Душанба кунги ҳолатга кўра Покистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 100 мингдан ошди. Бу мамлакатда сўнгги пайтлардаги касалланиш ҳолатларининг кўпайгани учун ҳукумат қатъий хавфсизлик чораларини қўллашни бошлади.
Ҳозиргача 103 671 киши коронавирус билан касалланган ва 2067 киши вафот этган Покистонда ўтган ойда иқтисодий сабаблар рўкач қилиниб карантин қоидалари бекор қилинганди. Аммо, оммавий транспорт фаолиятини тиклаш ва бозорлар, корхоналарни очишда амал қилиниши зарур бўлган қоидалар маълум қилинди. Жумладан,ниқоб тақиш ва ижтимоий масофани сақлаш мажбурий этиб белгиланди.
“Биз биринчи навбатда одамларни қоидалар билан таништирдик,кейин уларни огоҳлантирдик,энди бўлса расмийларга амал қилинмаётган қоидаларга қаттиқ эътибор беришларини айтдик. Сўнгги кунларда қоидаларга риоя қилмаётганликлари учун кўплаб бозорлар ва дўконлар ёпиб қўйилди”, дейди вазир Асад Умар.
Покистонда ўтган ўн кундан бери коронавирусга чалиниш ҳолатларининг кунлик рекорди янгиланиб келмоқда.Ҳар куни 23 минг киши текширилмоқда ва уларнинг 20 фоиздан ортиғида касаллик аниқланмоқда. 9 майда карантин чекловлари бекор қилинишидан олдин текширилганларнинг 10 фоизигагина COVID-19 ташхиси қўйилаётганди.
Реутерс ахборот агентлигининг статистикасига кўра, Покистон дунёда коронавирусга чалинганлар сони 100 мингдан ошган ўн олтинчи мамлакатга айланди.Аммо,расмийлар бу мамлакатда вирус тарқалишининг авж нуқтаси ҳали етиб келмаганини таъкидлашмоқда.