«Дунёдаги барча диктаторлар бу урушни кузатмоқда»

0
1640
Фото: Contributor / Getty Images

Қандай қилиб Путин манипулятив раҳбардан “қўрқув диктатори”га айланди? Унинг режими урушдан омон қоладими? Сиёсий фанлар профессори Дэниел Трейзман шу саволларга жавоб берди.

Украинада уруш бошланганидан бери Владимир Путин режими мухолифат устидан назоратни яна кучайтирди, айниқса қарши чиқишга ва давлат чизиғига зид бўлган позицияни билдиришга уринаётганларни қаттиқ таъқиб қилмоқда. Бугунги кунда Россия ҳукумати ўзида замонавий авторитаризм аломатларини намоён қилмоқда, аммо кўпчиликнинг фикрича, 2000 йилларнинг бошида Россия бошқача келажакка умид қилган эди.

Қандай қилиб Россия демократик ривожланиш имкониятини йўқотди? Украинадаги уруш қандай якунланиши мумкин? Ва бизнинг давримизнинг бошқа диктаторлари бу урушдан қандай хулосалар чиқариши мумкин? Биз буни Лос-Анжелесдаги Калифорния университети (UCLA)  сиёсий фанлар профессори ва “Спин -диктаторлар. ХХІ асрда зулмнинг юзи қандай ўзгариб бормоқда” китоби ҳаммуаллифи Дэниел Трейзман билан муҳокама қилдик.

Диктатура спектри

-Сиз Сергей Гуриев билан ҳаммуаллифлик қилган яқинда нашр этилган «Спин диктаторлар» китобида сиз замонавий авторитар раҳбарлар 20-асрдаги ўтмишдошларига қараганда анча мослашувчан ва зуккороқ эканлигини таъкидлайсиз. Бироқ, Путиннинг Украинага бостириб кириш ҳақидаги қарори узоқни кўриб чиқарилган қарорлар сирасига кирмаса керак. Ҳақиқатан ҳам замонавий диктаторлар шунчалик ақллими?

— Китобда биз диктаторларнинг икки тури ҳақида мулоҳаза юритганмиз ва  албатта, бу анча соддароқ ёндашув. Биз қўрқув диктаторлари деб аталадиганларни ажратиб кўрсатамиз. Жумладан, улар, 20-асрнинг авторитар раҳбарлари эди. Улар кўпинча қаттиқ репрессияга мурожаат қилиб келишган. Сталин, Гитлер, Мао Цзедун миллионлаб одамларни панжара ортига тиқиб, сиёсий рақибларини ёки шунчаки бегуноҳ одамларни ўлдиришган. Ёки Пиночет ёки аргентиналик генераллар, Африкада Мобуту, Угандада Иди Амин каби авторитар раҳбарлар. Улар Мао ва Сталин каби тоталитар раҳбарлар эмас эдилар, балки қаттиқроқ репрессияга ҳам мурожаат қилишганди. Уларнинг мақсади аҳоли орасида қўрқув уйғотиш ва шу орқали ўз фуқароларини назорат қилиш эди.

Сўнгги ўн йилликларда диктаторларнинг янги тури пайдо бўлганини пайқадик: биз уларни “спин диктаторлар” деб атамоқдамиз.

Спин диктатор – бу очиқдан-очиқ зўравонлик ва репрессиядан камроқ фойдаланадиган авторитар лидер. Қўрқув диктатори каби, у назоратни сақлаб қолишга ва ҳокимиятни мустаҳкамлашга интилади, аммо спин-диктаторнинг бошқа усуллари мавжуд: у ахборотни манипуляция қилади, оммавий ахборот воситаларини ўзига бўйсундиради, ўзидан демократ ва малакали раҳбар қиёфасини ясаб олади.

Албатта, Сурияда Башар ал-Ассад, Шимолий Кореяда Ким Чен Ин каби “анъанавий” қўрқув диктаторлари ҳамон бор. Биз қўрқув модели бутунлай йўқ бўлиб кетган деб даъво қилмоқчи эмасмиз. Аммо ҳозир мувозанат спин-диктатура томонга ўзгарди. Шу билан бирга, спин- диктатурасини сақлаб қолиш ва ахборот назорати орқали аҳолини манипуляция қилиш мамлакатлар модернизацияси ва одамлар турли хил алоқа шаклларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши билан тобора қийинлашиб бормоқда. Манабундай тенденция мавжуд: илгари аҳолини турли айёрона усуллар билан бошқариш мумкин деб ўйлаб келган спин-диктаторлар, айни пайтга келиб бундай модел иш бермай қолганлигини тушунмоқдалар. Айёрона услублари фош бўлиб қолганида эса, улар кўпинча очиқ анъанавий реппресив усулларига қайтадилар.

Худди шундай вазиятни Венесуелада ҳам кўрдик. Ҳокимият Уго Чавесдан Николас Мадурога ўтди. Буни қайсидир маънода Туркияда Ражаб Эрдўғон бошқарувида кузатмоқдамиз. Аввалги Эрдўғонни спин- диктатор деб аташ мумкин эди: у жуда айёрона ҳаракат қилди, халқаро миқёсда ҳурматга сазовор бўлди ва ҳар қандай зўравонликни яширишга ҳаракат қилди. Аммо 2016 йилдаги муваффақиятсиз давлат тўнтаришига уринишдан кейин Эрдўғон ўзгарди ва мухолифатни қўрқитишга ўтди.

Биз Россияда ҳам худди шундай нарсани кўраяпмиз. Ҳукмронлигининг дастлабки йилларида Путинни спин- диктатор деб ҳам аташ мумкин эди. Аммо сўнгги 5-10 йил ичида, айниқса Қрим [аннексия қилинганидан] сўнг, биз Путин очиқдан-очиқ мухолифатни қўрқитишга, жамиятдаги хавотир даражасини оширишга, қўрқув риторикасидан фойдаланишга ва репрессияни кучайтиришга, мустақил оммавий ахборот воситаларидан бутунлай қутулишга ҳаракат қилаётганини кўряпмиз.. Путин назоратни шу қадар марказлаштирганки, унинг қандай режим эканлиги ҳақида тасаввурни ўзи ҳам йўқ.

-Бугунги авторитар раҳбарларни спин диктаторлар билан қўрқув диктаторлари оралиғини қаерига жойлаштирган бўлардингиз? Бир сўнги чорадан, иккинчисига кескин ўтиб кетиш ҳолатлари бўлганми? Бунга қандай омиллар таъсир қилади?

-Биз қўрқув диктатурасининг яққол мисоллари билан танишмиз. 20-асрда бундай мисоллар жуда кўп бўлган. Аниқки, Сталин қўрқув диктаторларига тегишли: унинг даврида оммавий қатағонлар, сиёсий рақибларнинг оммавий ҳибсга олишлари бўлган. [Қўрқув диктатураси дегани] ўз фуқароларини оммавий равишда ўлдириш ва одамларни қўрқитадиган риторикадан фойдаланиш тушунилади. Диктатор ўзини либерал-демократик лидер сифатида кўрсатмайди.

Тарозининг иккинчи палласида спин- диктаторлари жойлашган. Улар орасидан, айни пайтда Венгриядан Виктор Орбанни мисол тариқасида кўрсатишимиз мумкин: яқин вақтгача Ғарбда кўпчилик уни демократик лидер деб ҳисобларди. Бироқ, вақт ўтиши билан Орбан ҳокимиятни шу даражада мустаҳкамладики, унинг ҳукмрон мавқеига қарши чиқиш жуда қийин бўлди. У бюрократия устидан назорат ўрнатди, судларни сиёсийлаштирди ва улар устидан ўз ҳокимиятини мустаҳкамлади, кўпинча дўстона алоқаларидан фойдаланган ҳолда, оммавий ахборот воситаларини яширин ва ошкора йўллар билан назорат қила бошлади. Қайсидир маънода у хориждагилар ва ҳатто мамлакатдаги айрим фуқаролар учун демократик кўринадиган сиёсий муҳит яратди. Аммо, аслида эса, унинг тизими мухолифатни четга суради ва Орбаннинг сайловдаги потенциал рақибларини камситади.

Фото: EPA-EFE / TAMAS KOVACS HUNGARY OUT
Фото: EPA-EFE / TAMAS KOVACS HUNGARY OUT

Қўрқув диктатурасидан сўнг, яна қайтиб спин усулларига қайтган диктаторларнинг мисоллари кўп эмас.

Агар сиз очиқ репрессияга ўтсангиз, кейинчалик одамларни сиз ўзгарганингизга ва бирдан қатъий либерал- демократга айланганингизга яна ишонтиришингиз жуда қийин бўлади.

Бошқа томондан, лидер алмашиши билан спин-диктатура режими гуллаб-яшнаши ёки ҳатто “қайта тикланиши”ни тасаввур қилиш мумкин. Очиқ репрессияга ўтган диктатор ўрнини нолдан бошлашга тайёр бўлган янги, замонавийроқ лидер эгаллаши мумкин.

Россияга келсак, 2000-йилларда ҳам Путин ўзини спин-диктатордай тутган эди. Сиёсий маҳбуслар нисбатан кам эди. Давлат оммавий ахборот воситаларини кўпроқ яширин усуллар билан назорат қилди. Дмитрий Медведевнинг номзоди [2008 йилги президентлик сайловларида] жамиятнинг турли қатламларини эътиборини чалғитиб, жалб қилишга қаратилган спин стратегиясининг бир қисми эди.

Бу ҳаракати билан Путин либерал зиёлилар, унинг хатти-ҳаракатларини тез-тез танқид қиладиганларни ўзига жалб этишга умид қилди. Аммо бу уриниш муваффақиятсизликка учради ва шунинг учун Путин аста-секин назоратни кучайтирди ва шафқатсизлик йўлига ўтди.

Агар диктатор уруш бошлаган бўлса, унинг ғалаба қозониш эҳтимоли қанчалик катта? Ва агар у ютқазса, бу диктатор ҳокимиятни йўқотишини англатадими? Тарих бу ҳақда нима дейди?

-Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, уруш бошлаган диктатор уруш давом этар экан, ҳокимиятни сақлаб қолиш эҳтимоли кўпроқ. Уруш тугагач нима бўлади? Унинг натижасига боғлиқ. Агар диктатор урушда ғалаба қозонса, у ҳар қачонгидан ҳам хавфсизроқ. Агар у мағлуб бўлса ёки уруш дуранг билан тугаса, ким ғалаба қозонганлиги аниқ бўлмаган вазиятни барқарорлаштиришнинг бир тури, кейин ҳокимиятни сақлаб қолиш имконияти камаяди. Лекин нолгача тушиб кетмайди.

Урушда ютқазган диктаторнинг кейинги бир неча йил ичида ҳокимиятда қолиш эҳтимоли таҳминан 50% атрофида. Диктаторлар уруш бошлайди, у ёмонлик билан тугайди ва дикторлар жуда тез ағдарилади. Мисол учун, Аргентинадаги генерал [Леопольдо] Галтиери ёки 1974 йилда Туркия билан можаро қўзғатган ва жуда тез ҳокимиятни йўқотган юнон генераллари.

Аммо 1991 йилда Қувайт билан уруш бошлаган Саддам Ҳусайн мисоли ҳам бор. У жиддий мағлубиятга учради, лекин яна бир неча йил ҳокимиятда қолишга муваффақ бўлди. Яқин Шарқда бошқа шунга ўхшаш мисоллар ҳам бор: кўплаб араб раҳбарлари Исроилга қарши урушга киришган, мағлубиятга учраган, аммо барибир ўз мамлакатларини бошқаришда давом этган.

Агар Путин каби лидер урушда ютқазса, унинг ҳокимиятда қолиш эҳтимоли таҳминан 50/50 орасида. Энг хавфли вақт – бу, мағлубиятдан кейинги биринчи йил.

Агар Путин биринчи йил яшаб қолса, [ҳокимиятни йўқотиш] эҳтимоли яна камаяди.

СССР парчаланишидаги афтершоклар

2004-йилда Андрей Шлеифер билан ҳамкорликда ёзган шов-шувларга сабаб бўлган мақолангизда сиз Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Россия “оддий” ўртача даромадли давлатга айланганини таъкидлагандингиз. Ўшанда сиз бундай давлатлар «камдан-кам ҳолларда демократиядан тўлиқ авторитаризмга бурилишни» айтгандингиз. Аммо ҳозир айнан шундай бўлмоқда. Бу қачон ва нима учун содир бўлди? Бу дегани сиз фойдаланган тадқиқотлар нотўғри эканлигини англатадими? Ўшандан буён маълумотлар янгиланганми?

– Маълумотлар ўзгармади. Бир қатор ўзгарувчилар ва бошқа кўрсаткичларга назар ташлайдиган бўлсак, Россия иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий жиҳатдан ўша пайтда ўйланганидан кўра, кўпроқ бошқа ўртача даромадли мамлакатларга ўхшарди. Демократиядан тўла авторитаризмга қайтаётган давлатлар кам сонли эканлигини ёзгандик. Афсуски, Россия ҳам шундай давлатлардан бири бўлиб чиқди. Менимча, бу олдиндан айтилган хулоса эмас эди. Россияда бошқа йўлдан бориш учун кўп имкониятлар бор эди. Аммо биз ўзимизни энг экстремал сценарийлардан бирида топдик – бундай воқеалар ривожи 2004 йилда мумкин эди, аммо бу жуда даргумон.

Протестующие идут маршем по Красной площади после провалившегося августовского путча, 22 августа 1991 года. Фото: Alain Nogues / Sygma / Sygma / Getty Images
1991 йил 22 августдаги муваффақиятсизга учраган давлат тўнтаришидан сўнг намойишчилар Қизил майдонда юришмоқда.. Фото: Alain Nogues / Sygma / Sygma / Getty Images

Нима учун бу содир бўлди? Қисман, бу вақт давомида Путин ҳокимиятда қолганлиги билан боғлиқ. Путиннинг йиллар давомида ўзгаргани ҳам муҳим роль ўйнади. 2000-йилларнинг бошларида у анча прагматик эди. У Ғарбга нисбатан шубҳа билан қарарди, лекин ҳамкорликка очиқ эди. 2000-2001 йилларда у ҳамкорликка Ғарбдан ҳам очиқроқ эди. Вақт ўтиши билан Путин ўзгарди.

Дастлабки Путин ноаниқ эди. У қисман макроиқтисодий ортодоксалликка (ривожланган мамлакатларда асосий оқим ҳисобланган пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсати мажмуи. – Қайд. таҳрир) ва иқтисодиётнинг асосий тамойилларига ишонган. Унинг тарафдорлари, масалан, Алексей Кудрин, Герман Греф ва бошқалар Путинга бу тамойиллар қандай ишлашини тушунтириб беришди. Ва у улардан қисман фойдаланишни бошлади.

Шунингдек, унинг сиёсий технологлар жамоаси бор эди – Глеб Павловский ва Владислав Сурков каби ғайриоддий, аммо профессионал сиёсий экспертлар  Кремлда назоратни мустаҳкамлаш учун номукаммал демократик тизимни манипуляция қилишни аълода даражада уддасидан чиқишаётганди.

Махсус хизматлар, унинг дўстлари ва ҳамкасблари ҳам Путин томонида эди. Улардан баъзилари Совет Иттифоқига, кейинчалик эса Россияга етказилган ҳар қандай зарар бу Ғарбнинг, айниқса Ғарб махсус хизматларининг атайлаб қилган ҳаракатлари натижасидир, деган фитна назариясига ишониб келишган.

Ниҳоят мана нима содир бўлди: вақт ўтиши билан Путин ўз атрофидаги иқтисодий либералларни, сиёсий технологларни ва ҳаттоки нисбатан камроқ радикал бўлган кучишлатар тизимиздаги амалдорларни чиқиштирмай, қувиб солди. Унинг атрофида фақат бу инстинктларни кучайтирадиган «фитна назариётчилари» гуруҳидан одамлар қолди ва бундай фикрлар унинг онгини эгаллаб олди.

Бу шахсий ҳикоя. Бутун фожиа шундан иборатки, бир кишининг психологик эволюцияси туфайли бутун мамлакат тарихий нотўғри йўлга тушиб қолган. Бундан қандай сабоқ олиш мумкин?

Авторитар раҳбарлар ҳар доим ҳам оқилона қарорлар қабул қилади, деб таҳмин қилолмаймиз. Ва биз фақат ўзимизга рационал бўлиб туюлган таҳдидлардан ҳимоя қилиш йўлларини излай олмаймиз. Бемаъниларига (рационал бўлмаганларга) ҳам қарши туришга тайёр бўлишимиз керак.

Бундан ташқари, шахснинг ролини эътиборсиз қолдирмаслик керак. Мамлакатларнинг асосий хусусиятлари, айниқса марказлашган диктатура шароитида ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигига умид қилиб бўлмайди.

– Россиянинг постсовет давридан кейин ўзгаришида рус элитаси ичидаги империалистик норозилик катта роль ўйнаганлиги айниқса ҳозир аниқ кўриниб қолди. Баъзилар ҳатто Украинадаги уруш СССР парчаланишининг узоқ муддатли оқибати деб ҳисоблашади. Сиз бу фикрга қўшиласизми? Бунга йўл қўймаслик мумкинмиди ёки барча империялар худди шундай тарзда қулайдими?

-Жамиятнинг бир қисмида ҳар доим империянинг тугатилшидан афсусланиш кайфияти бўлади. Ва ҳар доим чегараларни қайта белгилашни хоҳлайдиган, қасос олишни истайдиган одамлар ҳам топилади. Баъзи ҳолларда улар жамият ёки сиёсий режимнинг жуда кичик ва энг таъсирли бўлмаган қисмини ташкил қилади, лекин баъзида улар муҳимроқ роль ўйнайди. Бундай овозлар доимо мавжуд бўлган, аммо яқин вақтгача Россияда улар кўп эмас эди. 1990 йиллар бошида Қрим борасидаги тарихий адолатсизлик ҳақида кўп гапирилди. Аммо Елцин бу гап-сўзларга муносабат билдирмади ва унинг режими Украина билан шартнома имзолаш орқали бунинг уддасидан чиқа олди.

Буюк Британия ҳам империя мақомини йўқотди ва бу 1956 йилда қуролли тўқнашувга – Сувайш инқирозига олиб келди. Аммо бу можаро қисқа бўлди ва катта миқёсда содир бўлмади. Бошқа ҳарбий оқибатлар ҳам бўлганди. Айтиш мумкинки, Фолкленд уруши Британия империясининг парчаланишидан кейинги зарба бўлди. Аммо буларнинг ҳеч бири биз ҳозир Украинада кўраётганимиз каби ўн минглаб инсонлар ўлимига олиб келмади.

Гражданская война в Боснии. Сараево после обстрела. 1 июня 1992 г. Фото: Jon Jones / Sygma / Getty Images
Босниядаги фуқаролик уруши. Оташкесимлардан сўнг Сараево . 1 июнь 1992 й. Фото: Jon Jones / Sygma / Getty Images

Кўп миллатли империяларнинг парчаланиши кўпинча зўравонлик билан бирга содир бўлишини ҳисобга олсак, Совет Иттифоқининг дастлабки қулаши ҳайратланарли даражда жуда тинч кечди. Ва бу Югославиядаги урушлар билан бир вақтда содир бўлди. Совет Иттифоқининг нисбатан тинч йўл билан парчаланиши ва Югославиядаги қонли воқеалар ўртасидаги қарама-қаршилик ҳақиқатдан ҳам ҳайратланарли. Аммо ҳозир бизнинг кўз ўнгимизда узоқ вақтдан кейин СССР парчаланишининг афтершоки содир бўлмоқда.

Россия билан нима бўлади

– Украинадаги уруш турли холатда тугаши мумкин: эҳтимол томонлар тинчлик шартномасини имзолайдилар ёки уруш музлатилган можаро босқичига ўтади. Иккала ҳолатда ҳам Россия учун қандай сценарийларни кўрмоқдасиз? Сизнинг фикрингизча, катта эҳтимолий натижалари қандай бўлади?

-Украина томони ҳар қандай оташкесим, музлатилган можарога ўтиш тинчликка олиб келмаслигини аниқ тушуниб етган. Бу Россия учун фақат қайта қуролланиш ва қайтадан урушни бошлаш учун имконият бўлади. Демак, Украина учун барқарор тинчликнинг ягона умиди Россияни мағлуб этиш ва ўз ҳудудида назорат ўрнатишдир. Ва, албатта, бу фақат Ғарбнинг қўллаб-қувватлаши ва Ғарб томонидан қуроллар етказиб берилиши давом этиши шарти билан амалга ошади. Фақат шу йўл билан Украина келажакдаги чегарасидаги ҳужумга уринишларини қарши туриши мумкин.

Россия билан нима содир бўлади? Бундай ҳолларда аниқ башорат қилиш жуда қийин. Ҳозир кўпчилик Путин режими қуласа нима бўлишини муҳокама қилмоқда. Бу қандай содир бўлиши мумкин? Кўпинча Путинга қарши давлат тўнтариши ёки режимнинг қулашига олиб келадиган қўзғолон бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирилади. Аммо кўпчилик бу иккала вариант ҳам бир қатор сабабларга кўра имконсиз эканлигига қўшилади.

Агар бир нечта ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган тузилмалар турли қўмондонлар томонидан бошқарилса ва уларнинг ҳар бири тўғридан-тўғри Путинга бўйсунадиган бўлса, раҳбарга қарши қўзғолонни ташкил қилиш жуда қийин. Путин шундай тузилма яратдики, унда ўз атрофидаги одамлар унга қарши тил бириктириши ўта хавфлидир. Шундай экан, бу ҳеч бўлмаганда яқин келажакда давлат тўнтариши эҳтимолини камайтиради.

Москва, Россия. 15 апреля 2022 г. Фото: Konstantin Zavrazhin / Getty Images
Москва, Россия. 15 апрель 2022 й. Фото: Konstantin Zavrazhin / Getty Images

Путин режими қандай тугаши мумкинлиги ҳақидаги энг мақбул сценарий бу бошқарув тузилмаларининг бутунлай қулаши. Режим гипермарказлашган: бир киши барча муҳим қарорларни қабул қилганда ёки ҳеч бўлмаганда барча муҳим қарорлар учун рухсат бериши керак бўлса, хатога йўқ қўйиши жуда осон бўлади.

Эҳтимол, санкциялар ва урушлар босими остида турли жойларда кичик инқирозлар бирлашиб, Кремлнинг узоқни кўра билмайдиган ҳаракатлари туфайли янада кучайиши мумкин. Ўз навбатида, бу Путинни қўллаб-қувватлашнинг заифлашишига, кенг аҳоли орасида ҳокимиятдаги кишилар энди назоратни қўлдан чиқариб юборди, улар ютқазмоқда, деган ўй-фикр пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бу эса режим ичида бўлиниш ва муқобил йўл топишга уринишларга олиб келиши мумкин.

– Россия ҳам Эрон каби ўнлаб йиллар давомида санкциялар остида қолишининг эҳтимоли катта. Бу муқаррар равишда россияликларнинг турмуш кечириш сифатининг секин-асталик билан ёмонлашишига, шу жумладан даромадларининг пасайишига олиб келади. Бу узоқ муддатли истиқболда Россиянинг демократлашув имкониятларини камайтирадими?

— Олдинда ўн йилликларни башорат қилиш қийин, лекин биз биламизки, дунё мамлакатларидаги иқтисодий ва ижтимоий модернизация вақт ўтиши билан демократияга ўтиш ва турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Путин модернизация унинг фойдасига эмаслигини тушунади. Унга макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш ва эҳтимол, замонавий қуролларни ишлаб чиқариш учун фақат айрим ўзига хос модернизация турлари керак бўлиши мумкин.

Аммо ижтимоий модернизация, қарашларнинг кенгайиши, либерал қадриятларнинг ўсиши, гуманитар фанлар соҳасидаги таълимнинг ривожланиши унга умуман керак эмас. Путин ижтимоий модернизацияни музлатиб қўйишга ёки ҳатто уни орқага қайтаришга ҳаракат қилмоқда. У оддий консерватив қадриятлар ва эски таълим тизими даврига қайтмоқчи ва бу эса одамларни ҳозирги ҳолат бўйича саволлар беришга ва таасуфланишга ўргатмайди.

Албатта, Путин Россия тараққиётини тўхтата олмайди. Бу инновациялар ва иқтисодиётнинг технологик даражаси нуқтаи назаридан уни 10-20 йилга ривожланишидан тўхтатиб қўйди. Аммо у одамларнинг мустақил равишда ўйлашини тақиқлай оладими? У таълим даражасини пасайтира оладими? Биз ҳали ҳам кўп сонли одамлар олий маълумотга эга бўлаётганини кўрмоқдамиз. Кремль ҳақиқатан ҳам ўқув дастурини талабалар мустақил фикрга эга бўлмайдиган ва Кремлга кўр-кўрона ишонадиган даражада назорат қила оладими? Мени бунга ишончим комил эмас.

У интернетни, ижтимоий тармоқларни, ҳозир кучайиб бораётган бу фуқаролик онлайн жамиятини назорат қила оладими? Яна бир бор,  эҳтимол ҳа. Хитой айнан шу билан шуғулланмоқда. Лекин у иш берадими? Билмайман. Путин фуқаролик жамиятининг ўсишига йўл бермаслиги керак бўлади. Чунки фуқаролик жамиятининг ўсиши бу режимга босим учун замин яратиб, мамлакатни демократик йўналишда ҳаракат қилишга мажбур қилади. Лекин, шу билан бирга, унинг кейинги 20, балки ҳатто 10 йил давомида ҳам шундай сиёсат билан ҳокимиятда қолиши мен учун, даргумон.

Дунё билан нима содир бўлади

2018-йилда сиз хавотирларни кенг тарқалишга қарамай, дунёда демократиянинг таназзулга юз тутиши кузатлмаганлигини таъкидловчи мақола эълон қилган эдингиз. Шу билан бирга, нодавлат ташкилотлар ва Freedom House каби таҳлил марказлари бунинг аксини таъкидладилар: уларга кўра, дунёда демократиялар сони камайиб бормоқда. Нега бундай турли хулосаларга келдингиз? Путин томонидан бошланган уруш бутун дунё бўйлаб демократияларнинг тарқалишига қандай таъсир қилиши мумкин?

– Ҳозир мен демократик лагерда кичик муваффақиятсизлик содир бўлди, деган бўлардим. Менимча, бу, қайсидир маънода, олдинги ўн йилликларда дунё бўйича демократик давлатлар сонининг кескин ўсишининг натижаси бўлса керак. Чунки, демократиянинг учинчи тўлқини деб аталадиган даврда – 1974 йилдан тахминан 2015 йилгача – дунёда демократик давлатлар сони кескин ошиб кетди. V-Dem берган маълумотларга кўра, дунёда демократик режимлар улуши 23 фоиздан 54 фоизга ўсган. Айни ўшалар берган маълумотларга кўра, 2015 йилдан бери демократик давлатлар улуши 54 фоиздан 50 фоизга камайган.

Ҳа, маълум бир чекланган миқдорда пасайиш бор, лекин фақат 1990 йиллар даражасигача: ўша пайтда эса гап либерал демократиянинг ғалабаси, «тарихнинг охири» ҳақида, жамиятда муқобил сиёсий моделларнинг йўқолиши ҳақида борган эди.

Биз вазиятни ҳушёрлик билан баҳолашимиз керак: ҳа, таназзул бор. Аммо биз бу кескин ўсиш кузатилганидан кейин содир бўлганлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Бундан ташқари, албатта ҳаммаси бўлмасада, аммо ушбу таназзулнинг бир қисми бўлган мамлакатларнинг аксарияти илгари ўртача демократик давлатлар қаторига қараган пайтларда иқтисодий жиҳатдан кам ривожланган эди.

Демократияни, биринчидан, иқтисодий ва ижтимоий модернизациянинг нисбатан юқори даражаси, иккинчидан, демократик давлат сифатида узоқ йиллик мавжудлик тажрибаси барқарорлашатиради ва мустаҳкамлайди, Демократиялар вақт ўтиши билан кучайиб боради. Хусусан, олдинга ташланган катта қадамдан кейин, кичик муваффақиятсизликни ҳам кўришимиз ажабланарли холат эмас.

Диктаторлар ва автократлар бу урушдан қандай сабоқ олишлари мумкин? Бу, масалан, Хитой ва Тайван ўртасида янги можароларга олиб келадими?

-Ҳаммаси уруш қандай якунланишига боғлиқ. Бутун дунёдаги диктаторлар бу урушни кузатмоқда. Унинг натижаси Си Цзинпин келгуси ўн йил ичида Хитой учун қайси ривожланиш йўлини танлашига боғлиқ. Агар уруш Путиннинг яққол мағлубияти билан якунланса, жаҳондаги етакчилар Ғарб ўзаро бирлашиб ҳаракат қилиши ва қўшниларидан ҳудудини тортиб олишга уринаётган тажовузкор етакчиларга қарши курашиши мумкин деган хулосага келишади.

Бошқа томондан, агар уруш музлатилган зиддиятга айланса ёки Россиянинг мутлоқ ғалабаси билан якунланса, яъни ўша босиб олинган ҳудудлар устидан назоратни кучайтириши мумкин, деган маъно билан якун топса, бу бутун дунёдаги автократларга куч бахшида этиб, уларда шунга ўхшаш нарса қилиши мумкин экан, деган фикрни туғдиради.

Ғарб буни назарда тутиши ва Украина ғалабасига зарур ҳисса қўшиши керак. Агар Киев мағлуб бўлса, Ғарб давлатлари мудофаа ва халқаро ҳуқуқий тартибни тиклаш учун анча кўпроқ маблағ сарфлашига тўғри келади.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг