манбасини сақлаб қолиш жуда муҳим», дейди Сейид.
Аҳоли сони бўйича Африкада иккинчи ўринда турувчи Эфиопияда 110 миллион нафар одам яшайди. Бу мамлакатда ҳозиргача 74 кишида CОVID-19 аниқланган ва уларнинг учтаси вафот этган. Аммо, экспертлар мамлакатнинг соғлиқни сақлаш тизими заифлиги боис касалланганларнинг кўпайиб кетишидан ҳавотирга тушмоқдалар.