Доимий пропискани пуллашдан давлатга қанча фойда? Ёхуд нега ҳалиям 5%лик давлат божи кучда?

0
2355

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўзининг Телеграм канали орқали сарлавҳада қўйилган саволларга жавоб беришга ва ўз тахлилларини қуйидагича ифодалашга харакат қилиб кўрди.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун доимий прописка мана бир неча йиллардан буён актуал масала.

Бунақа расво тизимдан кимга нима фойдалигини ҳалигача тушунмайман (менда доимий прописка бор, аламзадаликдан айтмаяпман буни). Фойдани билмадиму, лекин иқтисодчи, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси Беҳзод Ҳошимов ҳаммуаллифликдаги мақоласида Тошкент пропискасининг иқтисодиётга салбий таъсири ҳақида яхши мақола (https://www.gazeta.uz/ru/2018/11/29/urbanization/) ёзганди.

Илгари доимий прописка шунчаки тўсиқ ва тақиқ бўлган бўлса, эндиликда ўзига хос бизнесга айланган.

Масалан, 2017 йил 19 июль куни «Тошкент Республикаси»дан бўлмаган «ажнабий» Ўзбекистон фуқаролари учун янги қоида (https://www.norma.uz/uz/qonunchilikda_yangi/yangi_qurilgan_uy-joydan_kvartira_sotib_olsangiz_-_toshkent_propiskasini_berishadi) кучга кирди: энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 бараваридан қимматроққа янги уй сотиб олганларга Тошкент пропискаси берилади. Ўша пайтда бу миқдор 374 млн сўмни ташкил этар эди. Бу қарор қиммат уй-жой қурадиган тадбиркорларнинг лоббиси эмас деб, ишонамиз.

Ушбу қарорда Ҳукумат нафақат элит тоифадаги тадбиркорлар, балки давлат бюджетини ҳам «унутиб қўймади». Яъни нотариуслар уй-жой олди-сотдисининг 5%и миқдорида давлат божи ундира бошлади. Ўша пайтда бу 18 млн 721 минг сўмни ташкил қиларди. Мўмай даромад, шундай эмасми?

Яқинда қарорга ўзгариш киритилди (https://t.me/xushnudbek/1198). Хусусан, эндиликда «Тошкент Республикаси»да доимий прописка олиш учун албатта ЭКИҲнинг 2500 бараваридан кам бўлмаган уй олиш тартиби бекор қилинди. Бунинг учун қиймати қанча бўлишидан қатъи назар қурилганига 3 йил бўлмаган кўчмас мол-мулк сотиб олса кифоя.

Аммо 5%лик давлат божи сақлаб қолинди. Камига давлат божи ЭКИҲнинг 10 бараваридан кам бўлмасин, дея белгилашди.

Бу нима дегани?

Масалан, маълумотларга қараганда, Сирғали туманида қурилаётган 72 кв.м майдонга эга ёшлар уйи 272 млн 862 минг сўмга баҳоланаётган экан. Келинг, худди шу уй учун давлат божи доимий пропискаси бор ва йўқлар учун қанчага айланишини ҳисоблаб кўрамиз.

Давлат божи ставкалари (http://lex.uz/docs/698065) бўйича, агар шу уйни доимий пропискага эга «Тошкент Республикаси» фуқароси сотиб олса, давлатга 202 минг 730 сўм бож тўлайди.

Худди шу уйни доимий пропискаси йўқ (балки Тошкентда 10 йилдан буён яшаётгандир ким билсин) бошқа фуқаро (у Ўзбекистон фуқароси, лекин Тошкентники эмас) сотиб олса, давлатга 13 млн 643 минг 100 сўм бож тўлайди.

Ҳукумат битта уй учун ўзининг фуқароларига (!) икки хил нархда бож белгилаяпти ва бу фарқ минг эмас, бир неча миллионларни ташкил этяпти. Ваҳоланки, иккаласи ҳам тенг ҳуқуқли фуқаро, иккаласи ҳам тенг солиқлар тўлайди, иккаласи ҳам сайловда бир хил овозга эга, иккаласининг ҳам бир хил паспорти бор.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мабодо ўша сотиб олинган уйни 3 йил ичида бошқа шахсга сотиш зарурияти туғилиб қолса (иссиқ жон, ҳаёт бешавқат, кимгадир “срочно” пул керак бўлиши мумкинку), унда бу ҳам икки хил баҳоланади.

Доимий пропискага эга «оқсуяклар» ўз уйларини 3 йил ичида сотмоқчи бўлса, давлатга яна ўша ЭКИҲ 1 баравари, яъни 202 минг 730 сўм бож тўлайди.

Лекин янги уй сотиб олиб, Тошкентда доимий пропискага эга чиққан Ўзбекистон фуқароси шу уйни 3 йил ичида бировга сотмоқчи бўлса, ЭКИҲнинг 400 баравари, яъни 81 млн 92 минг сўм (!!!) давлат божи тўлайди.

Яна қайтараман, бу иккиси ҳам Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаролари. Улар иккиси ҳам охирги вароғига «Ушбу паспорт эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир» деб ёзилган бир хил паспортга эга. Уларнинг асосий фарқи паспортининг 7-10 варағидаги штампларда холос. Минг афсуски, мана шу биргина штамп туфайли фуқароларнинг бири иккинчисидан 400 баравар қадрсизроқ.

Хуллас, шунақа гаплар. Қадри баланд «Тошкентликлар» ва қадрсиз «бошқа минтақалардан келганлар» яшаётган жамиятда инсон ҳуқуқлари ҳақида халқаро форумлар ўтказиляпти. Ва халқаро экспертлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлашда эришган ютуқларини мақташяпти. Ютуқларимиз бардавом бўлсин.

P.S.: Буларнинг барчаси дил тубидан отилиб чиққан ИМХОлар холос. Тағин кўнглингизга оғир олиб юрманг, уй қурувчилар…

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг