Reuters ахборот агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра,8 июлда дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони 12 миллиондан ошди.Ушбу пандемия етти ой ичида ярим миллиондан ортиқ одамни ҳаётдан олиб кетди.
ЖССТнинг маълум қилишича, ҳозиргача глобал миқёсда коронавирусни юқтириб олганлар сони бир йилда грипп касаллигига чалинадиганлардан уч бараварга кўпдир. Айни пайтда ушбу пандемиядан жиддий зарар кўрган кўплаб мамлакатлар карантин чекловларини юмшатаётган бўлса, бошқа мамлакатлар, жумладан, Хитой ва Австралия коронавируснинг қайта авж олаётгани сабаб яна қатъий чоралар кўришни бошлади. Экспертларнинг фикрига кўра, коронавирус вакцинаси тайёр бўлмагунча иш ва ижтимоий ҳаётдаги ҳозирги чекловлар давом этади.
Коронавирусга чалинган илк одам Хитойда январнинг бошида қайд этилганди. Шундан кейин касалланганлар сони 6 миллионга етгунга қадар 139 кун ўтди. Бу рақам икки баравар кўпайиб,12 миллионтага етиши учун эса атиги 39 кун керак бўлди холос.
Коронавируснинг илк қурбони Хитойнинг Ухань шаҳрида 10 январда қайд этилганди. Ҳозиргача дунё миқёсида 546 000 дан ортиқ коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳоллари қайд этилди. Бу эса гриппдан ўлганларнинг йиллик миқдорига тенгдир.
Ҳозирда касалланганлар ва ўлганлар сони бўйича АҚШ дунёдаги етакчи мамлакат ҳисобланади. Қўшма штатларда шу пайтгача 3 миллиондан ортиқ одам коронавирусни юқтириб олди ва уларнинг 130 мингдан кўпроғи вафот этди. Шунингдек, бу мамлакатда 3 июлда кунлик касалланиш бўйича рекорд ҳам қайд этилган бўлиб, бу куни 56 818 кишига CОVID-19 ташхиси қўйилди.